Одамийлик йўқолмасин…
Ота уйга борсам, укам билан онам қўшнимиз Аъзам акани кўриб чиқмоқчи бўлиб туришган экан. Баҳонада мен ҳам уларга қўшилиб олдим… Одамлар у кишини жуссали бўлгани учун Полвон деб чақиришарди. Кичкиналигимизда шўхлик қилсак ҳам индамасди. Китобни қўлдан қўймасди. Бу 40 йил олдинги воқеалар. Келин бўлиб узатилганимдан сўнг ҳафта ё ойда бир келиб, уйдагиларни кўриб яна уйга шошаман…
Қўшни хонадонга кириб борарканмиз, Аъзам аканинг аҳволини кўриб ичим ачишиб кетди. Лекин буни билдирмасликка ҳаракат қилдим. Оғир дард туфайли иккала оёғидан айрилганини эшитгандим, аммо ўзини кўрганинг бошқа экан… “Нимага шу пайтгача бирор марта хабар олмадим? Наҳотки, қўшнимиз шу аҳволга тушсаю, оқибатни унутиб, беэътибор бўлдим?!”, қалбимдан ўтаётган оғриқли саволларга жавоб топа олмасдим. Бошқаларга сездирмасдан атрофга зеҳн соламан. Ёшлигимизда пастаккина бўлган деворлар баланд бўлибди. Қалбимга ундан-да баланд тўсиқ тушганини сезмабман… Шу пайт хаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим: “Аъзам ака, сизга яқинда аравача топиб берамиз! Хоҳлаганингизда ҳовлига, кўчага чиқасиз!”, дедим. Бундан ҳамма қувонишди.
Бир муддат ўтиб, яна бир куни ваъдага мувофиқ қўшнимизникига ногиронлик аравачасини олиб келдик. Бундан Аъзам аканинг елкалари силкиниб-силкиниб қўйди. “Ака, Худо хоҳласа, яқинда меҳмонларни кутиб олгани ўзингиз чиқасиз. Оёғингизни ҳам тўғрилаб, юришингизга ёрдам берадиган инсонлар бор”, десам йиғлаб юборди.
Шу баҳона протез қўл, оёқ ясайдиган усталар билан ҳам танишиб олдим. Ногиронлик туфайли кўнгли ўксик қўшнимиз Аъзам акадек қанчадан-қанча одамларнинг мушкули енгил тортишига сабабчи бўлаётган бу инсонларга “Дуо олиб чарчаманглар”, дея раҳмат айтиб чиқдим. Хайрли ишни бажаришга имкон берган Аллоҳга шукрлар бўлсин.
Айни воқеаларни эсларканман, устозларимнинг ўгити ёдимга тушди: “Муаллим эл орасида ҳожатбарор бўлмаса, одамийлик илмига амал қилмаса, элнинг боласига халқпарварликни ўргатиши қийин”.
Азизахон БОЙМУРОДОВА
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан