Термизда фольклоршунос олим, бахши, оқин ва жировлар жам бўлмоқда
Бугун Термизда “Бахшичилик ва достончилик санъати: муҳофаза, тадқиқот ва тарғибот масалалари” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бошланади.
Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган анжуман Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ҳамда Республика бахшичилик санъати маркази давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Унда Ўзбекистон Фанлар академияси ва Термиз Давлат университети олимлари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган бахши, оқин ва жировлар, бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшаётган мутахассислар иштирок этиб, бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизнинг ноёб намуналари бўлган халқ оғзаки ижоди дурдоналарини муҳофаза этиш, тадқиқот ва тарғибот қилиш юзасидан атрофлича фикр алмашади. Соҳада мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, биргаликда уларнинг ечимини излайди. Республика бахшичилик санъати марказида ташкил этилган Бахшичилик санъати экспозицияси музейи билан танишади.
– Мамлакатимизда бизгача яшаб, эл дарду-ташвишларини, қувончларини куйлаб ўтган бахши-шоирларимиз ҳаёти ва ижодини янада чуқурроқ ўрганиш, ноёб достонларимизнинг мазмун-моҳиятини кенг таҳлил қилиб, дунёга тараннум этиш ва ёшларимиз онгу-шуурига сингдириш сўнгги йилларда муҳим вазифа сифатида белгилаб олинган, – дейди Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. – Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида ўтган йили Термиз шаҳрида ташкил этилган илк Халқаро бахшичилик санъати фестивали бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди. Эртага ўтказиладиган йирик анжуманга ҳам пухта ҳозирлик кўрдик. Бу халқимиз минг йиллардан буён эъзозлаб келган санъатнинг ноёб қирраларини кашф қилиш ҳамда келгуси фестивални янада юқори савияда ўтказишга хизмат қилади.
Анжуманда шунингдек, ёш бахшиларнинг ижодий чиқишлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмалари ташкил этилади.