Эко-фаол Тунберг коронавирусга қарши курашади
Швециялик таниқли экология фаоли, 17 ёшли Грета Тунберг коронавирус инқирози даврида “COVID-19” касаллигига учраган дунё болаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ЮНИСЕФ ҳисоб рақамига 100 минг доллар хайрия қилди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ расмий сайтида маълум қилинган.
Хабарномада машҳур табиат ҳимоячисининг, жумладан, қуйидаги сўзлари келтирилган:
“Худди иқлим билан боғлиқ инқирозий ҳолатларга ўхшаб, коронавирус пандемияси ҳам болаларга жиддий таҳдид туғдиради. Эпидемия барча болаларга ҳозир ҳам, кейинчалик ҳам ўз салбий таъсирини ўтказади. Хасталикка мойил гуруҳлар эса, айниқса жиддий хавфга дучор бўлишади. Мен барчани ЮНИСЕФнинг болалар ҳаётини, саломатлигини сақлаш, уларнинг ўқишни давом эттиришларини рағбатлантиришга қаратилган ҳаётий муҳим ишини қўллаб-қувватлаш учун ушбу ҳаракатга қўшилишга чақираман”.
Тунберг хайрияни Даниянинг “Human Act” нодавлат ташкилотидан иқлим ўзгаришига қарши олиб бораётган кураши учун мукофот сифатида олган пуллари ҳисобидан шакллантирилган фонддан ажратди.
Ушбу маблағлар карантиндан ва коронавирус туфайли мактаблар ёпилишидан жабрланган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, эко-фаол 12 март куни коронавирус пандемияси сабабли жума кунги “иқлим намойишлари”ни тўхтатган. Ижтимоий тармоқлар орқали у ўз тарафдорларини тиббиёт ходимларининг маслаҳатларига қулоқ тутишга, жамоат жойларига чиқмасликка даъват этган.
Маълумки, Грета Тунберг 2018 йил августдан бошлаб, жума кунлари норозилик намойишига чиққан. Унинг мазкур ташаббуси бутун дунё бўйлаб ёйилиб, “Fridays for future” ҳаракатига айланган. Эко-ҳимоячи, айниқса БМТ минбаридан туриб ирод қилинган эҳтиросли нутқидан сўнг машҳур бўлиб кетди.
ЎзА