Садоқат ниҳолга ўхшайди
Экишдан аввал ерни тайёрлаш, ниҳолнинг яхшисини танлаш лозим. Қалб ер бўлса, садоқат нозик ниҳолдир. Ниҳолни садоқат билан парвариш қилиш зарур. Садоқат ҳар доим эҳтиёткорликни, эҳтиёткорлик эса сабрни талаб этади. Булар бир ерда жамлансагина, қалб мунаввар бўлади.
Садоқат сотиб олинмайди. Садоқат Тангрининг назари тушган қалбларга ўрнашади. Зеро, садоқати йўқнинг қалби яроқсиздир.
Бир эшик ёпилса, бошқаси очилади
Неъматларни берган Аллоҳ уларни олиб қўйиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло сизга зиёни етиши мумкин бўлган неъматни зое қилар экан, унинг ўрнига ҳар жиҳатдан фойдалисини ато этади. Бу неъматлар шунчалар тотли бўладики, уларнинг завқи билан олиб қўйилган аввалги неъматни эсдан чиқарасиз.
Бу, аслида, Аллоҳнинг туҳфаси. Сўрасак, У зот, албатта, беради. Гарчи биз Аллоҳнинг буйруқларини тўла бажармаётган бўлсак ҳам. Сўраганларимизга қўшиб бошқаларини, хаёлимизга келмаган неъматларни ҳам беради. Биз сўрашдан чарчашимиз мумкин. Аммо У зот беришдан асло чарчамайди.
Заҳириддин МАНСУР
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан