Дунё янгиликлари

Туркиянинг мегалойиҳаси — “Истанбул” канали қурилиши қачон бошланади?

Чоп этилди Mart 10, 2020 Туркиянинг мегалойиҳаси — “Истанбул” канали қурилиши қачон бошланади?da fikr bildirishni o'chirish

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон​ “Истанбул” канали қурилиши лойиҳасига яқинда тендер эълон қилинишини маълум қилди. Мазкур канал Босфор буғозини четлаб ўтиб, Қора ва Мармара денгизини ўзаро боғлайди.

Бундан аввал, Эрдўғон кемаларнинг Босфор бўғози орқали ўтиши тартиби тўғрисидаги Монтрё конвенцияси лойиҳалаштирилаётган “Истанбул” каналига жорий этилмаслигини айтган эди. Россиянинг Туркиядаги элчиси Алексей Ерховнинг таъкидлашича, Қора ва Мармара денгизи ўртасида “Истанбул” кўринишидаги қўшимча сув тармоғининг бўлиши Монтрё конвенциясининг халқаро-ҳуқуқ тартибини ўзгартирмайди.

“Мазкур канални лойиҳалаштириш муносабати билан биз барча кўринишдаги, жумладан геологик ва гидрологик тадқиқотларни ўтказдик, зилзила бўйича таҳлилларни ўргандик. 11 университетдан ва 34 та соҳа вакилларидан ташкил топган 200 дан зиёд олимлар ушбу лойиҳани ўргандилар. Биз уни ҳаётга жорий қилиш масаласига қатъий киришганмиз, яқин вақт ичида тендер эълон қилинади“, — деди Режеп Таййип Эрдўғон Истанбулда чиқиш қилганида.

Эрдўғон илк бор 2011 йилда, ҳали бош вазир пайтида ушбу каналнинг аҳамияти ҳақида гапирган эди. Босфор бўғозини четлаб ўтиб икки денгизни боғлайдиган янги сув тармоғи лойиҳаси ҳаётга жорий қилинса, у Туркия тарихидаги энг йирик инфратузилма ташаббуси бўлади. Мамлакатнинг транспорт ва инфратузилма вазири Жахит Турханнинг айтишича, каналдан олинадиган фойда йилига 1 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.