Ўзбекистон янгиликлари

“BMW X7”, “Mercedes” эгалари “курьер”ликка “даъво” қилмоқда

Чоп этилди Aprel 1, 2020 “BMW X7”, “Mercedes” эгалари “курьер”ликка “даъво” қилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Коронавирус инфекциясининг оммавий тарқалишининг олдини олиш борасида кескин чоралар кўрилиб, йўлларда транспорт воситалари ҳаракати чекланиши айримларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда.

Ҳаракатланиши мумкин бўлган автотранспорт воситалари ичида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш берувчилар (курьерлар)га стикер берилиши мумкинлиги аҳолига етказилганидан кейин “курьер”лик қиламан” дегувчилар сони кескин ошган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази маълум қилди. Яъни, марказга 30 мингдан ортиқ шундай мурожаат тушган.

Етказиб берувчи (курьерлик)ни даъво қилаётганлар ичида дунёда энг олий тоифадаги автомобиллар (премиум-класс) ҳисобланган “BMW X7” ва “Mercedes” каби автомашиналар эгалари ҳам борлиги ажабланарли.
Давлат хизматлари агентлиги директори Халилулло Тўрахўжаев бундай шахсларни виждони йўқ ва, афсуски, тадбиркор шаънига катта доғ тушираётган “уддабурон, учар”лар, деб атади ва уларга қарата илтимоснома йўллади.

“— Карантин даврида озиқ-овқат савдоси ва умумий овқатланиш корхоналарининг автотранспортларга етказиб бериш хизматлари (курьерлик ва “доставка”) учун махсус рухсатномалар берилади, — деб қайд этган Х. Тўрахўжаев. — Айнан мазкур корхоналар томонидан эса “премиум-класс“ автотранспорт воситаларига, шу жумладан, BMW X7, Mercedes, Leksus, Hyundai, Captiva, Malibu-2, Tracker ва шунга ўхшаш машиналар учун ҳам “курьерлик”ни амалга ошириш учун аризалар келмоқда”.

Ушбу аризаларга илова қилинган ҳужжатларда мазкур тоифадаги автомашиналарнинг ҳайдовчилари курьер сифатида расмийлаштирилган иш берувчининг буйруғини тақдим қилинган.

— Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга “уддабурон” тадбиркорларнинг виждони қандай қилиб йўл қўймоқда, — дейди агентлик раҳбари. — “Премиум-класс“ ҳайдовчилари, ушбу маблағни ҳозирги шароитда қийналиб қолган эҳтиёжманд оилаларга сарф этса яхши эмасми? Махсус рухсатномаларни расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказлари ходимлари тинмай меҳнат қилмоқда. Бизда ҳар бир ҳужжатнинг ҳаққонийлигига алоҳида баҳо бериш катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бундай қийинчилик юзага келишига эса ўз нафси, балки ҳою-ҳавасидан кеча олмай марказни аризага кўмаётган “премиум-класс”лар ҳам сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, бу ҳақиқатдан ҳам аҳолига озиқ-овқат, дори-дармон етказиб берувчилар тегишли рухсатномани ўз вақтида олишига тўсиқ яратган.

Х.Тўрахўжаев ўз илтимосномасида айримлар қанчалик уддабирон бўлмасин, ҳужжатларни сохталаштирганлик, ёлғон маълумот учун жавобгарлик, жазо муқаррарлигини эслатиб ўтди.

Давлат хизматлари агентлиги раҳбарининг жонкуярлик билан айтган фикрлари таҳсинга лойиқ ва умид қиламизки, бундан тегишли шахслар вақтида хулоса чиқаради. Ахир уларнинг синовли пайтдаги бундай “эркатойлик”лари ҳақиқатан стикер олиши шарт бўлганларнинг ишини орқага суриши бутун халққа зиён етказади. Бошқа пайтда халқни ўйламасангиз ҳам ҳозир ўйланг, жаноблар!

Норгул Абдураимова, ЎзА