Мақолалар

Меҳридарё қўшнилар

Чоп этилди Aprel 19, 2020 Меҳридарё қўшниларda fikr bildirishni o'chirish

Қишнинг совуқ кунларидан бири, қош қорайган пайт эди. Кимдир чақиргандай бўлди. Ташқарига чиқсам, рўпарадаги қўшнимнинг фарзанди бир этак ўтин билан турар эди:

– Холажон, мана бу ўтинни аям бериб юбордилар.

Раҳмат, умрингиздан барака топинг, – дедим ўтинларни олиб, бўшаган этакни болага тутар эканман. Изғирин кунда бир бойлам ўтин ҳам неъмат­да – корингга ярайди. Чиройли саржин қилинган тарашаларни ўчоқбошига жойлаб уйга қараб юргандим, шу пайт ҳовлиларимиз орасидаги дарча эшиги очилиб, ён қўшнимнинг келини кўринди. Қўлида бир коса иссиқ овқат, тандирдан эндигина узилган нон билан жилмайиб турарди.

Бир пайтлар раҳматли онам ўз кўрган-кечирганларидан хулоса қилиб айтганлари ёдимга тушди.

Ёш қизча эдим, – деган эди ўшанда раҳматли онам. – Урушдан кейинги оғир кунлар… Қиш совуқ, еб­-ичишнинг чораси қийин эди. Одамлар тут пишиғига етиб олгунга қадар нима топса, ўртада баҳам кўрганлар. Маҳаллада бирор аёлнинг кўзи ёриса, қўни­-қўшнилар она ва болани совуқдан асраш учун шу хонадонга, аввало, ўтиндан ёрдам қилар эдилар. Бу эзгу амал савоб умидида бўлгани учун ҳеч ким миннат кўчасига яқинлашмасди. Кейин онам бизга насиҳат қилиб тайинларди: “Қўшнилар билан меҳр­-оқибатли бўлинглар. Инсоннинг бошидан яхши-­ёмон кунлар ўтади. Қон­қариндош келгунча, ёнингда турадиган ҳам, бир коса овқат тутадиган ҳам қўшнилар. Боболар бекорга айтишмаган: “Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони афзал”.

Ҳақиқатан ҳам, қўшнинг тинч – сен тинч. Зеро, ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнисига яхшилик қилмай, қийинчиликда ташлаб қўйганларнинг ўзлари ҳам ана шундай ҳолга тушишлари ҳақида огоҳлантирганлар. Қаранг, онажонимнинг ҳикматли ўгит-­насиҳатларига амал қилиб, унинг мевасидан тотиб турибман. Бир­-биримизга савоблар улашаверайлик, меҳридарё, оқибатли қўшнижонларим.

* * *
Тўйингда меҳмонмас, мезбон қўшнилар,
Эрта-кеч ҳовлимга посбон қўшнилар.

Оҳ, десам ёнимга югуриб етган,
Косада сув тутган гирён қўшнилар.

Омадим ёр бўлса қутлуғ, дегайлар,
Минг дарду балога қалқон қўшнилар.

Ғам-ташвиш тортганда ўз гирдобига,
Умидга боғлаган арқон қўшнилар.

Ҳайиту байрамда ҳадя улашган,
Қалби пок, орзуси осмон қўшнилар.

Ҳар эзгу амалдан савоблар унгай,
Сиз гўё дардимга дармон, қўшнилар.

Саодат уйини обод айларсиз,
Сиз учун жаннатда айвон, қўшнилар.

Ёқутхон ОБИДОВА

Андижон вилояти Асака тумани

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 4-сонидан