Фойдали илм талаб қилишнинг фазилати
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам…» (Оли Имрон, 18).
Ояти каримада Аллоҳ таоло аввал ўзининг Зоти покини, сўнгра фаришталарни, кейин эса аҳли илмни зикр қилмоқда. Бу мақом ва мақтов Раббимиз томонидан аҳли илмларга нисбатан юксак шараф, бемисл фазл, олий бир даража бўлиб, аҳли илм зиммасига жуда катта масъулият юклайди.
Навбатдаги оят:
«…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур[1]…» (Мужодала, 11).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Уламо зотларнинг даражалари мўмин бандалардан етти юз даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси беш юз йиллик йўл масофасичадир”, деган.
Бу оят ва ҳадис аҳли илмнинг даражаси ва мақомининг улуғлиги нақадар баланд эканини очиқ-ойдин баён қилиб келмоқда. Қуйидаги оятда эса Аллоҳ таоло илм аҳли нимага қодир бўлганини ҳам баён қилади:
“Китобдан (Исми Аъзамдан) хабардор бўлган зот[2] эса: “Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман”, деди…» (Намл, 40).
Бу ўринда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг котиби Осиф ибн Бархиё ҳақида хабар берилмоқда. Унинг Аллоҳ таоло инъом қилган илм кучи билан кўп ғаройиб ишларга қодир бўлганига ишора қилинмоқда. Илм аҳлининг қанчалик фазилат соҳиби экани ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мана бу ҳадиси шарифларида бундай дейилган: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
“Кимга Аллоҳ хайр (яхшилик)ни мурод айласа, уни динда фақиҳ қилади” (Муттафақун алайҳ).
“Олимга осмонлар ва заминдаги нарсалар истиғфор айтади” (Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло томонидан маъсум хилқат этиб яратилган фаришталарнинг истиғфор айтишининг ўзиёқ қанчалик улкан бахту саодатдир. Олимлар ўзларининг, аҳлининг ва ўзгаларнинг манфаати учун Аллоҳ йўлида холисона илм ўрганиб, унинг амалида собит турсалар, бу меҳнатларига мукофот ўлароқ, фаришталар у зотлар ҳақига истиғфор айтиш билан машғул бўларкан.
Бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: “Олим зотнинг обид кишига нисбатан фазли асҳобларимдан энг қуйидагисига нисбатан менинг фазлим кабидир” (Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан Имом Термизий ривояти).
Асарларда келтирилади:
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Кумайлга: “Эй Кумайл! Илм мол-мулкдан яхшироқ. Илм сени қўриқлайди, сен эса молни қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол-мулк эса маҳкумдир. Молни сарфлаш уни камайтиради, илмни сарфлаш, бировларга ўргатиш эса уни кўпайтиради”, деди.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: “Олим киши кундузи рўза тутувчи, кечаси тоат-ибодат билан бедор бўлувчи ва мужоҳид кимсадан ҳам афзалдир. Агар олим вафот этса, исломда тирқиш ҳосил бўлади ва уни ҳеч беркитиб бўлмайди. Унинг ўрнини фақат янги етишиб чиққан олимгина тўлдира олади”.
Абу Асвад Дуалий айтади: “Илмдан азиз нарса йўқ, подшолар одамлар устидан ҳоким бўлур, олимлар эса подшолар устидан ҳокимдирлар. Чунки бошлиқлар халқ устидан ҳукм юритурлар ва бошлиқлар устидан олимлар ҳукм юритур”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Сулаймон ибн Довуд (алайҳиссалом)га илм, мол ва подшоҳликдан фақат биттасини танлаш ихтиёри берилди. Ул зот илмни танладилар. Оқибатда эса ул зотга мол-мулк билан бирга подшоҳлик ҳам берилди”.
Ибн Муборак (розияллоҳу анҳу)дан: “Инсонлар кимлар?” деб сўралди.
– Уламо зотлар.
– Подшоҳлар кимлар?
– Зоҳидлар.
– Эси паст, аҳмоқ кимсалар-чи?
– Дини бирла дунёни егувчилар (яъни, дунёни деб динини сотувчилар).
Илм Аллоҳнинг нуридан бўлган чўғдир. Аллоҳ нурни очувчи, ёритувчи, иссиқлик ва қувват ҳосил қилувчи қилиб яратган. Илм ҳам нур каби яхшиликни ёритиб кўрсатиб берувчи, ёмонликни фош қилувчи, нафс истакларига қарши курашишда қувват манбаи ва бошқаларга нисбатан меҳр кўрсатишда илиқлик ҳосил қилувчидир.
Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фарзлардан сўнг илм талаб қилишдан афзал нарса йўқ. У эсанкираб қолган кишини тўғри йўлга бошловчи нурдир”, дейди.
Аллоҳ таоло илм талаб қилишга ундаб, айтади:
«…Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба, 122).
Шунингдек, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илм талаб қилишга ундаб:
“Ким илм талабида уйидан чиқса, у (уйга) қайтгунича Аллоҳ йўлидадир”, дедилар (Термизий ривояти).
“Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини (топишни) енгил қилади. Фаришталар қанотларини толиби илмнинг оёғи остига пояндоз қилиб тўшайдилар. Олим ҳақига осмонлар ва Ердаги барча нарсалар истиғфор айтур. Ҳатто сувдаги балиқлар ҳам. Олимнинг обидга нисбатан устунлиги ойнинг юлдузларга нисбатан фазилатига ўхшашдир. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қолдирмайдилар, улар илмни мерос қолдирадилар. Ким уни тутса, тўла насибасини олибди” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Мадинадан Мисрга ўн саҳобий билан бирга сафар қилди. Улар Абдуллоҳ ибн Унайс Ансорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўзлаган ҳадисни эшитиш учун бир ойлик йўл юришди.
Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Агар бирон киши тўғри йўлга бошловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи бир сўз учун Шомдан Яманнинг бир четигача сафар қилса, сафари зое бўлмабди”, деган.
[1] Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расул (а.с.)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган (Мд.).
[2] У зот Сулаймон (алайҳиссалом)нинг котиби Осиф ибн Бархиё эди. У «Исми Аъзам»ни билар ва уни ўқиб дуо қилса, ижобат бўларди. Исми Аъзам: “Ё Ҳайю, ё Қайюм! Ё Зал-жалали вал-икром!” ёки “Ё илаҳана ва илаҳа кулли шайъин илаҳан ваҳидан. Ла илаҳа илла Анта”. Валлоҳу аълам.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм