Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарёда 4 та янги туристик маршрут ташкил этилади

Чоп этилди Mart 10, 2020 Қашқадарёда 4 та янги туристик маршрут ташкил этиладиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳазрати Султон тоғи, Сувтушар шаршараси, динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари янги туристик маршрутга айлантирилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 94-сонли қарорининг 3-бандида белгиланган вазифаларга кўра амалга оширилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати маълумотига таяниб «Nasafnews» мухбири ёзмоқда.
-Мазкур ҳудудларда зиёрат туризми ҳамда экологик туризмни ташкил этиш учун зарур инфратузилма яратилади, -дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Нуъмон Райимқулов. –Шунингдек, ҳудудга инвесторлар ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларни жалб этиш чораларини кўриш ҳам белгилаб берилган.
Таъкидлаш жоизки, янгидан асос солинаётган туристик маршрутлар яқинидаги қишлоқ ва маҳаллаларда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилади. Бу эса Қашқадарёнинг сўлим ҳамда бетакрор гўшаларида тунаб қолиш истагини билдирган, шу аснода миллий анъаналаримиз, маданиятимиз билан танишишни истаган хорижий ва маҳаллий туристларга қулай имкониятларни тақдим этади.