Мақолалар

Маййит олиб кетилаётганини кўрганда айтиладиган зикр

Чоп этилди Aprel 3, 2020 Маййит олиб кетилаётганини кўрганда айтиладиган зикрda fikr bildirishni o'chirish

Тобутни кўрганда:

سبحان الحيِّ الذي لا يموت

«Субҳанал ҳаййиллазий ла ямут». Яъни: «Ҳаргиз ўлмайдиган, абадий тирик Зот – Аллоҳ покдир», деб айтиш мустаҳабдир. Ёки Абулмаҳосин Равёний «Баҳр» номли китобларида келтирганларидек,

لا إله إلاَّ الله الحيُّ الذي لا يموت

«Ла илаҳа иллаллоҳул ҳайюллазий ла ямут», деб айтилиб, сўнг маййит яхшилик билан эсланади ва унинг ҳақига дуо қилинади.[1]

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: مَرُّوا بِجَنَازَةٍ فَأَثْنَوا عَلَيْهَا خَيْراً فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: وَجَبَتْ ثُمَّ مَرُّوا بِأُخْرَي فَأَثْنَوْا عَلَيْهَا شَرًّا فَقَالَ وَجَبَتْ. فَقَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ: مَا وَجَبَتْ؟ قَالَ: هَذَا أثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ خَيْرًا فَوَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، وَهَذَا أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ شَرًّا فَوَجَبَتْ لَهُ النَّارُ، أَنْتمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الأَرْضِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«(Одамлар) Бир жанозани (тобутни) олиб ўтдилар. (Саҳобалар) Унинг (маййитнинг) ҳақига яхши сўзлар айтиб, мақташди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Кейин бошқа жанозани (тобутни) олиб ўтдилар. (Саҳобалар) у ҳақда яхши гаплар айтишмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Нима вожиб бўлди?», дедилар. У зот: «Сизлар унинг ҳақига яхши сўзлар айтган мана бу кишига жаннат вожиб бўлди. Сизлар у ҳақда яхши гаплар айтмаган кишига дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳла­рисиз», дедилар». Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадисдан саҳобалардек фазилат ва ростгўйлик сифатларига эга бўлган муттақий киши Аллоҳнинг ердаги гувоҳи экани истифода қилинади. Чунки бир ривоятда «Мўминлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир», дейилган. Бундай фазилат ва сифатлар соҳиби бўлган кишига Аллоҳ ким ҳақида яхши сўзлаш илҳомини берган бўлса, демак, у киши жаннат аҳлидандир. Ёлғончи, кичик гуноҳларида бардавом бўладиган ёки катта гуноҳ иш қиладиган кишиларнинг гувоҳлиги ўтмайди.

Ҳадисдан қуйидаги манфаатлар олинади:

– Бу умматнинг фазилатли экани. Чунки бу уммат Аллоҳнинг ердаги гувоҳидир;

– Зоҳирга қараб чиқарилган ҳукм қабул экани[2].

[1] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Фикр-медия» нашриёти, 2005, 212, 211 – бет.

[2] Мусо Шоҳин Лошин. «Манҳалул-ҳадис». Байрут: «Оламул-кутуб». 2001, 2-жуз, 221-224-бетлар.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан