Ўзбекистон янгиликлари

Бош давлат санитария инспектори Ўзбекистонда аҳоли ёппасига коронавирусга тест қилинмаслигини айтди

Чоп этилди Aprel 1, 2020 Бош давлат санитария инспектори Ўзбекистонда аҳоли ёппасига коронавирусга тест қилинмаслигини айтдиda fikr bildirishni o'chirish

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ташкил қилинган брифингда Ўзбекистонда коронавирус учун оммавий тест қилиш тадбирлари ўтказилмаслигини билдириди. Шунингдек, у эпидемик нохуш ҳудудлардан келган ва COVID-19 ни юқтирган беморлар билан алоқада бўлган шахслардан лаборатор таҳлиллар олинаётганини айтиб ўтди.

«Коронавирус учун оммавий тест олиш тадбирлари ўтказилмайди. Бу имконсиз ва мақсадга мувофиқ ҳам эмас. Ҳар бир тест тизими ўтказилганидан кейингина ўзини оқлаши керак, у иқтисодий жиҳатдан ҳам бефойда бўлмаслиги зарур», — дея таъкидлаган Нурбек Отабеков.

Отабековга кўра, Ўзбекистонда эпидемик нохуш ҳудудлардан келган ва вирус юқтирган беморлар билан алоқада бўлган шахслардан лаборатор таҳлиллар олинмоқда.

Бош давлат санитария инспектори коронавирус юқтирган беморлар тузалиб чиққанидан сўнг нималарга эътибор бериши лозимлиги тўғрисида ҳам маълумот берди.

«Ҳозирча 8 нафар бемор тузалган, улар касалликдан халос бўлгандан сўнг реабилитация марказларига ўтказилди. Маълум муддат реабилитация марказларида сақлангандан сўнг беморларнинг уйларига кетишига рухсат берилди.

Касалликдан тузалган шахслар ҳам уйда гигиена қоидаларига риоя қилиши, ортиқча одамлар йиғилишига йўл қўймаслиги, тиббий ходимлар кузатувида бўлиши шарт», — дейди Нурмат Отабеков.

Брифингда касалликдан тузалганларда аксар ҳолатларда пневмония кузатилиши туфайли уларга ўпка фаолиятини тиклаш учун қўшимча тавсиялар ҳам берилиши ҳақида ҳам гапирилди.

Аввалги брифингларда Отабеков хориждан келганига бир ой бўлган фуқаро карантинга мажбурий тартибда жойлаштирилмаслигини билдирган. 31 март ҳолатига кўра, коронавирусни аниқлаш бўйича нечта тест ўтказилгани, шунингдек,  коронавирусга чалинганларнинг қайси ҳудудларда даволанаётгани маълум қилинганди.