Афғонистонда энди иккита президент бор
9 март куни Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани сайловда ғолиб чиққани муносабати билан қасамёд қабул қилди. Бироқ унинг рақиби, сайлов натижаларини рад этган бош вазир Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам инаугурация маросими ўтказди.
Tolo News хабарига кўра, Ашраф Ғани президент саройида, Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса бош вазир қароргоҳида қасамёд қабул қилди. Биринчи маросимда расмий кишилар ва хорижлик дипломатлар, иккинчисида эса Абдуллоҳнинг тарафдорлари қатнашди.
Маълумотларга қараганда, Ашраф Ғани рақибига ҳукуматдаги ўринларнинг 40 фоизини ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказадиган кенгаш раислигини таклиф қилган. Бироқ Абдуллоҳ Абдуллоҳ бу таклифни рад этиб, сайлов натижаларини бекор қилиш талабини билдирган.
Афғонистонда президент сайлови 2019 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган эди. Расмий натижалар декабрда эълон қилинди ва Ашраф Ғани 50,6 фоиз, Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса 39,5 фоиз овоз тўплагани айтилди. Аммо Абдуллоҳ ўзини ғолиб деб эълон қилди.
Ашраф Ғани ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ 2014 йилдаги сайловда ҳам бир-бирига рақиб бўлган эди. Ўшанда ҳам Абдуллоҳ сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилган ва пировардида бош вазир лавозимини эгалланганди.