Нафсни тарбиялаш тўрт хилдир
а) Дунё ва охират саодатига эриштирувчи ҳақ дин ва тўғри таълим олиш;
Мусулмон банда учун энг муҳим бўлган жиҳат бу динимизни тўғрилигича, асл моҳияти билан қабул қилишдир. Акс ҳолда киши иккиланиб, тўғри йўлдан адашади. Бунинг учун эса, аввало, киши ўзини динимиз таълимотларига асосан тарбияламоғи лозим. Курашишни ҳам дастлаб ўз ҳавойи нафсига қарши қаратмоғи зарур бўлади. Қачонки бу курашда нафс устидан ақл ғолиб келиб, уни ўзига бўйсундирар экан, ана шундагина муқаддас динимизнинг асл моҳияти қирралари аслида қандай эканлигини англаб етилади. Маълумки, динимиз тинчликка, осудаликка, аҳилликка, ҳалолликка ва барча эзгуликларга буюриб, буларнинг акси бўлган барча хунрезлик ва ёвузликлардан қайтаради.
Инсон дунёга келиши биланоқ ўз нафсини қондириш пайига тушади. Чинқириб йиғлаган чақалоққа онаси кўкрак сутидан эмизиши биланоқ, у йиғлашдан тўхтайди. Қорни очса, тағин биғиллаб йиғлай бошлайди. Секин-аста катта бўла бошлагач, барча нарса ўзига тегишли бўлишини истаб, ўйинчоқларини ўзгаларга беришни асло хоҳламайди. Демак, нафси гўдаклигиданоқ унга ўз ҳукмини ўтказа бошлайди. Шу билан биргаликда, унинг ўзига яраша билими ҳам ошиб бораверади. Дейлик, аъзоларидан фойдаланиш, яъни оғиз билан ейиш, бурун билан ҳид билиш, кўз билан кўриш ва ҳоказолар. Кўзи билан ёниб турган оловни кўрганида, унга яқинлашмайди. Ейдиган нарсани аввал қўли билан ушлаб, сўнгра оғзига солади. Шундай қилиб, унда маълум маънода маърифат пайдо бўлади. Аммо унинг бу билим савияси нафсига қарши курашиш учун камлик қилади. Чунки аъзолар нуқсонли ҳисобланиб, хатога йўл қўйиб туради. Аста-секин вояга етиб, Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато қилинган улуғ неъмат бўлган ақли шаклланиб бораверади. Унинг ана шу ақли аъзоларининг йўл қўядиган нуқсон ва камчиликларини тўлдириб тўғрилайди. Мисол учун, бир киши саҳрода қолиб кетди. Саҳрода қолган кишининг ҳоли ҳаммага аён. Узоқдаги кўринган саробни сув деб ўйлайди. Аммо унинг ақли эса: “Йўқ, у сув эмас, у сароб, бу бир саҳро бўлса, сув унда нима қилади? Агар борсанг, толиқиб, чанқаб ҳалок бўласан”, дейди. Бемор бўлган кишиларнинг баъзиларида таъм билиш хусусияти йўқолиб қолади. Асал еса ҳам нордон туюлаверади. Унинг таъм сезиш аъзоси: “Бу асал эмас, аччиқ қалампир экан” деса, унинг ақли: “Йўқ, бу қалампир эмас, албатта, бу асал, сен бемор бўлганинг учун шундай туюлаяпти”, деб хатосини тўғрилайди. Хуллас, ақл неъмати улкан неъмат бўлиб, инсониятга кўп манфаат етишига сабаб бўлади. Аммо инсон барибир инсон, ана шу ақли билан ҳам нафсига курашишда ожизлик қилиб, камчиликларга йўл қўяверади. Чунки инсон ўз манфаати ва ўзгалар манфаати дуч келганда ёки нафсига мойдек ёқадиган, бир муддатлик алдамчи ором берувчи ичкиликбозлик ёки зинога дуч келганда, ақли ўта заифлик қилиб қолади. Демак, инсон ақли билан ҳам тугал бахту саодатга эришиб бўлмайди. Унда нима қилмоқ керак?
Бунинг учун аввал келтириб ўтганимиздек, инсоният учун икки дунёда битмас-туганмас, тугал бахту саодат келтирадиган илоҳий дастур қилиб берилган муқаддас динимизнинг асл мақсадини софлигича ўрганмоғимиз зарур. Ана шундагина биз мусулмонларнинг ақлимиз ҳавойи нафсимиз устидан ғолиб келиб, унга қарши курашган бўламиз. Бу эса манбаларимизда айтилишича, улкан яхшиликлар келишига сабаб бўлиб, барча офату балолардан сақланишда асосий омил бўлади.
б) билиб олгандан сўнгра унга амал қилишга интилиш;
в) билмаганларга ўргатиш ва уларни даъват қилишда нафсга қарши кураш. Зеро, ким илмни яширса, илм унга фойда бермайди ва уни Аллоҳнинг азобидан қутқармайди;
г) Аллоҳга даъват қилишда халқнинг азиятларига сабр қилиш учун нафсига қарши кураш.
Ким бу тўрт нарсани мукаммал адо этса, у раббоний кишилардан бўлади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм