РАМАЗОН ЁҒДУСИ: саховат ва кўмак азалий қадриятларимиздир
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: “…эл бошига иш тушган қийин дамларда бир-бирига елкадош бўлиш, бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида азалдан мужассам бўлганини, бугун ушбу интилишлар янада кучлироқ жўш ураётганини намоён этади”, дея таъкидлаб ўтди.
Маълумки, халқимиз азал-азалдан бошига мусибат келганда қўлни қўлга бериб, ҳамдард бўлиб келган. Бунга ёрқин мисол қилиб, Иккинчи жаҳон урушида кўрсатилган юксак жасоратни келтиришимиз мумкин. Ўша йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тақчиллигига қарамай, халқимиз уйидаги бор будини фронт учун сарфлади. Жумладан, урушнинг тўрт йили давомида Ўзбекистон давлатга миллион-миллион тонна пахта, пилла, ғалла, гўшт, шоли, картошка, сабзавот, ҳўл ва қуруқ мева етказиб бергани маълум.
Шу боис Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
Бу ташаббусни халқимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди. Бинобарин, мана шундай синовли кунларда бир-биримизга ғамхўр, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ ва тиргак бўлишимиз инсонийликнинг энг олий намунаси, десак асло муболаға бўлмайди.
Бундай эзгу қадриятлар диний таълимотларимизда ҳам ўз ифодасини топган. Тарихда ҳам мана шундай мусибатли кунларда халқ дарди ва корига камарбаста бўлиш борасида ибратли воқеалар бўлиб ўтган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Мадинада қурғоқчилик бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу Шомга тижорат ишлари билан кетган эдилар. Қурғоқчилик хабари Усмон розияллоҳу анҳуга етганида бор тижоратларига озиқ-овқат сотиб олиб қайтдилар. Бу хабар Мадинага етгач Мадина тожирлари (тижоратчилар) шаҳардан ташқарига чиқиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг карвонларини кутиб туришди. Карвон етиб келганида улар Усмон розияллоҳу анҳуга катта фойдаларни ваъда қилишди у зот эса кўнмадилар. Шунда Мадина тожирлари: “Нима, бундан-да кўпроқ фойда кўзладингми?”, деб сўраганларида, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Улар ҳайрон бўлиб: “Кимга, қанча фойдага?”, деб яна сўрашди. Усмон розияллоҳу анҳу: “Бу карвондаги барча озиқ-овқатларни Аллоҳ ва Унинг Расулини розилиги учун Мадина аҳлига эҳсон қилдим”, деган эканлар.
Дарҳақиқат, муқаддас ислом динида мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ундалади. Чунки, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб борувчи йўллардин биридир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة آل عمران/92)
яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар:
“عَلَي كُلِّ مُسْلِمٍ صَدَقَةٌ قَالُوا يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجِدْ ؟ قَالَ: يَعْمَلُ بِيَدِيهِ فَيَنْفَعُ نَفْسَهُ وَ يَتَصَدَّقُ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ : يُعِينُ ذالحْاَجَةِ الْمَلْهُوفَِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ؟ قَالَ: يَأْمُرُ بِالْمَعْرُوفِ أَوْ بِالْخَيْرِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ ؟ قَالَ: يُمْسِكُ عَنِ الشَّرِّ فَاِنَّهَا لَهُ صَدَقَةٌ“ (متفق عليه)
яъни: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади.
Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.
Демак, инсон қўлдан келганча хайр-эҳсон қилиши билан ҳам ўзгаларга наф келтиради, ҳам ўзининг номаи амолига яхшиликлар битиб қўяр экан. Айниқса, кириб келган Рамазони шариф ойида бундай ишларга камарбаста бўлиш савобларни бир неча юз ва ҳатто минг ажру савобларга сазовор этади.