Саудия Арабистони Қиролининг 150 нафардан ортиқ қариндошида коронавирус аниқланди
Саудия Арабистонида Қироли Салмон ибн Абдул-Азиз Ал Сауд оиласининг 150 нафардан ортиқ аъзолари SARS-CоV-2 коронавирусини юқтириб олишди.
Бу ҳақда The New York Times Саудия Арабистонидаги ўз манбасига таяниб ёзмоқда.
Хабар қилинишича, Қиролнинг қариндошларига хизмат кўрсатадиган Қирол Файсал номидаги касалхонада 500 кишига жой ажратилган. Шаҳзодалардан бири Ар-Риёд губернатори реанимацияда, 84 ёшли қирол Салмоннинг ўзи Қизил денгиздаги оролда, Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Ал Сауд ва барча вазирлар эса изоляцияга олинган.
Маълумот ўрнида, Саудия Арабистонида пандемия билан боғлиқ қатъий қоидалар жорий этилган: мамлакатнинг барча йирик шаҳарлари карантинга олиниб, уйни фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ёки тиббий воситалари зарурати бўлса тарк этиш мумкин.
Тасдиқланган маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида коронавирусни 2,9 мингдан ортиқ юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Инфекция туфайли 41 киши ҳаётдан кўз юмган. 631 нафар бемор тузалган.