Жаноза намозининг ўқилиш вақти
Намоз ўқишдан қайтарилган беш вақтда жаноза намозини ўқиш макруҳи таҳримийдир. Бу беш вақт: қуёш чиқаётган, тикка келган, ботаётган, ҳамда бомдод намозидан кейин то кун ёришгунгача ва аср намозидан кейин то қуёш ботгунга қадар вақтлардир[1].
Масжидда жаноза намозини ўқиш
عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: لَمَّا تُوُفِّيَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ قَالَتِ عَائِشَةَ: ادْخُلُوا بِهِ الْمَسْجِدَ حَتَّى أُصَلِّيَ عَلَيْهِ فَأُنْكِرَ ذَلِكَ عَلَيْهَا فَقَالَتْ: مَا أَسْرَعَ مَا نَسِيَ النَّاسُ وَاللهِ لَقَدْ صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى ابْنَيْ بَيْضَاءَ فِي الْمَسْجِدِ سُهَيْلٍ وَأَخِيهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.
Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъд ибн Абу Ваққос вафот этганда Оиша:
«Уни масжидга олиб киринглар, мен ҳам унга жаноза ўқийин», деди. Унинг бу гапи инкор қилинди. Шунда у:
«Одамлар қандоқ ҳам тез унутадилар-а! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байзоънинг ўғиллари, Суҳайл ва унинг укасига масжидда жаноза ўқиганлар», деди». Бешовларидан фақат имом Бухорий ривоят қилмаган.
Ушбу ривоятдан масжидда жаноза намози ўқиш жоизлиги келиб чиқади. ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳумларга ҳам жаноза масжидда ўқилган.
Шунингдек, ушбу ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг фазллари, ҳурматлари ва илмлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Яна аёл киши ҳам жаноза ўқиши маълум бўлмоқда.
Ҳанафий мазҳабида жаноза намозини масжиднинг хонақоҳига маййитни қўйиб олган ҳолда ўқиш макруҳ ҳисобланади[2]. Чунки масжид ифлосланиши мумкин[3]. Маййит масжид ташқарисида бўлиб, қавм ичкарида турган ҳолда жаноза намозини ўқиш борасида уламолар ўртасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилари макруҳ бўлади, дейишган.
Мақбарада, мозорларда ҳам жаноза намозини ўқиш макруҳдир.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – عَنِ الصَّلاَةِ فِى سَبْعَةِ مَوَاطِنَ: الْمَقْبُرَةِ وَالْمَجْزَرَةِ، وَالْمَزْبَلَةِ وَالْحَمَّامِ، وَمَحَجَّةِ الطَّرِيقِ، وَظَهْرِ بَيْتِ اللَّهِ تَعَالَى، وَمَعَاطِنِ الإِبِلِ.
Абдуллоҳ бн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етти жойда жаноза намозини ўқишдан қайтарганлар: гўнг уюми устида, ҳайвон сўйилган жойда, мақбарада (мозорда), йўл ўртасида, ҳаммомда, Каъбанинг устида, туялар турадиган жойда”[4].
[1] Ваҳба Зуҳайлий. Ўша манба, 501-бет.
[2] Тоҳир ибн Аҳмад. «Хуласотул-фатово». 1-Жилд, 223-бет.
[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 508-бет.
[4] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Ас Сунанул Кубро”. Ҳиндистон. Ҳайдаробод. “Маорифун Низомия”. 1-босма 1344ҳ. й. 2-жуз 329-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан