Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди
Ижтимоий тармоқда қуйидаги маълумот эътиборимни тортди: “Ёш гўдак яшаши учун кунига тўрт, қалби ривожланиши учун саккиз, улғайиши ва ривожланиши учун ўн икки, иқтидор эгаси бўлиши учун эса йигирма марта бағирга босиш, меҳр-эътибор кўрсатиш керак бўлади…”
Бугун атрофда содир бўлаётган жиноятлар, ўз жонига қасд қилиш, гўдагини ташлаб кетиш каби аянчли ҳолатларнинг сабабларидан бири мана шу нуқтада ойдинлашгандек бўлади. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кичик ёшдаги болаларга қилган гўзал муомалалари ва меҳрибонликлари ҳақида кўплаб ривоятлар келтирилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом набиралари Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Олдиларида Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бир кишини шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлди. Котиб фармонни ёзаётганда бир гўдак кириб халифанинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркалади. Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб: “Бу гўдак ўз ўғлингизми?” – деб сўради. “Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман”, – деди ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу. У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканига ажабланиб: “Менинг кўп фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?” деди.
Халифа бу гапни эшитиб, ёзилган фармонни йиртиб ташлади: “Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?!” – деди.
Бола психологияси мутахассислари ҳам гўдак ҳаётининг илк даврида ота-онаси кўрсатган меҳр-эътибор инсон руҳиятининг тўғри шаклланишига замин яратишини айтишади. Айниқса, 7 ёшгача болалар учун ота-онасининг фикри, муҳаббати етакчи ҳисобланади. Шу боис ҳам болада соғлом руҳий ҳолат шаклланиши учун ҳаётининг илк йилларида ота-онасининг меҳри, эркалашини ҳис қилиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, меҳр олган меҳр беради.
Абдували ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 5-сонидан