Мақолалар

Зарбулмасал

Чоп этилди Aprel 13, 2020 Зарбулмасалda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Умар розияллоҳу анҳу бирон-бир фақир шерик бўлмагунча овқатланмас эди. Бир куни бирга таомланиш учун бир мискинни олиб келишди. Ҳалиги жуда кўп таом еди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ғуломига: «Бу кишини олдимга (бошқа) киритманг. Зеро мен Набий алайҳиссаломнинг: Мўмин бир ичаги, кофир еттита ичагига ейди”, деб айтганларини эшитганман», деди (Имом Бухорий ривояти).

Уламолардан бир гуруҳи ҳадиснинг зоҳирига кўра, инсоннинг ичаги еттита: ошқозон, ўн икки бармоқли ичак, ингичка ичак, нозик ичак, кўричак, йўғон ичак, тўғри ичак. Кофир очкўзлиги сабаб мана шу етти ичагига, мўмин эса қаноати туфайли битта ичагига еб-тўяди, дейишади.

Кўпгина муҳаққиқ олимлар: “Ҳадисдан мурод унинг зоҳирий маъносини шарҳлаш эмас, балки ботинида нима маъно борлигини аниқлашдир”, деб бир қанча мулоҳазаларини баён этишди. Жумладан: “Мўминнинг дунёга зуҳди, кофирнинг дунёга ҳирси. Мўмин дунёни арзимас санагани боис бир ичаги билан, кофир дунёга ўчлигидан, етти ичаги билан ейди”, деб шарҳлашган.

Ҳадиснинг асл мақсади ҳақиқий ичак ёки ҳақиқий ейишни баён этиш эмас. Сон ҳам фақат муболаға учун ишлатилган. Мақсад – дунёга муккадан кетмаслик, мол-дунё талаб қилишда ҳаддан ошмасликни тушунтириш. Шунинг учун дунёга муккадан кетиш “ейиш” орқали ифодаланди.

Олимлар яна айтишади: “Ушбу ҳадис мўминнинг ҳалол таомларни ейишига, кофирнинг эса ҳаром луқма ейишига зарбулмасалдир”. Баъзи уламолар: “Бу ҳадис мўминнинг қаноати, кофирнинг очкўзлигини баён этмоқда”, деб шарҳлайди. Барча фикрлар бир-бирига яқин.

Ушбу ҳадисдан ҳамма мунофиқ очкўз, барча мўмин қаноатли, деган маъно тушунилмайди. Дарҳақиқат, баъзи салафларнинг кўп егани ва айрим кофирларнинг парҳез, роҳиблик ёки соғлиқ сабаб кам егани ривоят қилинади. Бу ердаги маъно мўмин дунёга учмаслиги, қаноати, тоат-ибодатга машғуллиги билан бошқалардан фарқ қилишидир. Фикримизни Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис қувватлайди: “Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига етти киши келди. Саҳобалар уларни бирма-бир ўз хонадонларига олиб кетишди. Набий алайҳиссалом бирини олиб кетдилар. Кейин ундан: “Исминг нима?” деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “Абу Ғазвон”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга еттита қўйнинг сутини соғиб бердилар. У ҳамма сутни ичди. Шундан сўнг Набий алайҳиссалом: “Эй Абу Ғазвон, мусулмон бўлишга нима дейсан?” дедилар. У: “Майли”, деб рози бўлди. Мусулмон бўлгач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг кўксини силадилар.

Кейинги куни тонг отгач, Набий алайҳиссалом Абу Ғазвоннга битта қўйнинг сутини соғиб бердилар. У ўша сутни охиригача ичмади. Шундан сўнг ундан сўрадилар: “Эй Абу Ғазвон, сенга нима бўлди?” У: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасам, ҳақиқатда ҳам тўйдим”, деб айтди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бўлмаса-чи, кеча сенда еттита ичак бор эди. Бугун эса битта”, деб жавоб бердилар.

“Манҳалул ҳадис” асаридан Сора ҲУСАЙН қизи таржимаси.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 4-сонидан