Коронавирусга қарши поклик билан курашайлик!
Вирус кўзга кўринмас даражада майда организм ҳисоблансада, у борлиқнинг бир бўлаги сифатида мавжуд. Тирик ҳужайраларда кўпаяди, ўсимлик, ҳайвон ва одамларда юқумли касаллик қўзғатади.
Вируснинг манбаи аксар ҳолларда нопоклик ҳисобланади. Ҳар ҳолда мутахассислар шу кунларда нопокликдан сақланиш, бадан ва усти-бошни тоза тутишни вирусдан сақланишнинг энг яхши йўли сифатида уқдирмоқда.
Ислом дини таълимотида нопоклик иллат, унга муносабат, ҳатто имонга дахлдор тушунча ҳисобланади. “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир” дейдилар Пайғамбаримиз (с.а.в). Англаймизки, нопоклик билан имонга ҳам, алалоқибат жаннатга ҳам эришиб бўлмайди.
Аллоҳга шукрки, поклик бизнинг жамиятимизда азалдан қадрият сифатида шаклланган. Инсонларнинг ўзаро мулоқотларида, уламоларимиз суҳбатларида, адабий ва диний нашрларимизда покликка даъват қилувчи маълумотлардан баҳрамандмиз.
Шундай бўлсада, айни кунларда кенг тарқалиб бораётган COVID-2019 пандемиясига қарши курашда покликнинг аҳамиятини англаган ҳолда мукаммал покликка эришиш учун сақланишимиз лозим бўлган нопоклик ҳақида маълумот беришга ўзимизни бурчли ҳисобладик.
Шундай қилиб, нопоклик тушунчасининг моҳиятини кўриб чиқамиз.
1. Маънавий нопоклик – қалб, кўнгил нопоклиги. Шаккоклик ва гуноҳ сабабидан инсон руҳиятига етадиган нопоклик. Манбаи – шайтон васвасаси, фикрибузуқлик. Бундай ҳолда кўнгил ойнаси кирланади. Қалб эзгуликни ҳис қилмай қўяди. Имонга путур етади. Ўз навбатида имон эзгуликка амр қилмай қўяди. Инсон ўз мавжудлигининг моҳиятини англамайди. Якунида инсонлик қиёфаси йўқолади. Тамом. Инсон бутунлай нопок бўлиб қолади, Ўзи асрасин!
Маънавий нопокликдан қутулиш йўли тавбадир. Тавба бу Аллоҳ таолага қайтиш, инсон ўз фитратида мавжуд бўлган тўғри йўлга чиқиб олишидир. Бу йўлнинг кириш жойи имон – “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидир.
2. Ҳиссий (ҳис этиладиган, кўринадиган) нопоклик. Нопокликнинг бу тури маънавий нопокликнинг натижасида юзага келади. Манбаси – шариат томонидан нажосат сифатида баҳоланадиган қон, йиринг, сийдик, ахлат, каби инсон танаси, кийими, макони (турар ва юрар жойи) ҳамда таомини нопок қилувчи нажосат ва истеъмолга яроқсиз нарсалар. Нажосатни аввало юқтирмаслик талаб этилади. У сув ёрдамида маълум шартлар асосида тозаланади. Нажосатдан холос бўлишнинг бошқа йўллари мавжуд (Нажосат ва уни кеткизиш масаласига мавзуимиз тақозосига кўра батафсил тўхталмаймиз. Қўшимча маълумот учун фиқҳий манбаларга қаранг!).
Вирус, вируснинг янги авлоди COVID-2019 деб номланаётган коронавируснинг келиб чиқиши (манбаси) борасида илгари сурилган бир қанча тахминларни таҳлил қиладиган бўлсак, унинг туб асосида нопоклик ётганини кўрамиз. Жумладан,
– вирус махсус лабораторияда ишлаб чиқилиб, ғаразли мақсадда тарқатилган бўлса (интернетда бундай хабарлар учраб турибди), бундай жирканч ишга маънавий нопок одам қўл уради, дея оламиз.
– озиқ-овқат маҳсулоти ёки маҳсулот бозорининг белгиланган санитар талабларга жавоб бермаслиги бу вируснинг юқишига сабаб бўлган бўлса, у ҳолда буни ўтириш-туриш, ейиш-ичишда поклик қоидаларига амал қилмасликнинг оқибати сифатида баҳолашимиз мумкин, валлоҳу аълам.
Келтирилган маълумотлар бу нопок вирус тарқалган бир пайтда уни юқтирмаслик, шу билан бирга бу нопокликни бегуноҳ одамлар орасига тарқалишига сабаб бўлмаслик, бахт қўрғонимиз – уйларимизга киритмасликка ҳаракат қилишимиз учун етарли деб ўйлаймиз.
Зеро, бу борада Аллоҳ таоло “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг…” (Бақара сураси, 195-оят) деб марҳамат қилган бўлса, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам касалликни юқтиришдан сақланиш зарурлигини таъкидлаб “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.
Шундай экан, маънан ва жисмонан пок бўлайлик! Карантин қоидаларига амал қилайлик! Уйда қолиб, Аллоҳ берган вақтга нисбатан уни сарфлаш борасида жавобгарлигимизни ҳис қилган ҳолда ёндашайлик.
Парвардигор ер юзи аҳолисини, шу жумладан, ватандошларимизни COVID-2019 аталмиш нопок балодан асрасин!
Асровчи Аллоҳдир. Дард ҳам, даво ҳам Унингдир. Ўзи кифоядир, ҳомийдир, подшоҳдир, нусрат берувчидир.