Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоси сабабли ақли заиф боланинг шифо топиб, ақлининг ўткир бўлгани
Умму Жундаб (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Хасъам қабиласидан бир аёл эргашиб кетаётганини кўрдим. У билан бирга ақли заиф ёш бола ҳам бор эди. У аёл: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мана бу болам ва бошқа фарзандларим ҳам балоланиб, бу гапирмайдиган бўлиб қолди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга озроқ сув келтиринглар”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га сув келтиришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сувга қўлларини ювиб, оғизларини чайқаб, аёлга бердилар ва: “Буни унга ичиргин ва устидан қуйгин (бу билан ювинтиргин). Аллоҳ таоло унга шифо берсин!” дедилар. Аёлнинг олдига бориб: “Менга ҳам ўша сувдан берасанми?” деб сўрадим. У: “Сув мана бу балоланган (ногирон) бола учун аталган”, деб жавоб берди.
Орадан бир йил ўтиб ўша аёлни учратиб қолдим ва ундан ногирон фарзанди ҳақида сўрадим. У: “Болам шифо топиб тузалиб кетди. Ақли шундай ўткирки, бошқа инсонларникига ўхшамайди”, деб жавоб берди»[1].
[1] Абу Нуъайм ривояти. “ад-Далоил”, – Б. 399.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган