Эгарда яхши ўтира олмайдиган Жарир (розияллоҳу анҳу)нинг от устида мустаҳкам ўтириши
Жарир Бажалий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
«Мен отда мустаҳкам ўтира олмас эдим. Бу ҳолимдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан кўксимга урдилар, ҳатто кўксимда у зоти муборакнинг қўл изларини кўрдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим, уни (эгарда) мустаҳкам қилгин ва уни ҳидоят топган ва ҳидоятга бошлайдиган киши қилгин”, деб менинг ҳақимга дуо этдилар. Шундан сўнг бирор марта ҳам отдан йиқилмадим»[1].
Имом Бухорий ва Имом Муслим бу ҳадисни қуйидагича ривоят қилган:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Биз учун Зул Халасани (бут-санам) йўқотмайсанми?” дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, отда яхши ўрнашиб ўтиролмайман”, дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим, уни (эгарда) мустаҳкам қилгин ва уни ҳидоят топган ва ҳидоятга бошлайдиган киши қилгин”, деб дуо қилдилар. У жойга бир юз эллик нафар отлиқлар билан бордик ва у бутни ёқиб юбордик»[2].
[1] Абу Нуъайм ривояти.
[2] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм