Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Бир танишим ўғлига “Муҳаммад” исмини қўйса, қариндошлари бу исм болага оғирлик қилади, дейишибди. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Исм болага оғирлик қилади, деган гап нотўғри. Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак исмлари ҳам оғир бўладими?! Аксинча, бу каби исмлар табаррук ҳисобланади. Бу исм бор оилада баракот бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менинг исмимни қўйинглар! Кунямни қўйманглар. Чунки мен сизнинг ўртангизда (илмни) тақсимловчи қилиндим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом очиқ-ойдин исмларини қўйишга тарғиб қилмоқдалар. Шу билан бирга кунялари бўлмиш “Абул Қосим” билан куняланишдан қайтармоқдалар. Уламолар бунинг сабаби борасида турли фикрларни билдирганлар. Кўпчиликлари, бу қайтариқ у зотнинг ҳаётлик чоғларига тегишли, деган сўзни устун кўрадилар.
Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак ва яхши одам экани билиниб туриши лозим.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун (фарзандларга) чиройли исм қўйинглар!” деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти). Валлоҳу аълам.
САВОЛ: Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақида: “У киши жаннатга эмаклаб киради”, деган ҳадис саҳиҳми?
ЖАВОБ: Абдурраҳмон ибн Авф ал-Қураший (580–656 м.й.) Ислом динини биринчилардан бўлиб қабул қилган саккиз мусулмондан бири. Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага ҳижрат қилган. Тириклигидаёқ жаннатга кириши башорат қилинган ўнта саҳоба розияллоҳу анҳумлардан.
Абдурраҳмон ибн Авф Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидаги барча ғазотларда иштирок этган. Жумладан, “Бадр”, “Уҳуд” ва “Хандақ”, “Байъатур ризвон”да қатнашдилар. Аллоҳ таоло Бадр ғазоти ва “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалардан рози бўлгани ва мағфират қилгани ҳақида Қуръони каримда очиқ баён қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Табук ғазотида Абдурраҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намоз ўқиганлар.
Умар розияллоҳу анҳу ўлими олдидан, ўзидан кейин халифа сайлаш учун олти кишилик кенгаш тузди. Абдурраҳмон ибн Авф ўша кенгаш аъзоси эди.
У зот Аллоҳнинг фазли билан ниҳоятда бой бўлган. Жуда саховатли ва молни ўз ўрнига сарфлар эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин мўминларнинг оналарига кўп эҳсон қилган.
У зот 32 ҳижрий йилда вафот этди, жанозаларини Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқиди, Бақиъ қабристонига дафн қилинди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг жаннатга эмаклаб кириши ҳақида баъзи ривоятлар етиб келган. Жумладан: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Ойша розияллоҳу анҳо уйидан Мадинадаги шовқинни эшитиб: “Бу қандай шовқин?” деб сўради. Шунда: “Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юзта туядан иборат карвони Шомдан юкларни олиб келяпти”, дейишди. Мадина шаҳри карвон овозидан ларзага келди. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Абдураҳмон ибн Авфни жаннатга эмаклаб кираётганини кўрдим”, деганларини эшитганман”, дедилар».
Бу гап Абдураҳмон ибн Авфга етиб борди. У: “Қодир бўлсам тик турган ҳолда кираман”, деди-да, карвонни устидаги моллари билан Аллоҳ йўлида тарқатиб юборди».
Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган, муҳаддис уламолар унинг тўқима ҳадис эканини айтишган. Жумладан, Имом Аҳмад: “Ушбу ривоят ёлғон ва мункардир. Унинг ровийларидан Аммора ибн Розон мункар ҳадисларни ривоят қилади”, деган. Имом Ибн Жавзий ва аллома Мулла Али Қори “тўқима ривоят”, дейишган (“Асрорул марфуа фил-ахбарил мавзуа”).
Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Шабиб санади ила мазкур ривоятга ўхшаш бошқа ҳадис ривоят қилган бўлса-да, Имом Насоий, Имом Дорақутний ва бошқа муҳаддис уламолар уни ҳам заиф ва ҳужжатга яроқсиз эканини айтишган (“Мажмауз-завоид ва манбаул-фавоид”). Ибнул Имод Ҳанабалий бу борада бундай дейди: “Абдураҳмон ибн Авф бойлиги сабабли жаннатга эмаклаб киради деган ривоятларнинг асоси йўқ. Шундай зот жаннатга эмаклаб кирса, бойлиги сабабли жаннатга кириши кечикса, унда ким пешқадам ва тўғри юриб жаннатга киради?!” (“Шазаротуз заҳаб”).
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг шаънларига тўғри келмайдиган бу каби тўқима ривоятлардан ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат беришдан сақланиш лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан