ТАНЛОВ: ОЙЛАР СУЛТОНИ – РАМАЗОН!
Халқимизнинг илму маърифатини ошириш йўлида Рамазон ойининг фазилатларини кенг тараннум этиш, раҳмат ва мағфират ойи эканини етказиш ҳамда карантин шароитида мухлисларимизни уйда ижод қилишга рағбатлантириш мақсадида, Muslim.uz сайтида “Ойлар султони – Рамазон!” номли мақолалар танлови эълон қилинди.
Танлов 2020 йил 29 апрелдан 23 майгача давом этади!
Танловга юбориладиган мақолалар ramazon_tanlov2020@mail.ru электрон почтаси ёки телеграм мессенжерида очилган @Ramazon_2020_bot орқали жўнатилади.
Юборилаётган мақолаларга қуйидаги шартлар қўйилади:
рўзанинг фойдалари, унинг руҳий тарбияга оид жиҳатлари, ҳаётий ҳикматлари ва меҳр-оқибат ҳамда саховатли бўлишга рағбат уйғотиш;
муборак ойни ҳозирги эпидемия шароитида уйда ўтказиш, илм-маърифатни бойитиш билан шуғулланиш ҳамда ёрдамга муҳтож инсонларга хайру эҳсон қилишнинг фазилатларини кенг тарғиб этиш;
ҳадислар ва ривоятлар саҳиҳлигига эътибор қаратиш, уйдирма маълумотлардан сақланаш;
интернет нашрларида кўп эълон қилинган мақолаларга ўхшаш бўлмаслиги, янгича ёндашувга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиш;
услубий ва имло хатоларсиз ҳамда юқори савияда таҳрир қилинган бўлиши;
интернет ёки бошқа нашрларда эълон қилинган мақолалардан кўчирилган материаллар танловда иштирок этмайди.
Юқоридаги шартларга жавоб берган мақолалар Muslim.uz порталида “Танловга!” деган ёзув остида эълон қилинади.
Танлов ғолибларига қуйидаги мукофотлар топширилади:
3-ўринга – Смартфон.
2-ўринга – Планшет.
1-ўринга – Ноутбук.
Шунингдек, 7 нафар юқори балл олган иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофот – китоблар жамланмаси тақдим этилади.
Барча қалами ўткир ижодкорларни карантин даврида танловда фаол иштирок этиб, уйдаги вақтларини мазмунли ўтказиш ва мукофотларга сазовор бўлишга чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати