“Жуфти ҳалол”, “хотин”, “йўлдош”…
Қуръони каримда аёл эрига боғлиқ ҳолда бир неча хил зикр қилинган:
1) Завжатун – жуфти ҳалол;
2) Имроатун – хотин;
3) Соҳибатун – йўлдош.
Умумий маънода, аёлларга нисбатан “нисо” – аёллар калимаси ишлатилган.
Қуръони карим таълимотига кўра, эркак ва аёл ўртасида фақат жисмоний яқинлик бўлса, у ҳолда аёл эри учун имроатун – хотин ҳисобланади.
Башарти, ўша яқинликка фикрий, эътиқодий, ишқий уйғунлик қўшилса, у ҳолда аёл эри учун завжа – жуфти ҳалол ҳисобланади:
«Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оятибратлар бордир» (Рум сураси, 21-оят).
«Улар: “Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шодхуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин”, дейдиган кишилардир» (Фурқон сураси, 74-оят).
Ушбу икки оятда эрни ҳам дунёвий, ҳам диний томондан қўллаб-қувватлайдиган аёлгина унга завжа – жуфти ҳалол бўла олиши айтилган. Илло, эри билан ҳидоятда бўладиган диндор ва тақводор аёлгина кўз қувончи бўлиши мумкин. Шунинг учун Қуръони карим бундай аёлни шунчаки (имроатун) хотин деб эмас, балки “завжа”, яъни “жуфти ҳалол!” деб номлади. Эр билан ҳидоят йўлини тутмайдиган аёл эса жуфти ҳалол деб аталишга нолойиқ, у бор-йўғи хотин, холос.
Қуръони каримда мўминларнинг оналари хотин (имроатун) деб эмас, балки жуфти ҳалол маъносини англатувчи “азвааж” номи билан аталади. Чунки улар эрлари – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир эътиқодда бўлиб, бу дунёни Аллоҳ ва У зотнинг элчиси рози бўлган ҳолда тарк этдилар.
«Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридирлар» (Аҳзоб сураси, 6-оят).
Бироқ қандайдир сабаб ёки шароитга кўра, эр-хотиннинг ўртасида жинсий яқинликдан бошқа қалбий ёки фикрий уйғунлик қарор топган бўлмаса, худди Таҳрим сурасида келгани каби Қуръони карим бундай аёлни “хотин” деб атайди: «Аллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди» (Таҳрим сураси, 10-оят).
«Аллоҳ имон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди» (Таҳрим сураси, 11-оят).
Тафсирларда “завжа” ва “имроа” калималарини Закариё алайҳиссалом мисолида ҳам учратиш мумкин. У зот зурриёт сўраб Аллоҳ таолога бундай дуо қилади: «… Хотиним туғмас бўлиб қолган. Бас, (менга) Ўз даргоҳингдан бир валий – ортдан қолгувчи (яъни фарзанд) ҳадя эт”» (Марям сураси, 5-оят).
Унинг аёли имон келтирганлардан бўлишига қарамай, оятда “завжа” эмас, “имроа” калимаси қўлланилган. Бунинг ўзига яраша (сабаби) изоҳи бор. Уламолар аёли узоқ йиллардан бери фарзанд туғмай келаётгани сабабли иккисининг орасида ўзаро ихтилоф ва муросасизлик пайдо бўлган ва шунинг учун Закариё алайҳиссалом аёлини “имроа” деб айтган бўлиши мумкин, дейдилар.
Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссалом ҳақида хушхабар берганида, “завжа” калимасини зикр этади: «Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик» (Анбиё сураси, 90-оят).
Шунингдек, Қуръони каримнинг Абу Лаҳаб ва аёли ҳақидаги оятида унинг аёлига нисбатан “имроа” калимаси қўлланилади: «Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!» (Масад сураси, 3–5-оятлар).
Негаки, эр-хотиннинг иккаласи ҳам мушрик бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилишларига қарамай, ўрталарида доимо уруш-жанжал юз берарди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни жуфти ҳалол эмас, балки хотин деб атади.
Қиёмат кунида эр ва аёл ўртасидаги ришталар (алоқалар) – хоҳ жисмоний бўлсин, хоҳ руҳий – ҳаммаси узилади. Ана ўшанда аёлга нисбатан “соҳиба” калимаси ишлатилади:
«У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию болачақасидан ҳам қочур!» (Абаса сураси, 34–36-оятлар).
Аллоҳ таоло жуфти ҳалол ва зурриётларимизни кўз қувончимиз қилсин!
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан