Мақолалар

Мавлавий Ғулом Сарвар Ҳамадоний ҳақида[1]

Чоп этилди Mart 13, 2020 Мавлавий Ғулом Сарвар Ҳамадоний ҳақида[1]da fikr bildirishni o'chirish

«Хазинат ул-асфиё» («Мусаффо кишилар ха­зинаси») асари Мавлавий Ғулом Сарвар ибн муфтий Ғулом Муҳаммад ал-Лоҳурий қаламига мансуб форсий тилда ёзилган ва икки жилддан иборат асардир.

Унда Қодирия, Чиштия, Нақшбандия, Мужаддадия каби тариқатларга мансуб 712 та шайхнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Асар 1902 йи­ли Конпурда тошбосма усулида нашр этилган.

Асарнинг тўртинчи махзани (боби) нақшбан­дия тариқатига бағишданган. Муаллиф сўзни Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан бошлайди. Унда Ҳамадоний, унинг тўрт халифалари Баррақий, Андоқий, Яссавий ва Ғиждувонийлар, сўнг Ғиждувонийнинг халифалари, Нақшбанд ва унинг халифалари ҳақида баён қилинган. Муаллиф негадир Яссавия тариқатининг вакилла­рини ҳам Нақшбандияга қўшиб юборган. Муал­лиф асарда Али Сафийнинг «Рашаҳот» китобидан кенг фойдаланган. Қуйида Ҳамадоний ҳақидаги маълумотлардан намуналар келтирилади.

Хожа Юсуф Ҳамадоний

Отасининг номи Айюб, куняси эса Абу Яъқуб эди. Асли Ҳамадондандур. Иродат нисбати Шайх Абу Али Формадийга эди. Шайх Абу Исҳоқ Шерозий, шайх Абдуллоҳ Жувайний ва шайх Ҳасан Симнонийдан ҳам таълим олганди. Ўн саккиз ёшида Ҳамадондан Бағдодга келди. Ва мавлоно Абу Исҳоқдан фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларини ўрганди. Ва ғавсул Аъзам Муҳиддин Абдулқодир Жилоний (Аллоҳ сирини муқаддас қилсин) мажлисларида қатнашиб, унинг файзидан баҳраманд бўлди. Ва Абу Ҳанифа мазҳабини танлади. Бундан сўнг Исфаҳонга келди ва илм таҳсилига киришди. Абдуллоҳ Жувайнийдан тариқат хали­фалиги хирқасини кийди. Ва шайх Ҳасандан ҳам табаррук хирқа олди. Ва яна Шайх Абу Али Формадий хизматига етишди. Ва юксак камолга эришди. Улуғ авлиёлардан ва машойиҳи изом­лардан бўлди. Имом Ёфиъий тарихида айтилганки, Хожа Юсуф Ҳамадоний қол ва ҳол соҳиби – комил авлиёлардан эди. Бағдод, Ироқ, Исфаҳон, Ху­росон, Бухоро ва Самарқандда улуғ шайхлардан таълим олиб, халққа катта фойдалар етказди. Бир муддат Марвда яшади. Ундан кейин Ҳиротга келди. У ерда бир муддат қолди. Ва яна у ердан Марв­га қараб йўл олди. Марвда вафот қилди[2].

Ул зотнинг туғилган йили 440/1048 ёки 441/1049 йилда эди. Марв йўлида вафоти ҳақида хабар берган кишилар иттифоқига кўра, бу воқеа 534/1139 йили, “Рашаҳот” муаллифининг сўзла­ри бўйича 535/1140. “Мухбир ул-восилийн” муаллифига кўра, 536/1141 йили юз берган. Аввал Ҳиротга яқин жойга дафн этилган. Сўнг муридларидан шайх Ибн ат-Тужжор пирининг жасадини Марвга келтириб кўмган.

Муаллифдан:

Ҳама дону, ҳама хон – Юсуфи Ҳамадонки, зоти ў,

Ба ҳусну суврату маънист бешак Юсуфи соний.

Пайи тавлиди покаш «Суфийи Маҳмуд Юсуф» гў,

Дигар таърихи тавлидаш бихон «мақбули Раббоний».

Зи “маҳдийи нури дин” Юсуф бихон таърихи тарҳийлаш,

Ҳам олийжоҳу олийқадр васли ўст, эй жоний.

Аён гардад зи «Юсуф шоҳи диний» соли васли ў,

Дигар ҳам Юсуфи фақр аст, эй Сарвар, агар доний.

Дигар хоҳий ту таърихи саҳиҳи иртиҳолаш,

Бигу Юсуф Абу Яъқуб бин «Айюби Ҳамадоний».

Мазмуни:

Ҳамма нарсани билувчи ва ҳаммасини ўқиган Юсуф Ҳамадонийнинг зоти,

Ҳусн, суврат ва маънида, шубҳасиз, иккинчи Юсуфдир.

Пок таваллудлари пайида “сўфий Маҳмуд Юсуф” дегин,

Яна туғилиш тарихини «мақбули Раббоний» деб ўқи.

Дин нурининг маҳдийси, олийқадр ва олийжоҳ,

Юсуфнинг тарихи, “Юсуф шоҳи дин”дан маълум бўлади.

Яна “Юсуфи фақраст” сўзидан ҳам, эй Сарвар, аён бўлади,

Агар унинг вафот йилини ҳақиқий тўғрисини билишни истасанг,

«Юсуф Абу Яъқуб бин Айюб Ҳамадоний» деб  айт[3].

[1]Мавлавий Ғулом Сарвар. “Хазинат ул-асфиё”. Мазкур асар. 529–530-б.

[2] Бу асарда ҳам шу жойдан бошлаб муаллиф шайх Нажибуддин Бузғиш Шеърозийнинг Юсуф Ҳамадонийнинг туш кўргани воқеа­сини баён қилган. (С. С.)

[3] Бу ерда абжад ҳисоби бўйича 2-байтдан туғилган йили 441/1049 чиқади. Тўртинчи ва бешинчи байтдан эса вафот санаси 534/1139, 536/1141 йиллар чиқади.

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони, Одоби тариқат, Коинот ва инсон ҳақида” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 9000 сўм