Мақолалар

Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлар, афсуски, йўқ эмас

Чоп этилди Fevral 27, 2019 Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлар, афсуски, йўқ эмасda fikr bildirishni o'chirish

Сир эмаски, бугун кўплаб юртдошларимиз хорижга ишлагани чиқиб кетишмоқда. Улар орасида хориждан мўмай даромад билан қайтаётганлари ҳам йўқ эмас, аммо баъзи бир ёшларимиз ўз уйидан олисда, оиласи ва яқинлари назоратидан ташқарида қолишгач, турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам бор гап. Шу боис мамлакатимизда хорижий давлатларга чиқиб кетаётган фуқароларимиз ўртасида умум профилактик тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида ҳам ташкил этилди. Унда даставвал “Ислом моҳияти ва талқин” видеофильми намойиш этилди. Ушбу фильмда ислом динининг асл моҳияти ёритиб берилган. Шунингдек, фильмда ислом дини ниқоби остида ўзларининг пуч ғоялари билан ёшларнинг онгини заҳарлашга уринаётган оқимлар ва уларнинг аянчли қисмати акс этган лавҳалар ҳам намойиш қилинди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари А.Ҳайдаров сўзга чиқиб, диний экстремизм ва терроризм ўчоқлари ҳисобланган Сурия ва Ироқ давлатларида юз бераётган аянчли воқеалар, нохуш ҳолатлар, чет элга ишлаш учун кетиб, билиб-билмай ҳар хил оқимлар таъсирига тушиб қолаётган айрим ватандошларимиз, шу жумладан, адашганларнинг аянчли қисматларига тўхталди.

– Дунё ҳамжамиятида глобал муаммога айланиб улгурган терроризм, экстремизм хавфи афсуски юртимизда ҳам тобора ортиб бормоқда. Улар мусулмонлар учун ёт бўлган қарашларни ёшларга ўргатиб, ўз ватанларига қарши ғоявий қуроллантираётгани афсуски ҳақиқат, – деди А.Ҳайдаров ўз сўзида.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққанлар чегарани билмайдиган ва ҳудуд танламайдиган терроризм, диний экстремизм ва ақидапарастлик каби таҳдидлар кескинлашаётган бир пайтда аҳоли ва ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш энг асосий вазифа эканлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жойлардан хорижга ишлаш ёки бошқа мақсадларда чиқиб кетганлар ва қайтиб келганлар, шунингдек, диний ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушиб қолганлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда зарур чоралар кўрилиши лозимлиги ҳақида эслатиб ўтди.

Н.Мусаев,

Туман Кенгаши Ёшларни ижтимоий ҳимоялаш ва

матбуот билан ишлаш бўйича бош мутахассиси