Мақолалар

Гўзал хулқ имонни мукаммал қилади

Чоп этилди Aprel 2, 2020 Гўзал хулқ имонни мукаммал қиладиda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай мўминнинг имони комил ҳисобланади, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўмин”, деб жавоб берганлар (Абу Довуд ривояти).

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор киши даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар бор. Одатимизга мувофиқ гўзал хулқни улуғ васиятлар соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан излайлик. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен комил хулқларни маромига етказиш учун юборилдим”. Ойша розияллоҳу анҳодан у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқлари ҳақида сўралганда: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деган. Шу сабабли у киши барчага ўрнак эдилар. Аллоҳни ва охират кунини истовчилар учун тирик намуна эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган қанчалаб инсонлар улуғ ажр ва мукофотларга эришди.

“Гўзал хулқ соҳиби ҳузур-ҳаловатдадир, инсонлар ундан мамнун бўлади, ёмон хулқли кишилардан ҳамма безор. Фазилат ақл ва одоб билан кўринади, бойлик билан эмас. Кимнинг одоби ёмон бўлса, насаби йўқ бўлиб кетади, кимнинг ақли адашса, асли ҳам адашади”.

Ҳа, азизлар! Биз юксак хулқ соҳиби бўлган зотнинг умматларимиз. Омадимиз, бахтимиз бўлмиш гўзал хулқ нима эканини қи­дирмаймиз, балки у тўла-тўкис бизларга кўрсатиб кетилган, фақат сўзда эмас, амалда ҳам. Шундай экан, имкон қадар уни ўзи­мизда мужассамлаштирайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ярлақасин! Муборак васиятларда айтилган сифатлар билан сифатланишни насиб айласин, омин!

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм