Юқумли касалликлардан қандай сақланиш мумкин?
Бугунги кунда тож (корона)ли вируси сабабли келиб чиқаётган зотилжам касаллиги бутун дунё муаммосига айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда пайдо бўлган тожли (корона) вирусни халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ушбу вируснинг юқумли экани ва унинг ҳалигача давоси топилмагани дунё бўйлаб ваҳималарни янада оширмоқда.
Ҳозирда барча давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалларида хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳадисларида бирор жойда вабо тарқалаётган бўлса, у ерга бормаслик, аксинча, ўзи яшаётган жойда пайдо бўлса, у ердан қочиб кетмасликни буюрганлар. Бугунги кунда замонавий тиббиёт мутахассислари тавсия қиладиган “карантин” деб аталувчи “қамал” ҳам ушбу ҳадиси шариф мазмунини акс эттиради.
Ҳозирги ҳолатда ҳар бир мусулмон киши Аллоҳга таваккул қилиб, динимизнинг қуйидаги кўрсатмаларига амал қилиши мақсадга мувофиқ:
Пайғамбаримиз алайҳиссаллам умматларига ўргатган дуоларни ўқиб юриш. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бисмиллаҳиллазий ла ядурру маъасмиҳи шайъун фил арди ва ла фис самаа. Ва ҳувас Самиъул Алим” (Аллоҳнинг исми билан на ер ва на самода Унинг исми билан ҳеч нарса зарар бера олмайди. У эшитгувчи ва ўта билгувчи Зотдир) (Имом Термизий ривояти);
Аллоҳ таолодан ўзимиз ва яқинларимизни турли бало ва офатлардан сақлашини сўраб дуо қилиш;
Одамларни қўрқитадиган турли миш-миш, ваҳима ва асоссиз ёмон хабарларни тарқатмаслик;
Касалликка чалинганда ҳимояни (карантин) жорий қилиш.
Касалликка шифо излаш. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта Аллоҳ таоло касалликни ҳам, шифони ҳам туширгандир. Ҳар бир касалликнинг давоси бордир. Даволанинглар. Ҳаром билан эса даволанманглар” (Имом Абу Довуд ривояти). Демак, мусулмон киши бемор бўлганда шифосини ҳалол йўл билан излаши, бепарво бўлмаслиги керак.
Шифокор айтган тўғри кўрсатмага амал қилиш. Уламолар: “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарзи айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Аммо шифокор нимани тавсия қилаётгани, қайси дорини тавсия қилаётганига бепарво бўлмаслик керак;
Аллоҳ ҳалол қилган покиза нарсаларни истеъмол қилиш. Бу касалликнинг олдини олади ва тузалишга кўмаклашади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, Пайғамбарлар! Покиза нарсалардан енг ва солиҳ амал қилинг. Мен сизни нима қилиб турганингизни билувчи Зотман” (Мўминун сураси, 51-оят).
Шахсий тозалик қоидаларига амал қилиш. Мусулмонлар турмуш тарзи озодалик устига қурилган. Жумладан, кунда беш маҳал таҳорат қилиш, жума куни ғусл қилиш, овқатдан олдин ва кейин қўлларни тозалаб ювиш, мисвок ишлатиш, хушбўйланиш, тоза кийим кийиш, уй-жойларни покиза сақлаш, мева ва сабзавотларни ювиб ейиш ва бошқалар.
Спорт билан шуғулланиш. Пайғамбармиз алайҳиссалом, саҳобалар кураш, югириш, камон отиш, от чоптириш каби спортнинг бошқа турларида пешқадам бўлганлар.
Шунингдек, мусулмон киши динимиздаги “Зарар кўриш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ” қоидасига биноан ўзини эҳтиёт қилади. Аллоҳдан ҳар бир еган ва ичган нарсасини танига шифо бўлишини сўрайди. Турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш чораларини кўради. Тожли (корона) вирус касаллигининг олдини олишда юқорида келтирилган динимиз кўрсатмаларни ҳаётимизда жорий қилсак, икки дунёмиз учун фойда топамиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло барча инсонлар, хусусан, юртдошларимизни ҳифзу ҳимояси ва паноҳида асрасин!
Баҳриддин ХУШБОҚОВ тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан