Деҳқончилик (зироат)
Деҳқончилик бойликнинг биринчи булоғидир. Деҳқончилик боис шаҳар аҳолиси кўпинча бой бўлади. Чунки улар четдан келадиган маҳсулотларга муҳтож бўлишмайди.
Деҳқончилик инсон ва ҳайвонларнинг ҳаётда тўкин-сочин яшашлари учун энг кучли сабаб ва улуғ василадир. Чунки у боис етарли овқатланиш, тўкин яшаш, кийиниш, ҳар қандай яхшилик ва хурсандчиликлар бўлади. Зироат – озиқ-овқат, дори-дармон, мева-чева, ёғочлар манбаи. Ёғочдан кемалар ва уйларнинг жиҳозлари, эшик, ром ва бошқа кўпгина нарсалар ясалади.
Кўмилган хазина
Бир кишининг уч фарзанди бор эди. У ўлими яқинлашганини ҳис қилгач, фарзандларига: “Ўғилларим, бу дунёни тарк қилиш вақтим яқинлашаётганга ўхшайди. Сизларга айтаётган сўзларимни яхшилаб тушуниб олинглар. Бу сўзларимни кўзингизнинг қорачиғидай сақланглар. Мен сизларга еримизда кўмиб қўйилган хазинани ташлаб кетяпман. Қийналган вақтларингда унга суянинглар. Сизлар уни чиқариб олинглар”, деб уларга ўзининг катта боғини қолдириб кетди. Вафот этганидан ва уни дафн этиш маросимидан сўнг эртаю кеч боғдан хазинани топиб олиш учун кўп ҳаракат қилдилар. Ҳатто ҳамма ерни чуқур-чуқур кавлаб, ағдариб чиқдилар, лекин ҳеч вақо топа олмадилар. Бир неча кун роса уринишгач, охири чарчаб, хазинадан кўнгил узишди. Дунё уларнинг кўзларига тор кўриниб кетди.
Сўнгра улар ўша боғ-далада деҳқончилик қилишга қарор қилишди-да, унга экин экиб, суғоришди. Натижада ер кўп, яхши ҳосил берди. Уларнинг аҳволи яхши бўлиб, ишлари бир маромга тушди. Аллоҳ уларга касб эшигини очди ва улар тезда бой-бадавлат бўлишди. Шундагина улар марҳум оталари уларга “хазина қолдиряпман” деганида, кўмилган хазинани эмас, балки деҳқончиликдан келадиган фойда, даромадни назарда тутганини англаб етишди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ризқни ернинг ўсимликларидан изланглар”, дедилар (Ибн Асокир Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилган ).
“Қайси мусулмон бир дарахт ёки экин экса, ундан инсон ёки инсондан бошқаси еса, у ўша мусулмон учун садақадир” (Имом Термизий ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган).
Азиз ўқувчи! Бу баён қилинаётганларнинг барчасидан ибрат олинг.
Ҳакимларнинг биридан сўралди: “Сиз ҳаким киши бўлатуриб, нега мол-дунё жамлайсиз?”
Шунда ҳаким киши: “Ўз обрўйимни сақлаш, фарзларни адо қилиш ва қарздан беҳожат бўлиш (бировга куним қолмаслиги) учун тўплайман. Мол-мулкнинг бўлмаслиги инсонларга муҳтожликни келтириб чиқаради. Мол-мулкнинг кетидан эргашиш эса инсонларга эътиборсизликни келтириб чиқаради”, деди.
Ҳофиз Шерозий айтади:
“Молга беписанд муносабатда бўлманг, чунки мол яхши амаллар сабабли, замонга ёрдам, динга қувват, биродарларни улфат қилувчи, замон ҳодисаларига ёрдам берувчи, дунёнинг зеб-зийнатидир”.
Аллоҳ таолодан барчамизни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатмаларига амал қилишга муваффақ айлашини сўраб қоламиз. У зот Аллоҳ таоло айтганидек:
«(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга (тиловатни) мустаҳкам қувватга эга бўлган зот (Жаброил) таълим берди» (Нажм, 3–5).
Аллоҳ таоло у зотга эргашишга буюрди:
«Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!» (Аъроф,158).
«Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз» (Нур,54).
Азиз ўқувчи биродарим!
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар, шукроналар бўлсин! Мана, Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сафар қилинглар, шунда соғлом, саломат бўлурсизлар!” деган муборак тавсияларининг ожизона шарҳи ҳам ниҳоясига етди. Албатта, биз ўзимиз имконимиз етганича бу ҳадиси шарифда жо бўлган ҳикматларни англашга ҳаракат қилдик. Аввалбошда айтилганидек, агар бу мўъжаз китобни холис ният билан ўқиган бўлсангиз, иншоаллоҳ, улуғ ажрларга эришдингиз.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм