Турли хатарлардан огоҳ бўлиш
Ахлоқсизлик, бузуқлик, ичкилик, чекишга ружу қўйиш ва нафсга қуллик оқибатида пайдо бўладиган касалликлардан фарзандни доим огоҳ этиш керак. Бунинг учун нафсга эрк бериш ва бузуқлик оқибатида келиб чиқадиган аянчли ҳолатларни тўғри тушунтириш мақсадга мувофиқ. Табиийки, ўз танасига етадиган озор, саломатлигидан айрилиш қўрқуви фарзандни бу хатарли йўллардан қайтаради.
Жинсий йўллар орқали юқувчи инфекциялар жуда хавфли касалликларга дучор этади. Улар бемор танасида ҳам, жамият учун хам оғир асоратлар қолдиради. Энг олдин эркак ва аёллар репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, болаларда оғир туғма касалликларга сабаб бўлади, бемор ички аъзоларининг оғир жароҳатларига олиб келади. Улар асосан жинсий йўл орқали тўғридан-тўғри юқади.
Ижтимоий текширувлар шуни кўрсатдики, аксарият 14–16 ёшдаги ўсмирлар учун ушбу касалликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишув долзарб бўлиб кўринади. Аммо болаларни ушбу маълумотлар келажакда уларга фойдали бўлишига ишонтириш лозим. Зеро, бу саломатликни, баъзи холларда эса, ҳаётни сақлашга ёрдам беради, жисмоний ва маънавий изтиробларнинг олдини олади, шахс саломатлигини таъминлаш йўлида тўғри қарор қилишига ёрдам беради. Ҳозирги вақтда жинсий йўл орқали юқувчи касалликларнинг 20 дан зиёд қўзғатувчиси маълум. Шунинг учун фаҳш ишлар орқали юқадиган хавфли касалликларни баён қиламиз:
Хламидиоз – жинсий йўллар орқали юқувчи энг кўп тарқалган касалликлардан бири. Ҳўжайра ичи паразити хламидийлар келтириб чиқаради. Хламидиоз, аниқроғи, урогенетал (сийдик-жинсий) хламидиоз венерик касалликлардан саналади. Бу юқумли инфекцион касаллик бўлиб, унда хламидийлар одамнинг жинсий аъзолари ва сийдик йўлларини жароҳатлайди.
Гонорея (сўзак) – кўҳна юқумли касаллик бўлиб, у жуда қадимдан маълум. У ҳақида маълумотлар эрамиздан уч ярим минг йил аввалги Миср табобатининг қадимий тарихий ёдгорлиги “Эберс Папируси”да учрайди. Бу касаллик тарқалиши бўйича хламидиоздан кейинги ўринда туради. Гонорея ҳақида адабиётларда қайта-қайта ёритилса ҳам, лекин унга нисбатан асосланмаган бепарво муносабат ҳамон сақланиб қолмоқда. Сўзак касаллиги, асосан, зино орқали юқади. Бачадон ва тухумдонда ўткир ёки сурункали шамоллашга сабаб бўлади. Бепуштлик ва бўғимларнинг шамоллашига олиб боради. Туғиладиган болага салбий таъсир этади, унинг кўзларида шамоллаш пайдо қилиб, оқибатда кўр бўлишга олиб келади.
Сифилис (заҳм) – бу сурункали венерик касаллик бўлиб, тери, шиллиқ қаватлар, ички аъзолар, суяк ва асаб тизимини жароҳатлайди. Бу туғма ёки орттирилган умумий юқумли касаллик бўлиб, даволанмаган беморларда узоқ йиллар давом этади, қўзиш даврлари, яширин даврлари алмашиниб туради. Бу Оврупа мамлакатларида зино орқали тарқалгани учун “Оврупа касаллиги” деб ҳам аталади.
Трихомониоз – етарлича кенг тарқалган касаллик. Унинг қўзғатувчиси трихомонада бир ҳужайрали зараркунанда бўлиб, эркаклар ва аёлларни касаллантиради.
Герпес – вирусли юқумли касалликлардан бўлиб, такрорий кечиши, тери ва шиллиқ қаватларда тошмалар тошиши, марказий ва периферик асаб тизими, кўзни зарарлаши билан фарқланади. Булар вақтида аниқланиб даволанмаса, бепуштлик, ҳомиланинг тушиб қолиши ёки ривожланмаслиги, бачадон саратони (раки), кўрлик, юрак хасталиклари, руҳий касалликлар ва бўғимларнинг шикастланиши каби жиддий оқибатларга олиб келади.
Жинсий яралар касаллиги зино – ҳаром жинсий алоқа билан юқадиган касаллик. У шиллиқ тўқималарнинг шамоллашига сабаб бўлади. Сурункали йирингли яра, чипқон, сийдик йўллари шамоллаши ва айрим аъзоларнинг шишувига олиб келади.
Юмшоқ яра касаллиги ҳам зино орқали юқади. Таносил аъзоларида оғриқли яраларга сабаб бўлади. Терига тез ёйилади.
Жинсий аъзоларнинг эрта етилиш касаллиги шаҳватни ўз вақтидан олдин ва шаҳват безлари етилмасдан қўзғатиш сабабли ўсмирларда пайдо бўлади. У тана хунуклашувига ва ҳатто руҳий хасталикка ҳам олиб келади.
Жинсий заифлик хатарли касаллик бўлиб, эркак билан эркак (баччавозлик) ёки аёл билан аёл кифояланишидан (трибадизм) келиб чиқади. Бу касаллик кўп мамлакатларда, жумладан, “маданиятли” деб аталган давлатларда кўп учрайди.
Жинсий ҳавас касаллиги. Бу касалликга дучор бўлган киши кўп вақтини фаҳшни хаёл қилиш билан ўтказади. Бунга мубтало бўлган кишининг ақли пасаяди, хотираси суст бўлади, ғафлатга ботади, эътибори заифлашади. У худди хафа ва қийналгандек кўринади. Бу дард ҳатто руҳий касаллик келтириб чиқаради.
Фаҳш ишларнинг жамиятда хатарлари жуда кўп. Улардан айримлари қуйидагилар:
– шаҳватга берилиш, гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликларга муккасидан кетиш;
– одам савдоси, хусусан, аёлларни сотиш, фоҳишалик билан шуғулланиш;
– айрим аёл-қизларнинг бузилиши, ҳаёсиз либослар кийиши;
– ахлоқсизлар, безорилар ва нафсига қул бўлганлар кўпайиши.
Тарихда бир давлат раҳбари афсус билан бундай деган: “Мамлакатнинг келажаги хатарда. Чунки кўп ёшлар ахлоқсиз, шаҳват гирдобига шўнғиган, масъулиятни ҳис қилишмайди. Ҳар етти ўсмирдан олтитаси ахлоқий бузуқ, шаҳват уларни домига тортиб, жисман ва руҳан заифлаштирган”.
Айрим ёвуз кишилар хориж мамлакатларидаги бузуқлик тўлқинларини обод ва фаровон юртимиз томон ҳаракатлантиришга уринмоқда. Тижорат ёки ишга жойлаштириш мақсадида ёшларни алдов йўли билан хорижга сотиб юбориш, яъни одам савдоси каби пасткашлик билан шуғулланадиганлар учраб турибди. Бундай бузғунчиликлар юртимизнинг бугуни ва ёруғ келажагини кўролмайдиган халқимиз душманларининг ишидир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм