Жанозага оид қўшимча масалалар
- Жаноза намозида қаҳқаҳа отиш таҳоратни бузмайди.
- Имомнинг ортида, уловда туриб намоз ўқиш жоиз эмас. Чунки жаноза намози ҳам унда Таҳрима такбири борлиги эътиборидан намоз ҳисобланади. Шу боисдан унда таҳорат, қиблага юзланиш шарт қилинади[1].
- Бир сафда эркагу аёл туриши жоиз.
- Эркак киши бўлмаган ҳолда, аёллар жаноза намозини улардан бири имомлик қилган ҳолда ўқишлари жоиз[2].
- Саломдан кейин маййитнинг ҳақига мағфират сўраб, маъсур дуолар ўқилади. Масалан:
اللهم اغفر له وارحمه وعافه واعف عنه
«Аллоҳуммағфир лаҳу варҳамҳу ва ъаафиҳи ваъфу анҳу». Яъни, «Ё Раббим, уни мағфират қил, унга раҳм эт. Уни офиятда қил ва авф эт».
- Жаноза намозини ҳам бошқа намозлар каби пок жойда адо этиш шартдир. Нажас устида туриб ўқилган намоз дуруст бўлмайди. Одатда, оёқ кийимлар билан ҳар хил жойда юрилганидан уларнинг нажасдан холи бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шунинг учун жаноза намозида имомдан бошқа одамлар жойнамозда турмаганлари учун оёқ кийимларини ечиб, унинг устига оёқларини қўйишлари керак. Бунда оёқ кийими икки қават кийим ҳукмига ўтади. Қавилмаган икки қават кийимнинг бир қавати нопок бўлса, иккинчи пок қаватида намоз ўқиш жоиздир («Мухтасарул Виқоя» ва «Ҳадиятус суълук»)[3].
- Нафл намоз ўқилаётганда жаноза олиб келиб қолинди. Шунда нафл намозини бузиб, жаноза намозига киришилади. Чунки нафлнинг қазосини адо қилишга имкон бор. Фарз намозининг ҳукми ҳам ҳудди шундай, чунки унинг ҳам қазосини адо қилишнинг имкони бор[4].
[1] Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий. «Шарҳу жомиъус-соғир». 1-жуз, 117-бет.
[2] Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий. «Нафъул-муфтий вас-саил». «Идаратул-қуръан вал-улумил- исламийя». 1419- ҳ.й. бет-206.
[3] Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад. «Динда саволим бор». Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2014, 211-бет.
[4] Ҳомид Мирзо Фарғоний Намангоний. «Ал-фатҳур – раҳмоний». Мадина: «Дорул-иймон». 1987. 1-жуз, 168-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан