Макка аҳлининг санамлари мисоли
Аллоҳ таоло Макка аҳлининг санамлари мисолини келтиради: “Эй инсонлар! (Сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар” (Ҳаж, 73). Бу оятда Аллоҳ пашшанинг ҳақир эканини, унинг ҳеч нарсага қодир эмаслигини билдириш орқали, уларнинг тебранмас жонсиз санамлари мана шу ҳақир пашшадан ҳам кўра ожиз ва заиф эканини кўрсатиб қўйди. Шундай экан, қандай қилиб улар Қодир Зотга шерик бўлсин.
Яна айтдики: “Агар иккиси (Ер ва осмон)да Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди. Бас, Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир” (Ҳаж, 22). Бу оятда шериклар ўзаро рақобатлашиб, ўз ҳавойи нафслари ва хоҳиш-истаклари туфайли тортишиб келишолмай қолишлари кўрсатилмоқда. Агар сизлар ишонгандек, Аллоҳнинг шериклари бўлса, тартиб-интизом издан чиқиб, Ер ва осмон ҳам заволга учрар эди. Яна айтадики: “Акс ҳолда, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан (кибрга) кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эди (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди)” (Муъминун, 91).

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 18000 сўм