Мақолалар

Сахобаларнинг дуолари

Чоп этилди May 3, 2020 Сахобаларнинг дуолариda fikr bildirishni o'chirish

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг дуоси

Абу Ҳайёж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Байтуллоҳни тавоф қилаётган бир одамнинг тинимсиз: “Ё Аллоҳ! Мени нафсимнинг очкўзлиги (тамагирлиги) дан асра!” дея дуо қилаётганини кўрдим. Унга яқинлашиб: “Аллоҳдан шундан бошқа сўрайдиган нарсанг йўқми? Фақат бир дуони қайтаряпсан?” дедим. У: “Агар нафсимнинг очкўзлигидан (тамагирлигидан) сақлансам, на ўғрилик, на зино ва на бирор гуноҳ қиламан”, деди.

Қарасам, у одам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу экан (“Тафсири Ибн Касир”).

Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳунинг дуоси

“Ё Аллоҳ! Менинг ёмонликларим ва нуқсонларимни кечиргин”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг дуоси

Билол ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳ! Хаёл тарқоқлигидан асрашингни сўрайман”, дер эди.

– Хаёл тарқоқлиги нима? – дея сўрашди.

– Кишининг ҳар бир дарада бир мулки бўлишидир, – дея жавоб берди у.

“Ё Аллоҳ! Олимларнинг қалблари менга лаънат ўқишидан паноҳ сўрайман”, дея  дуо қилган Абу Дардодан сўрашди:

– Олимларнинг қалбларининг лаънат ўқиши қандай бўлади?

– Менга нисбатан нафрат этишларидир, – деди Абу Дардо».

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг дуоси

“Ё Аллоҳ! Сендан бола-чақам ва қўл остимдагиларни боқишга етгулик бойлик сўрайман. Бирор қариндошимнинг ҳақини адо этолмаганим учун мени баддуо қилишидан паноҳ тилайман”.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг дуоси

“Ё Аллоҳ! Сенга мукаммал ҳамд айтишни менга насиб эт”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг дуоси

“Ё Аллоҳ! Мени берган ризқингга қаноат этгувчилардан айла, менга берган ризқни баракотли қил ва орқада қолдирган ҳар нарсамни Ўзинг асра”.

Анас розияллоҳу анҳунинг дуоси

“Ё Аллоҳ! Уни (мусулмон биродаримни) кечалари ибодат қилувчи ва кундузлари рўзадор кишилар дуосининг баракотидан маҳрум этма”.

Толибжон НИЗОМ тайёрлади

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан