Мақолалар

Музораъа. Деҳқончиликда шерикчилик қилиш

Чоп этилди Aprel 25, 2020 Музораъа. Деҳқончиликда шерикчилик қилишda fikr bildirishni o'chirish

“Музораъа” арабча сўз бўлиб луғатда “етиштириш, ўстириш”, деган маъноларни англатади. Шариатда ўзаро шерикчилик асосида деҳқончилик қилишга айтилади. Фиқҳий китобларда унинг таърифи қуйидагича: “Музораъа ҳосилнинг баъзисига шериклик учун тузилган шартномадир”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарни яҳудийларга унда ишлаб, зироатчилик қилишлари учун бердилар. У ердан чиқадиган нарсанинг ярми уларга бўладиган бўлди” (Имом Бухорий, Имом Байҳақий ривояти).

Унинг тўғри бўлиш шарти қуйидагилар:

  •  ер экинга яроқли бўлиши;
  •  шартнома тузувчилар унга аҳл бўлиши. Ҳар бири балоғатга етган ақлли расо бўлиши;
  •  муддати ҳосил пишиб етилиш вақтидан кам бўлмаслиги;
  •  уруғ кимдан, ер эгаси ёки деҳқондан бўлиши ва навининг тури аниқ бўлиши;
  •  икки тарафнинг ҳам улуши маълум қилиниши;
  •  ер билан ишловчига тўсиқ бўлмаслиги. Масалан, айни пайтда бошқа бир кишига ижарага берилган ёки ерда бошқа экин бўлмаслиги ва шу каби монеликлар йўқ бўлиши керак.
  •  Ҳосил шерикчиликка лойиқ бўлиши. Масалан, бир тонна ёки фалон кило менга, қолгани сенга ёки ернинг бу томонидан чиққаси сенга, мана бу томониники менга, деб бўлмайди. Чунки ҳосил қанча чиқиши номаълум. Шартнома тузишда “тенг ярми”, “учдан бири” каби ёки “бунча фоизи” деб зикр қилиш тўғри бўлади. Шунингдек, дони менга, сомони сенга, дейиш ҳам бўлмайди.

Музораъа фақатгина ер ва уруғ биридан, ҳўкиз ва иш бошқасидан ёки ер биттасидан ва қолгани бошқасидан ёхуд иш биридан ва қолгани бошқасидан бўлганда тўғри бўлади.

Қачон музораъа тўғри бўлса, чиққан ҳосил шартга биноан тақсимланади. Агар ҳеч нарса чиқмаса, ишчига ҳеч нарса йўқ. Агар уруғ эгаси ер ҳайдалгандан кейин шерикчиликдан бош тортса, ишчини рози қилиш вожиб бўлади. Агар музораъа фосид – бузуқ бўлса, ҳосил уруғ эгасига ва бошқага ажри мисл, яъни шунга ўхшаш ҳолдаги одамга тўланадиган ҳақ берилади.

Икки шартномачидан бирининг ўлими билан битим ботил бўлади. Лекин экин ўсиб турганда вафот этса, ҳосил йиғиб олингунча шартнома ўз кучида қолади. Музораъа шартномаси ҳам зарурат юзасидан бузилиши мумкин. Ерни сотишга мажбур қиладиган қарз бўлса, шартнома қози томонидан бекор қилинади. Лекин ўсимлик ўсиб турганда то ҳосил олингунча ер сотилмайди.

Келишилган муддатда экин пишмаса, ишчи ер эгасига ҳосил пишгунича бўлган муддат учун ернинг ижара ҳақини тўлайди. Ҳосилни йиғиш харажатлари икки томоннинг ҳиссасига кўра бўлади. Лекин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ишчининг зиммасига қўйилса, жоиз деган, фатво ҳам шунга берилган.

Абдулла ДЕҲҚОН тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 5-сонидан