Маййитга амалларнинг савобини бахшида қилиш
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмон киши намоз, рўза, ҳаж, садақа ва ундан бошқа яхши амалларининг савобини вафот этган кишига бахшида қилиши мумкин, дейишган. Бунга далил:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عِيدَ الأضْحَي، فَلَمَّا انْصَرَفَ أَتَي بِكَبْشٍ فَذَبَحَهُ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ: بِسْمِ اللهِ وَاللهُ أَكْبَرُ، اللَّهُمَّ هَذَا عَنِّي وَعَمَّنْ لَمْ يُضَحِّ مِنْ أُمَّتِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадиларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Қурбон ҳайити намозини бирга ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйни олиб келиб, сўйдилар. Сўнг: “Бу менинг ва умматимдан қурбонлик қилолмаганлари номидан”, дедилар». Имом Термизий ривояти.
Яна бир далил: Имом Доруқутний (раҳматуллоҳи алайҳи) ривоят қиладилар:
رؤي الدَّارَقُطْنِيُّ: أَنَّ رَجُلاً سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: كَانَ لِي أَبَوَانِ أَبَرُّهُمَا حَالَ حَيَاتِهِمَا، فَكَيْفَ أَبَرُّهُمَا بَعْدَ مَوْتِهِمَا؟ فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ: إِنَّ مِنَ الْبِرِّ بَعْدَ الْبِرِّ أَنْ تُصَلِّيَ لَهُمَأ مَعَ صَلاَتِكَ، وَتَصُومَ لَهُمَأ مَعَ صِيَامِكَ.
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Менинг ота–онам бор эди. Улар ҳаётлик чоғида хизматларини қилганман. Вафот этишгандан кейин уларга қандай қилиб яхшилик қилсам бўлади?” – деб сўради. У зот алайҳиссолату вассалом: «Намозингга қўшиб уларнинг ҳақига намоз ўқишинг, рўзангга қўшиб уларнинг ҳақига рўза тутишинг яхшиликдан кейинги яхшиликданди”, – дедилар[1].
Садақанинг савоби етиб боришига далил:
عن عائشةَ رَضِيَ اللهُ عنْها أنَّ رجلاً قال للنبي صلي الله عليه وسلَّم: إنَّ أُمِّي افْتُلِتَت نفسُها وأظنها لو تكلّمت تصدقت فهل لها أجر إنْ تصدقْتُ عنها قال: نعم. رواه الشيخان
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар тирик бўлганида, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажр-савоб бўладими?» – деб сўраганда, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», – деб жавоб бердилар». Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.
عن ابن عباس رضي الله عنهما أن سعد ابن عبادة رضي الله عنه قال: يا رسول الله إن أمي تُوُفِّيت وأنا غائب عنها فهل ينفعها شيء إن تصدقْتُ به عنها قال: نعم، قال: فإني أُشهِدك أن حائطي المخراف صدقة عليها. رواه البخاري.
«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, онам менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» – деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», – деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: «Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», – деди. Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.
[1] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 441-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан