Қатода ибн Нўъмон
Қатода ибн Нўъмон Авс қабиласининг Бану Зуфр уруғидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иккинчи Ақобада байъат берган етмиш ансорийнинг бири. Ўшанда барчалари Набий алайҳиссаломга ёрдам бериш, у зотни ўз аҳлларини асрагандек ҳимоя қилишга онт ичишди. Шундай бўлди ҳам. Барчалари ваъдаларига содиқ қолишди. Уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Имом Воқидий, Мусо ибн Ақба, Абу Машъар ибн Балхий ривоятлари Қатоданинг иккинчи ақобада қатнашганини тасдиқлайди. Фақат Ибн Исҳоқнинг ривояти бундан мустасно. Қатода ибн Нўъмон Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг она бир укасидир. Оналари Аниса бинти Қайс Нажжория Хазражия.
Қатода ибн Нўъмон Исломни илк қабул қилган ҳамда Мадинада Қуръони каримнинг Марям сурасини тўлиқ ёд олган биринчи ансорийдир. Саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Уҳудда елкама-елка туриб курашди. Мушриклар тазйиқларини кучайтириб, Набий алайҳиссаломни ўлдириш пайига тушишди. Жанг жиддий тус олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида оз сонли саҳобалар қолди. Қатода ўша озчиликнинг бири эди.
Набий алайҳиссалом Қатодага камон бердилар. У Пайғамбаримиз алайҳиссалом олдиларида туриб мушрикларни ўққа тута бошлади. Бир пайт ўқлар тугади. Қараса, Набий алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун ҳеч нима қолмабди. Нима қилишини билмай, охири у зот алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қилди. Шу вақт дайди ўқ тегиб, унинг кўзи оқиб тушди. Саҳобалар кўзини узиб ташлашга ишора қилишди. Лекин у бундай қилмади. Кафтида кўзини кўтарганча Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келди. Пайғамбар алайҳиссалом Қатодани кўриб йиғлаб юбордилар. Сўнг Раббиларига: “Ё Аллоҳ, унинг кўзини ўткир қилгин”, дея дуо қилдилар. Аллоҳ таоло Набийсининг илтижосини ижобат қилди.
Ҳайсам ибн Адий отасидан қилган ривоятда бундай дейилади: «Уҳуд куни Қатода ибн Нўъмоннинг кўзи оқиб тушди. Уни қўлида кўтарганча Набий алайҳиссалом ҳузурларига келди. У зот алайҳиссалом: “Қатода бу нима?” деб сўрадилар. “Ё Расулуллоҳ, кўриб турганингиздек”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Агар сабр қилсанг, сенга жаннат насиб этади. Лекин истасанг, уни жойига қўйиб, Аллоҳ таолога дуо қиламан, аввалгидан яхшироқ кўради”, дедилар. Қатода: “Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, жаннат олий мукофот, бебаҳо инъом. Лекин аёлларни ёқтираман. Кейин мени ғилай деб, хоҳлашмайди. Сиз яхшиси, кўзимни ўрнига қайтариб, Аллоҳ таолодан жаннатни ҳам сўраб берсангиз”, деди. Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом: “Шундай қиламан, эй Қатода”, деб розилик билдирдилар.
Қишнинг қаҳратон кечаларидан бири. Бундай пайтларда масжидда намозхонлар озайиб қоларди. Мана шу куни Қатода Набий алайҳиссаломни ҳар кунгидан кўпроқ кўргиси келди. Кейин ўзига-ўзи: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борсам, бирга намоз ўқирдим. Бир йўла ўзларини ҳам кўриб, кўнглим хотиржам тортарди”, деб хуфтон намозига ошиқди.
Масжид эшиги очилганда, чақмоқ чақиб, ёруғида Қатода кўринди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Қатода сенмисан, шу ҳавода келдингми? Намоздан сўнг ёнимга кел”, дедилар. Қатода келганида у зот алайҳиссалом унга хурмо шохини бердилар ва: “Уни ўзинг билан олиб юрсанг, (ўн қадам олдингдан, ўн қадам орқангдан) ёритади”, дедилар. Сўнг: “Уйингга кирганингда бурчакда қора нарсани кўрасан. Бирон сўз айтишдан олдин уни мана шу шохча билан ур. Ўша шайтон бўлади”, дедилар. Қатода айтади: “Уйга келганимда Набий алайҳиссалом айтганларидек қора нарсани кўрдим. Шохча билан ургандим, уйимдан чиқиб кетди”.
Қатоданинг Рифоа ибн Зайд исмли амакиси бўларди. Шунингдек, қабиласида Бану Убайриқлар: Бишр, Бушайр ва Мубашширлар бор эди. Улардан Бушайр мунофиқ шеър айтиб саҳобаларни мазах қиларди. Кейин айрим арабларга тарқатиб юборарди. Улар фалончи бундай, бундай деди, деб айтиб юришарди. Кейин шеърлари саҳобаларга етиб келганда, араблар: “Биз ҳеч нима демадик, буни анави Ибн Убайриқ айтди”, дердилар.
Бир куни Бушайр ибн Убайриқ Рифоанинг идишини тешиб, ундаги егуликни, шунингдек, совут ва қиличини ҳам ўғирлаб олди. Тонгда Рифоа ибн Зайд нарсаларини тополмагач, жияни Қатодани хабардор қилди. Сўнг иккаласи ўғрини излашди. Охири топишди: ўғри Ибн Убайриқ экан. Рифоа жиянига: “Набий алайҳиссаломга айтсанг, қандай бўларкин?” деб маслаҳат солди. Қатода: “Ё Расулуллоҳ, оила аъзоларимиздан бизга жафо етди. Амаким Рифоа ибн Зайднинг уйидан егулик ва қуролларни ҳам олишди. Бизга қуролимизни беришсин, егуликни қайтаришмаса ҳам майли”, деди. Набий алайҳиссалом: “Хўп, буюраман”, дедилар.
Бани убайриқлик мунофиқлар ва уларга ёрдам қилувчилар осонликча қўлга тушишни исташмади. Усайр ибн Амрни Пайғамбар алайҳиссалом билан гаплашиб келиш учун юборишди. Одамлар тўпланиб: “Ё Расулуллоҳ, Қатода ибн Нўъмон ва унинг амакиси Ислом аҳлига туҳмат қилмоқда. Ҳеч бир далил ва ҳужжатсиз уларни ўғирликда айблашмоқда”, дейишди. Набий алайҳиссалом ҳам оддий инсон, фақат Раббилари билдирган нарсанигина биладилар. .
Қатода ибн Нўъмон келганида Набий алайҳиссалом унга одамларни ҳужжат ва далилсиз айблаб бўлмаслигини тушунтирдилар. Қатода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранжиб қолишларидан қаттиқ қўрқди. Кейин ўзига-ўзи: “Қанийди, Набий алайҳиссаломга бу ҳақда гапирмаган бўлсам”, дея қаттиқ пушаймон бўлди.
Шу орада амакиси келиб, Қатодадан: “Нима бўлди?” деб сўради. Жияни Набий алайҳиссаломнинг гапларини унга етказди. Шунда Рифоа: «Энди Аллоҳнинг набийси Ёқуб алайҳиссалом каби: “Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир” (Юсуф сураси, 18-оят), деб айтамиз, холос», деди.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 105–106-оятларини нозил қилди: “Албатта, Биз сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик. Хиёнатчиларга эса, ҳимоячи бўлманг! Яна, Аллоҳдан кечирим сўранг. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”.
Набий алайҳиссалом Қатодани чақириб ушбу оятларни ўқиб бердилар. Қуролларни эса амакиси Рифоага қайтариб бериши учун унга топширдилар. Қатода жуда хурсанд эди. У қурол-аслаҳани қайтариб олгани учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни қўллаб-қувватлаганидан суюнганди. Қатода кекса амакиси Рифоага қуролларини олиб келиб берганида: “Эй жияним, булар Аллоҳ йўлига”, деди.
* * *
Макка фатҳи куни Қатода ибн Нўъмон розияллоҳу анҳу Бану Зуфр қабиласининг байроғини кўтарди. Умар ибн Хаттоб Шомга юборган элчиларининг олд сафида Қатода ҳам бор эди.
Қатода розияллоҳу анҳу ҳижратнинг йигирма учинчи йили 65 ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўқиди. Нўъмон ибн Қатодадан Абдуллоҳ, Умми Амр, Амр, Ҳафса исмли зурриётлар қолди.
Ибн Касирнинг “Тафсирул Қур‘анил азим” асари ва бошқа манбалар асосида
Исмоил НУРИИМОН тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан