Теҳронга ҳаёт қайтмоқда
Эрон пойтахти Теҳронда COVID-19 туфайли қарийб бир ой давом этган турғунликдан сўнг савдо нуқталари очила бошлади.
Шаҳар ҳукумат томонидан режалаштирилган, фуқаролар ўртасидаги жисмоний масофани белгилаш бўйича чоралардан ташқари, коронавирус тарқалишини келтириб чиқариш хавфи жуда кам бўлган омиллар, масалан кичик дўконларнинг очилиши, айрим тадбиркорлик фаолияти шаклларининг тикланишини назарда тутувчи, “онгли ижтимоий масофаланиш” тартибига бир ҳафта кечроқ қўшилди.
Ушбу режа аввалига мамлакатнинг аксарият минтақаларида 11 апрелдан жорий этилди. Теҳронда эса ҳукумат томонидан жойларда коронавирус билан боғлиқ статистика эълон қилиниши тўхтатилганча касалланиш ҳолати энг кўп ҳудуд бўлгани учун муайян савдо нуқталари бироз кечроқ ишга тушди.
Шаҳар жонланмоқда
Шаҳарда киши кўзига ташланадиган дастлабки ноодатий манзара, бу — кўчалар машинага тўлалиги. Кейинги ойларда ўрганиб қолганимиз – деярли бўш йўлларда яна автомобиллар карвони, коронавирусдан олдинги даврлардаги узундан узоқ тирбандлик ҳосил бўлган.
Эронда ҳафтанинг биринчи иш куни – шанба. Шу боис, кўчалар гавжумлигига ажабланмаса бўлади. Кўпчилик соғиниб қолган иш жойига шошяпти. Фақат биргина ҳолат ноодатий. Негадир, шаҳарда нисбатан жим-житлик ҳукм суради. Демак, ҳар ҳолда чўзилиб кетган карантиннинг салбий таъсири сезилиб турибди.
Одамлар ҳали ниқоб ва қўлқоплардан воз кечгани йўқ, бироқ онда-сонда ҳимоя воситаларисиз бемалол сайр қилиб юрганлар ҳам кўзга ташланади. Улар билан гаплашсангиз, гўё шаҳарда коронавирус умуман бўлмагандек тасаввур уйғотишади сизда.
Бир ой ишламадик!
Оптика, мусиқий асбоблар, маиший техника, китоб билан савдо қилувчи дўконлар – бир қарашда аввалига 20 мартда, янги йил байрами муносабати билан ёпилган, кейин эса ҳукумат қарори асосида уланиб кетган танаффус туфайли ишламаган савдо нуқталари рўйхати шундай.
“Биз 1-фарвардин (ойнинг номи) – наврўздан буён (Эронда янги йил – 20 мартда бошланади) ишламаяпмиз. Аввалига байрам кунлари, сўнгра ҳукумат топшириғи билан дўконларни бугунгача очмаслик буюрилди“, — дейди Теҳрон марказидаги Ҳафиз кўчасида жойлашган мусиқий асбоблар дўкони сотувчиси Воҳид.
Нима учун бундай дўконларни очишга рухсат берилганини Воҳиднинг кейинги гапидан ҳам англаб олса бўлади: “Ҳали бирорта ҳам харидор келмади. Ахир, гитара ёки синтезатор одамлар учун биринчи навбатда зарур бўладиган маҳсулот эмас-да“.
Дарҳақиқат, ҳозирча ё қиммат ёки унчалик керак бўлмаган, яъни ҳар куни харид қилишга тўғри келмайдиган буюмлар сотиладиган дўконлар очилган.
Фаолият юритиш учун берилган рухсатнома – Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган QR-код шаклидаги бир варақ қоғозга туширилган ҳужжатни пештахтага осиб қўйишибди.
Худди шундай рухсатномалар мусиқий дўкон билан бирга оптика, овоз ёзиш техникаси ва бошқа шунга ўхшаш маҳсулотлар сотиладиган савдо нуқталарига кираверишда ҳам илинган. Айримлар эса ҳали ҳужжатни кўринарли жойга ёпиштириб қўйишга ҳам улгурмабди, улар чанг босган жавонларни тозалаш билан овора.
Овоз ёзиш техникалари сотадиган Амир энди, дўкони очилгач, қай тарзда ишлаши ҳақида гапириб берди: “Бугун бошладик ишни. Мижозларимиз унчалик кўп эмас. Бунинг устига, одатда биз телефон орқали ишлаймиз – мижозларимиз ўзлари қўнғироқ қилиб, буюртма беришади“.
Унинг айтишича, ҳозирча буюртма йўқ, чунки маданий, диний ва бошқа турли маросимлар, тадбирлар, концертлар бекор қилинган.
Бинобарин, маҳсулотларига доимий равишда талаб бўладиган айрим тадбиркорлар ўтган бир ой давомида ҳам вазиятдан чиқишнинг “йўлини топишибди”: дўкон расман ёпиқ бўлса-да, улар ўз мижозларини етказиб бериш хизмати орқали зарур маҳсулотлар билан таъминлаб туришибди.
Қурбонлар сони ўсиши камайган
Теҳроннинг турғунликдан чиқиш даври мамлакатда коронавирусдан соғайиб чиқаётганлар сафи кенгайиб бораётган пайтга тўғри келди. Шу билан бирга бир сутка давомида ҳалок бўлаётганлар сони ҳам кундан-кун камаймоқда. Шундай бўлса-да, ҳукумат ҳозирча COVID-19 устидан қозонилган ғалаба ёки касаллик билан курашдаги бурилиш нуқтаси ҳақида гапиришга шошилмаяпти.
Мамлакатда коронавирус аниқлангани илк бор овоза қилинган 19 февралдан бошлаб, бугунги кунгача Эронда 80 868 киши COVID-19 билан зарарланган. Улардан 5,1 минг киши вафот этди. Беморларнинг ярмидан кўпи, аниқроғи 56 минг нафари тузалди.
Статистик маълумотларга кўра, 30 март Эронда касалланиш ҳолати бир суткада энг кўп ошган кун сифатида қайд этилди. Ўша куни мамлакатда вирус юқтирганлар сони 3186 нафарга кўпайган. Шундан кейин хасталик урчиши миқдори ортга кета бошлаган. 14 апрелдан бошлаб эса қурбонлар суткасига 100 нафарга ҳам етмаяпти. Тўрт кундирки, бу ижобий анъана давом этиб, коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмаётган инсонлар сони камайиб бормоқда.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади,
ЎзА