Бобур Мирзонинг фиқҳий салоҳияти
Ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мубайян” асари темурийлар даври ижтимоий, диний маданиятининг кўркам ифодаси, Бобур Мирзо фиқҳий илмларининг зубдаси, “Волидийя” рисоласи назмий таржимаси эса шоҳ Бобур маънавий ҳоли ва тасаввуфий қарашларининг ҳужжати, буюк нақшбандия шайхи ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан ўзи ўртасидаги маънавий иртиботлар василасидир.
Бобур Мирзо – беназир фақиҳ
“Саҳиҳи Бухорий”нинг “Илм китоби” 14-боб, 71-ҳадисида ҳазрат Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди…” (Муттафақун алайҳ).
Ана шундай фақиҳлик шарафига эга бўлган зотлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларидир. Шоҳ Бобур «Мубайян» китоби орқали буюк фақиҳ зот эканини намоён этади.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида ҳам бир неча ўринда нозик фиқҳий масалаларга тўхталиб ўтади. Жумладан, тўққиз юз ўттиз бешинчи (1528) йил воқеаларида масофа ўлчов бирлиги бўлган ҳиндча “куруҳларни мил (ўлчов бирлиги) билан тайин қилинди” дейди ва шу ўринда “Мубайян” асаридан уч байт келтириб, унда ўлчов бирлигининг арабча, туркийча, форсча, ҳиндча – мил, куруҳ, қадам, қари, тутам, элик, жави арзий каби еттита истилоҳини қўллайди.
“Мубайян” асари таянган манбалар
Таҳқиқ натижасида шунга шоҳид бўлдикки, “Мубайян” асарининг “Эътиқодиййа” (“Имон-эътиқод”) бобидаги исломий ақоид масалалари биринчи навбатда ҳазрат Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул-акбар” (“Энг улуғ фиқҳ”) китобига таянган. Шунингдек, Имом Абу Мансур Мотурудийнинг “Тавҳид” асари ва бошқа эътиқод китобларидан фойдаланилган бўлиши ҳам илмий ҳақиқатдан йироқ эмас.
“Мубайян”даги таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж бобидаги барча фиқҳий масалаларнинг ҳукмлари, асосан, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож уш-шариъа ал-Бухорийнинг (вафотлари ҳ. 747 м. 1346) жаҳонга машҳур “Мухтасари Виқоя” китобига деярли нуқтама-нуқта мувофиқдир. Шунингдек, “Ҳидоя”и шариф ва ҳанафий мазҳабининг бошқа китобларидан ва шарҳларидан истифода этилгани кузатилади.
Китобдаги дуо матнлари эса асосан кутуби ситтада, яъни олти улуғ муҳаддиснинг китобларида, баъзан Имом Табароний асарида келган ҳадислардан ҳамда ҳазрат Имом Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобидан танлаб олинган.
«Мубайян» хусусиятлари
“Мубайян” асари “Ҳамд” – Аллоҳ таолога ҳамду сано, “Наът” – саййидул мурсалийн соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъриф ва хислатлари, “Китоб назмининг сабаби” каби кириш қисмларидан ва 1) “Эътиқодиййа” (“Имон-эътиқод китоби”), 2) “Китобус-салот” (“Намоз китоби”), 3) “Китобуз-закот” (“Закот китоби”), 5) “Китобус-савм” (“Рўза китоби”), 5) “Китобул-ҳаж” (“Ҳаж китоби”) каби беш рукнга оид мустақил боблардан ҳамда “Китоб хотимаси” бўлимидан иборат.
Бобур Аллоҳ таолонинг комил сифатлари, қудрат ва азаматини зикр қилиб, ёзади:
Қодиру баркамол Тенгридурур,
Қоҳиру Зулжалол Тенгридурур.
Ҳар наким қилса, Ул қилур, бешак,
Ҳар ким на қилса, Ул билур, бешак.
Яъни: “Ҳар ишга қодир, комил сифатларга соҳиб ягона зот Аллоҳдир, Қаҳҳор сифатига эга, жалол – беҳад улуғлик ва бениҳоят буюклик эгаси Аллоҳдир. Барча нарсанинг ягона фоили – бажарувчиси, ҳар бир ишнинг қилгувчиси Удир; қиладиган ишини биладиган ҳам, билган ишини қиладиган ҳам Удир!” Бу таърифлар Сирожиддин Усмони Ўшийнинг «Омолий» манзумаси мазмунига ҳам мос келади.
“Тўрт имом барҳақдур”
“Ишорат тўрт имомғаким, муҳтадойи дину пешвойи аҳли таъйинлар” деган бобда Бобур аҳли сунна вал жамоат фиқҳининг тўрт имоми барҳақ эканини, чунки имом дегани шариатнинг ифодаси бўлиб, улардан бу динга равнақ етишини, у дин ва шариатда эргашиладиган зот эканини таъкидлаб айтади:
Билки, бу тўрт имом барҳақдурур,
Ким алардин бу динга равнақдурур.
Бу имомеки, шаръ адосидурур,
Дин ила шаръ муқтадосидурур.
Сўнг имомлар номини санаб: “Бириси бу Ҳанифаи Нўъмон (ибн Собит)дур, яна бири Шофиъиййи пурдондур, яна бири (Имом) Молику яна (Имом) Аҳмад (ибн Ҳанбал), қилдилар жаҳд шаръ аро беҳад”, деб уларнинг фазилатини билдиради. Буларнинг ҳар бирига эргашиб, изидан борган киши яхши даражалар ва нажот топишини таъкидлайди. .
Тенгридин бизга латифадурур,
Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.
Тенгрига шукрлар дейинг яксон,
Қилди бизларга ишни ул осон.
Яъни: “Аллоҳдан бизга бир илтифот, бир лутфу карам бўлиб, эргашадиган имомимиз Абу Ҳанифа бўлдилар. Аллоҳга баробар шукрлар айтингизки, у зот ўз фатво мактабини барпо қилиб, бизларга дин фиқҳи ишларини осон қилди”. Бу барча аҳли Ислом билан бирга соҳибқирон Амир Темурдан бошлаб барча темурийларнинг соф эътиқоди ифодасидир.
“Харж қилғон сойи бу ганж ортар”
Бобур Мирзо “Мубайян” хотимасида: “Эй Бобур, бу китоб таснифида агарчи ранж чеккан бўлсам-да, қўлимга шундай бир ганж-хазина кирдики, ҳар қандай ганжни харж этиш билан камайиб боради, аммо бу маънавий ганж – бу илм хазинаси харж этган сари тобора ортиб боради”, дейди:
Бобур, эмди, агарчи чекдим ранж,
Келди илгимга ушбу янглиғ ганж.
Ганж нуқсонға харждин тортар,
Харж қилғон сойи бу ганж ортар.
Яна айтадики: “Барча инсонлар одатда ўз хазина-ганжини қўлга киритишдаги ранжу меҳнатини зое қилмасдан, олам аҳлидан бойлик-хазинасини яширади. Мен эса бу ганжимни ошкор этиб, уни дин аҳлига нисор этдим”, дейди.
Бобур Мирзо ихлоси ва маърифатининг энг муҳим белгиси шундаки, муаллиф бу иш риё учун, шуҳрат учун, шеъру шоирлик учун эмас, балки холис Аллоҳ учун ва Ҳақ ризоси учун эканини таъкид билан изҳор этади:
Ушбуларким дедим, бўлунг огоҳ,
Бордурур борча холисан-лиллоҳ.
Бу демакдин ғараз Ҳақ эрдию бас,
Шеъру шоирлиқ эрмас эрди ҳавас.
Орифона дуо
Бобур Мирзо “Ҳаж китоби”нинг Арафот бобида ҳажнинг фарзи бўлмиш Арафотда туриб ўқиладиган дуоларнинг энг афзалини баён қилади. Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу ъулум дийн” китобидан бу дуо аллома тасаввуфий қарашларининг зубдасидир:
“Эй бир эшитиши иккинчи эшитишдан машғул қилмайдиган Зот, эй Ўзи учун овозлар аралашиб кетмайдиган (ҳар бир овоз эгасининг дуосини ижобат қиладиган) Зот, эй сўраладиган нарсаларнинг кўплигини адаштириб қўймайдиган Зот, эй (турли миллат) тиллар(и)нинг ҳар хиллиги халақит бермайдиган Зот, эй ҳожат сўраб илтижо қилувчиларнинг сўрови малол келмайдиган Зот, эй ҳожат сўровчиларнинг ҳожатлари оғринтирмайдиган Зот! Бизга афвинг лаззатини ва раҳматинг ҳаловатини тоттир!”
Бобур Мирзонинг барча фиқҳий ва тасаввуфий ғоялари ушбу дуода ҳам ўз ифодасини топган:
Эй қодири баркамол Тангрим,
Эй қоҳири зул-жалол Тангрим!
…Айирғил мени жумла ҳамроҳдин,
Юзумни эвур мосиваллоҳдин!
Бутун умри ҳукмронлик, халқ ва жамият хизмати билан ўтган бир зот: “Юзимни Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсалардан ўгир!” дея дуо қилиши Бобур шахсининг суратда шоҳ, маънода дарвиш эканини исбот этади.
Мирзо КЕНЖАБЕК
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи,
Халқаро Бобур мукофоти соҳиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан