Мақолалар

Денгиздан дурлар

Чоп этилди May 2, 2020 Денгиздан дурларda fikr bildirishni o'chirish

Муҳтарам муштарий! Қиёсан олинса, ҳаётдаги ҳамма нарса, жумладан, инсон ҳаёти ҳам бир денгизга ўхшайди. Унда ҳамма нарса бор. Биз денгиздан дур терувчи ғаввослармиз, гўё… Сутни сиғдириш учун катта ва кенг идиш керак. Қаймоғи эса кичик идишга ҳам жо бўлади. Шу маънода, сизга тақдим қилишни кўзлаган саҳифамиздан истаган дур, истаган «қаймоқ» топади, деган умиддамиз.

* * *

Дунёнинг бой одамларидан бири, миллиардер Стив Жобс 56 ёшида ошқозон ости бези саратони касаллиги туфайли вафот этган. Унинг ўлими олдидан айтган гаплари ибратли эди: «Касалхонада ётиб, ўтган умримни эсласам, барча бойлигим билан ҳам ўлим олдида ҳеч нарса қилолмаслигимни ҳис этдим. Вақт ўтган сайин 30 минг ёки 300 минг турадиган соатлар вақтни бир хил кўрсатишини ҳис қилар экансиз. 150 000 минг ёки 30 000 долларлик машина минсак ҳам, мақсад ва масофа бир хил эканини англаркансиз… Яшаётган уйингиз 30 квадрат метрми ёки 30 сотихми уй ичида барибир ёлғиз ва бошқалар билан тенг экансиз. Учоқнинг биринчи класи ё эконом класига чиқсангиз ҳам, тайёра қуласа ҳамма билан бирга қулайсиз…

Ҳақиқий бахт дунёдаги моддий нарсалар ўткинчи эканини ҳис қилишдан бошланаркан. Дўстингиз ёки бирор инсон билан чин дилдан, бирон таъмасиз суҳбатлашганда ўзингизни бахтиёр ҳис қиларкансиз. Шундай экан, ўзингизга, оилангизга бўлган муносабатингизни кўздан кечиринг ва яхшиланг. Бошқаларга ҳам ҳурматда бўлинг…

* * *

Аллоҳ Фиръавнга дунё бойлигини берди, аммо унга биронта дард бермади. Чунки Аллоҳнинг инсонга берган дарди дунё молидан яхшироқдир…

Шамс Табризий

* * *

Бир нарсани сўрамоқчи бўлсанг бандасидан истама. Зеро, берса миннат, бермаса зиллат (хорлик)дир. Аллоҳдан иста – берса неъмат, бермаса ҳикматдир.

Жалолиддин Румий

* * *

Сўзлашдан олдин ўйлаб кўр:
Шу гапни гапириш шартми?
Бу сўзинг меҳр уйғотишга ё бирон яхшилик қилишга ундайдими?
Ҳеч кимни ноўрин ранжитиб қўймайсанми?
Ва… Сукунатни бузишга арзийдими?…

Лао Цзи

* * *

Оламнинг арқони Яратганнинг қўлида
экан, биз нега энди ҳаётимизни Унга ишонмаслигимиз керак?!

Маҳатма Ганди

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан