Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш
Улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишни Аллоҳ таоло буюрган. Қуръони каримда бундай дейилади:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтур. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56)
Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтар экан, биз айтмасак қандай бўлади?
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалсин”, дедилар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ бир фариштани яратиб, унга бутун халойиқ овозини эшитиш имконини берган. У қиёмат кунигача қабрим тепасида тик туради. Умматимдан ким менга салавот айтса, бу фаришта менга: “Эй Муҳаммад! Фалончи ўғли фалончи сизга салавот айтди”, деб хабар беради”», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ҳам, унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуо–салавот айтурлар”, деган оят ҳақида бизга хабар беринг», дейишди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу беркитилган илмдандир. Агар сизлар сўрамаганингизда эди, у ҳақда хабар бермасдим. Аллоҳ менга иккита фариштани вакил қилган. Бирон мусулмон киши ҳузурида зикр қилинсам–у, у менга салавот айтса, ўша икки фаришта унга: “Сени Аллоҳ мағфират қилсин”, дейди ва бошқа фаришталар: “Омин”, дейди. Бир мусулмон олдида зикр килинсам–у, у менга салавот айтмаса, икки фаришта: “Сени Аллоҳ мағфират қилмасин”, дейди, қолган фаришталар: “Омин”, дейди», дедилар.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли у ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда йиртилади”, дедилар.
Ҳикоя қилинишича, солиҳлардан бири ташаҳҳудда ўтириб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишни эсдан чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни тушида кўрди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ундан: “Нима учун менга салавот айтишни унутдинг?” деб сўрадилар. У: “Аллоҳга ҳамду сано айтиш ва Унга ибодат қилиш билан машғул бўлиб, салавот айтишни унутибман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, амаллар ва дуолар менга салавот айтилмагунича ушланиб қолади. Агар банда қиёмат куни бутун дунё аҳлининг амали билан келса-ю, менга салавот айтмаган бўлса, унинг амаллари рад қилинади”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда: “Қиёмат куни менга нисбатан инсонларнинг энг ҳақлироғи менга кўп салавот айтганидир”, дейилган.
Зоҳидлардан бири тушида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрди. Зоҳид Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланса, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қарамадилар. “Ё Расулуллоҳ! Сиз мендан хафамисиз?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ”, дедилар. Зоҳид: “Мени танимаяпсизми? Мен фалончи зоҳид бўламан”, деганида, “Сени танимадим”, дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ! Мен уламоларнинг: “Пайғамбаримиз умматларини худди ота–она боласини танигандек танийди”, деганларини эшитганман», деганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уламолар тўғри айтибди, пайғамбар умматини ота–она боласини таниганидан ҳам яхшироқ танийди. Яъни пайғамбарига кўп салавот айтган умматини”, деб жавоб бердилар.
Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олдимга Жаброил келди ва: “Эй Муҳаммад! Сизга ким салавот айтса, унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Кимга фаришталар салавот айтса, у жаннатий бўлади”, деди”, дедилар».
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «У киши тушида Абу Асмони кўрди. Ундан: “Эй Абу Асмо, Аллоҳ сенга кандай муомалада бўлди?” деб сўради. “Мени мағфират қилди”, деди. “Нима сабабли?” деб сўради. У: “Қачон ҳадис айтсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтардим”, деб жавоб берди».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Олдимга Жаброил, Микоил, Исрофил ва ўлим фариштаси келди. Жаброил (алайҳиссалом): “Ё Расулуллоҳ! Ким сизга бир кунда ўн марта салавот айтса, қиёмат куни мен унинг қўлидан ушлаб, сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказиб қўяман”, деди. Микоил (алайҳиссалом): “Мен уни сизнинг Ҳавзи Кавсарингиздан суғораман”, Исрофил (алайҳиссалом): “Мен эса бошимни саждага қўяман, токи Аллоҳ уни мағфират қилмагунча кўтармайман”, деди. Ўлим фариштаси: “Мен унинг жонини пайғамбарнинг жонини олгандек енгил оламан”, деди». Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ бир тоифа фаришталарни яратган, уларнинг қўлларида олтиндан қалам, кумушдан дафтарлари бор. Улар фақат менга ва аҳли байтимга айтилган салавотларнигина ёзади”, дедилар.
Ҳикоя қилинишича, бир яҳудий туҳмат қилиб, мусулмон киши унинг туясини ўғирлаганини даъво қилди. Бунга мунофиқлардан тўрт нафари ёлғон гувоҳлик берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяни яҳудийга қайтаришга ва мусулмоннинг қўлини кесишга буюрдилар. Мусулмон киши ҳайратда қолди ва бошини осмонга кўтариб: “Эй Раббим! Албатта, бу туяни мен ўғирламаганимни биласан!” деди ва: “Ё Расулуллоҳ! Албатта, сизнинг ҳукмингиз ҳақ, лекин бу туядан мен ҳақимда сўранг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй туя, сен кимникисан?” дедилар. Туя фасоҳатли тил билан: “Ё Расулуллоҳ! Албатта, бу мусулмонникиман. Бу гувоҳлар ёлғончидир”, деди. Шунда Набий (алайҳиссалом): “Эй мусулмон! Сен нима амал қилган эдинг, Аллоҳ сенинг ҳақлигингни исботлаш учун туяни гапиртирди?” деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Мен ҳар кеча ухлашдан аввал сизга ўн марта салавот айтаман”, деб жавоб берди. “Менга айтган салавотинг туфайли бу дунёда қўлинг кесилишидан нажот топдинг, охиратда эса азобдан нажот топасан”, дея марҳамат қилдилар Набий (алайҳиссалом).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким эрталаб ўн марта ва кеч киргач ўн марта менга салавот айтса, қиёмат куни Аллоҳ уни улкан даҳшатдан омонда сақлайди ва у пайғамбарлар, сиддиқлар билан бирга бўлади”, дедилар.
Суфён Саврий айтади: «Ҳажга борган вақтимда Ҳарамда бир кишини кўрдим, у Макканинг қайси тарафида бўлмасин, тавофдами, Арафотдами, Минодами, фақат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтарди. Мен унга: “Эй инсон, ҳар бир мақомнинг зикр ва дуоси бор. Сенга нима бўлди, дуо ҳам, зикр ҳам қилмасдан, фақат салавот айтяпсан?” дедим. У: “Бунинг қиссаси бор”, деди. “Менга унинг хабарини бер”, дедим. У: “Хуросондан Маккага ҳаж қилиш учун чиқдим. Мен билан бирга отам ҳам бор эди. Куфага келганимизда отам касал бўлиб, вафот этди. Унинг кийими билан юзини ёпдим. Сўнг юзини очсам, эшакнинг суратига ўхшаб қолганини кўрдим. Бундан қаттиқ қайғурдим. Бир пайт ухлаб қолибман. Тушимда бир киши олдимизга келди, унинг юзида ниқоб бор эди. У киши ниқобини юзидан олди ва менга: “Нега бунчалик ғамгинсан?” деди. “Бу мусибат сабабли нега ғамгин бўлмайин”, дедим. У отамнинг олдига борди ва юзини силади, натижада отам балоланган нарсасидан қутулди. Бориб юзига қарасам, юзи тўлин ойдек порлаб турибди. Шунда мен у кишига: “Кимсиз?” дедим. У киши: “Мустафоман”, деди. Шунда мен у кишининг ридоларидан ушлаб: “Худо ҳаққи, менга бу қисса хабарини беринг”, деб сўраганимда,“Сенинг отанг ҳаётлик вақтида ҳар кеча ухлашдан аввал менга юз марта салавот айтарди. Лекин отанг судхўр бўлган. Аллоҳнинг ҳукмида судхўрни бу дунёда ёки охиратда эшак суратида қилиш бордир. У менга салавот айтгани сабабли, умматимнинг амалларини арз қиладиган фаришта келиб, отангнинг ҳолатини билдирди”, дедилар. Шундан кейин мен Аллоҳ отамни мағфират қилишини сўраб, ҳар кеча Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юз марта салавот айтишни одат қилдим».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олдида зикр қилинсам–у, менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир”, дедилар.
У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ким менга бир марта салавот айтса, гуноҳи қолмайди”.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳини ўчириб, мартабасини ўн даража кўтаради”, дедилар.
Подшоҳлар ўзларини яхши кўрган ва ҳурмат қилган одамларни яхши кўради. Аллоҳ эса Моликул мулк (яъни подшоҳларнинг подшоҳи) ва У бу карамга барчадан кўра лойиқдир. Шундай экан, ким Унинг ҳабибига салавот айтиб шарафласа, Аллоҳ тарафидан иззат-икромга, раҳматга, гуноҳлари кечирилишига ва даражаси кўтарилишига ҳақли бўлади.
“Соллаллоҳу ала Муҳаммад” сўзининг маъноси — Аллоҳ у кишининг шариатини ғолиб этиш ва зикрини олий қилиш билан бу дунёда улуғласин ва охиратда умматни шафоат қилишларига изн берсин, деганидир.
Салавот айтишдан мақсад, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, амрига таслим бўлиш ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларини ўташдир. Салавотнинг энг мақбули ҳар сафар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларини эшитганда айтишдир. Ҳар доим, эртаю кеч, айниқса, жума кунлари салавотни кўпайтириш оқил кимсага вожибдир.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади. Ким у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сўкса, Аллоҳ таоло уни ўн марта сўкади. Валид ибн Муғийрага қарамайсизми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сўкканда Аллоҳ таоло уни ўн марта лаънатлади”.
Иброҳим ибн Адҳам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан “Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан” ояти хусусида сўраб, биз дуо қиламиз–у, ижобат бўлмайди, дейишганида у киши: “Қалбларингиз ўнта нарсадан ўлган”, деди:
- Аллоҳни танийсизлар-у, ҳаққини адо қилмайсизлар.
- Аллоҳнинг китобини ўқийсизлар-у, лекин унга амал қилмайсизлар.
- Иблисни душман деб даъво қиласизлар, аммо уни дўст қилиб оласизлар.
- Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъво қиласизлар, лекин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўллари ва суннатларини тарк қиласизлар.
- Жаннатни яхши кўришни даъво қиласизлар, аммо унга кириш учун амал қилмайсизлар.
- Дўзахдан қўрқишни даъво қиласизлар, лекин гуноҳлардан тўхтамайсизлар.
- Ўлим ҳақ деб даъво қиласизлар, бироқ унга тайёргарлик кўрмайсизлар.
- Бошқаларнинг айби билан машғул бўласизлар, аммо ўз айбингизни сезмайсизлар.
- Аллоҳнинг ризқини ейсизлар-да, унга шукр қилмайсизлар.
- Ўликларингизни дафн қиласизлар-у, ундан ибрат олмайсизлар.
Ҳа, азизлар! Оддийгина бир–икки оғиз сўз билан кўплаб савоб ва мукофотларни қўлга киритишимиз учун бебаҳо васият ва ҳадисларини қолдириб кетган оламлар сарвари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳар қанча салавот айтсак кам.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм