Жилғаларда оқаётган сув мисоли
Аллоҳ таоло ҳақни ботилдан фарқлаш борасида мисол келтирди: “(Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар миқдори билан оқиб, (бу) сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна (ясаш) учун ёқадиган (олов)лардан ҳам шунга ўхшаш (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни (Мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур” (Раъд, 17).
Ҳақ жилғаларда оқаётган сув мисоли, жилғалар миқдори билан оқиши – ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетишидир. Чунки нафс ўзининг вақтинчалик бузуқ хоҳиш-истаклари, шаҳватлари билан эгаллаб олади. Қалб у билан ғурурга кетади. Ҳақ эса йўқ ҳам бўлмайди, эскирмайди ҳам. Аллоҳ таолонинг “осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида” деганида Қуръон назарда тутилади. Қуръон ёмғир сувига ўхшатилади. Чунки ундаги ҳукм ва қонунлардан динга манфаат бор, худди шу каби ёмғирдан дунёга манфаат етади. Сўнгра қалблар жилғаларга ўхшатилади. Чунки нур қалбдан тирқиш ва кириш йўли топганидек, сув ҳам жилғада ўзан ва оқиш йўли топади. Қалблар селга ҳам ўхшатилади, ботил нарсалар эса сув устидаги кўпикка ўхшатилади. Тафаккур қилиб ибрат олмаган, ҳаққа рағбат қилмаган ҳар қандай қалбни Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўйиб, ожиз қолдиради. Шунда зулмат ва ҳавойи нафс банданинг қалбига кириш учун тирқиш ва йўл топади. Худди сел жилғаларда ўзи учун йўл топганидек. Қалб қачонки ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ботилни кўтариб келади, Худди сел кўпикни кўтариб келгандек. Агар қалб тавфиқ топиб тафаккур қилса, ибрат олса, у ҳақни кўтариб келади. Худди одамлар тоза сувдан фойдаланиб, манфаат топганлари каби. Сўнгра Аллоҳ ҳақ ва ботилни эгаларига тасвирлаб берди: “Кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур”, яъни унинг манфаати йўқ бўлади. Худди шундай ботил ишнинг икки дунёда ҳам манфаати эгасига етмайди. Аммо одамлар фойдаси тегадиган нарса – покиза сув ерда қолади. Худди шундай ҳақ иш ҳам мусаффо сувга ўхшатилади. Чунки унинг манфаати эгасига бу дунё ва охиратда тегади. Худди сув олган одамда сув сақланиб тургандек.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 18000 сўм