Чин дўст сўзи ерда қолмас
Икки фарзандли йигит оиласини тиклашда ёрдам беришимизни сўраб бизга мурожаат қилди. Хотини уйига кетиб қолганига саккиз ой бўлган экан. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг туман бўлими раиси, тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамкорлигида вазиятни, шароитларни, ҳар икки оила аъзоларининг иш-машғулотларидан тортиб феъл-атворигача ўргандик. Маълум бўлдики, келин: “Мени доим камситишади. Қайнонам ишларимдан ҳамиша норози. Шунча йил чидадим, энди қайтиб бормайман”, деб ҳеч кимга қулоқ солмаётган экан. Эру хотинни яраштириш учун маҳалла фаолларининг ҳаракат-уринишлари ёрдам бермаган. Шунда боболаримиз, момоларимизнинг тажрибаларини қўллашга келишдик, яъни доно аждодларимиз нозик, муҳим масалаларни ҳал этишда, оғир муаммоларни ечишда, ҳатто душманларни муросага келтиришда вазиятнинг сабабчиларига ҳурматли бўлган, гапи ўтадиган кишиларни воситачи қилишган.
Юқорида айтилган воқеада оиланинг тикланишига энг кўп қаршилик кўрсатаётган келин эканини тушуниб етгач, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилардан суриштириб, бу аёлга фақат унинг акаси гапини ўтказа олишини билиб олдик. Ҳақиқатан ҳам, ака синглисига жуда меҳрибон, жонкуяр, шунинг учун қадрли экан. Лекин у ҳам аввалига бу ишга аралашишни хоҳламай, икки томоннинг суҳбатини қўшни хонада эшитиб ўтирди. Келин ўз фикридан қайтмасди. Куёв ва унинг онаси оилани сақлаб қолишга яна бир марта имкон беришларини, аёлдан болалари билан уйига қайтишни такрор-такрор сўрашарди. Шуни эшитгандан кейин ака ичкарига кирди ва: “Бўлди, буларнинг гапини ерда қолдирма. Нарсаларингни йиғиштир, бор рўзғорингга”, деганди, сингил итоат қилди, иккала бола гоҳ дадаси, гоҳ бувисини қучоқлаб қувонганларини кўрсангиз…
Келинни уйига ўзим ҳамроҳ бўлиб олиб бордим. Яхши ниятлар билан дуо қилингандан сўнг қайнона: “Қизим, мана шу хонадон сизлар билан обод, файзли экан”, деди. Келин кўзларида ҳалқаланган ёшни яширишга уриниб: “Онажон, илтимос, менга яхши гапиринг, камчиликларимни ўзимга тушунтиринг, ҳамма хизматингизга тайёрман…” деди. Шундан буён қайнона ҳам, келин ҳам бир неча марта бизга қўнғироқ қилиб, мамнунлигини билдиришди.
Бу воқеа бизга жуда яхши тажриба бўлди. Шундан буён оилаларда, қўни-қўшнилар, қариндошлар ўртасида келишмовчилик, муаммо чиқса, маҳалланинг яраштириш комиссияси аъзолари билан хонадонларга даб-дурустдан кириб бормай, олдин ҳар икки томон ҳақида суриштириб, муаммонинг асл сабабини аниқлаймиз. Ўша одамга ва унинг оила аъзоларига қариндошлари, дўсту қадрдонлари, қўни-қўшниси ёки ҳамкасбларидан кимнинг гапи аҳамиятли, таъсирли, эътиборли – ўша одамнинг маслаҳати, йўл-йўриғи билан иш тутамиз.
Қурбонгул ҲАЛИМОВА
Бухоро вилояти Қоракўл тумани бош имом-хатибининг Хотин-қизлар
масалалари бўйича ёрдамчиси
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан