Ўзбекистон янгиликлари

Сардобадаги тошқин сувлари Арнасой кўлига йўналтирилган — ФВВ

Чоп этилди May 1, 2020 Сардобадаги тошқин сувлари Арнасой кўлига йўналтирилган — ФВВda fikr bildirishni o'chirish

Сирдарёда тошқин ҳудудидаги аҳоли Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ҳамда аҳоли хонадонларига жойлаштирилмоқда. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай канали орқали Арнасой кўлига йўналтирилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори тўғонидан сув чиқиши натижасида юзага келган сув тошқини оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш бўйича қўшимча маълумотларни эълон қилди.

Хусусан, Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Баҳористон» МФЙлари аҳоли яшаш пуктларига қисман сув кирган. Аҳоли ушбу тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва касалхонага эвакуация қилинди. Эвакуация тадбирлари Жиззах шаҳрига ҳам ташкиллаштирилди. Хусусан, Оқолтин туманидаги «Аҳиллик», «Шодлик», «Саховат», «Навоий», «Дўстлик», «Кўркамдиёр», «Тошкент», «Янгиҳаёт», «Обод» ва «Мустаҳкам» МФЙларининг аҳолиси Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилди. Унда аҳоли учун 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилди.

Бундан ташқари, Сардоба шаҳарчасидаги аҳолини ҳам Жиззах вилояти Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» МФЙлари аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

Ҳозирда дамбадан сув чиқиши камайган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори тўғонининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келди. Мазкур вазият оқибатларини бартараф этиш, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, воқеа жойига президент Шавкат Мирзиёев етиб борди.