Одам савдоси – қуллик балоси
Ҳозирги кунда одам савдоси жаҳон миқёсидаги долзарб муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Оқибатда кўплаб инсонлар жабр чекмоқда. Шу боис жойларда ана шу таҳликали иллатга қарши курашиш фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдоси, аввало, инсон эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига жиддий путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Бу жиноий фаолият ортида аслида мажбурий меҳнат, қуллик ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ иллатлар туради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 2 миллион 700 мингга яқин киши одам савдосининг қурбони бўлмоқда.
Одам савдоси билан шуғулланувчилар жиноий ҳаракатларини сир тутиб, қурбонларининг номини имкон қадар эътибордан четда сақлашга уринади. Шу мақсадда улар одамларни хорижга ноқонуний йўллар, катта маошни ваъда қилиш, алдов ва ишонтириш йўли билан олиб чиқади, ҳатто шахси билан боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштиришга ҳам уринади.
Муқаддас динимиз барча инсонларга ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўрнидан қатъи назар, ҳамманинг ҳурлигини қадрлашга, ҳурмат-эътибор кўрсатишга буюради. Мусаффо динимиз илк даврлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни жамият ҳаётидаги етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди.
Ислом таълимоти инсонларни тўла-тўкис озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, ҳар томонлама етукликка, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).
Инсон дунёга ҳур ва озод ҳолда келади. Шу ўринда ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) машҳур сўзи диққатга сазовордир: “Оналари озод ҳолда дунёга келтирган инсонларни қачондан буён қул қилиб олдиларинг?”
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган ҳадиси қудсийда айтилади: “Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: Менинг номим билан аҳд бериб, уни бузган, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган ва мардикорни ишлатиб ҳақини бермаган одамларнинг” (Имом Бухорий ривояти).
Истиқлол йилларида чуқур иқтисодий ислоҳотлар, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Қисқа муддат ичида халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг чуқур билим олишлари, турли касб-ҳунарларни ўрганишлари, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар очилди. Касб-ҳунар ўргатадиган юзлаб коллежлар, бир неча ўнлаб олий ўқув юртлари ишлаб турибди. Қанчалаб янги саноат корхоналари ишга тушириляпти, кўплаб иш ўринлари яратишга ҳаракат қилиняпти. Кишиларимиз хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ташкил этиб, ҳалол меҳнат орқали бойишмоқда.
Минг афсус, айрим юртдошларимиз жон койитмай, осонгина мўмай даромад топиш йўлларини излай бошлашди. Улар нима қилиб бўлса-да, кўпроқ пул топиш, мўмай даромад орттириш мақсадида ноқонуний, ҳалокатли, келажаги йўқ ишларга қўл уришяпти. Қонуний йўл билан эмас, одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган айрим ноинсоф кимсалар алдовига учиб, хориждаги иш ва яшаш шароитларини ўрганмай, давлатлараро шартномалар асосида иш юритувчи расмий идораларни четлаб, оғир аҳволда қолишяпти. Тўғри, жаҳон тажрибасида бир юртдаги ишчиларнинг бошқа юртда ишлаб, пул топишлари тақиқланмаган. Лекин буни расмий йўл билан, барча ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги таъминланган ҳолда амалга ошириш керак. Иш ахтариб, норасмий йўл билан кетаётганларнинг на саломатликлари, на ҳуқуқ-эркинликлари, на меҳнатларига ҳақ тўлаш, на энг азиз ҳаётлари ҳақида қайғурадиган шахс ё ташкилот йўқ, бир товламачининг ёлғон ваъдасига алданиб, жўнашяпти. Борган жойларида меҳнат қилиб ҳақини ололмаётганлар, касал бўлиб, даволанишга пул ахтараётганлар, ҳатто уйга қайтай деса, йўлкирасини тополмаётганлар қанча?!
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини канда қилмай бериб туради. Аллоҳ бандаларига енгилликни истайди Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…» (Бақара, 185).
Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир» (Рум, 37).
Унда нега одамлар ато этиб қўйилган ризққа қаноат қилмай, ўзларини ҳар тарафга уришади? Берилган ризққа рози бўлмай, оиласини ташлаб, ўзга юртларга ризқ ахтариб кетишади. Доно халқимизда: “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”, “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” каби ажойиб мақоллар бор. Нопок кимсалар алдовига учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлаётган, туну кун ишлаб, ҳақини ололмаётган, соғлиғидан ва диёнатидан ажраётган ҳамюртларимиз фожиаси ҳақида ҳар куни, кунора ўқиб-эшитиб турибмиз. Жамиятнинг келажаги саналган ёшлар нотаниш, ҳаёт тарзи тамоман ўзгача юртларда имонларига, эътиқод ҳамда миллий қадриятларига завол етаётганига ҳам парво қилишмаётир. Агар очлик, муҳтожлик уларни иссиқ ўринларидан ҳайдаб чиқарганида, ҳолатларини тушунса бўларди. Асосан орзу-ҳавас, ҳавойи нафс, “катта тўйлар қилиш, бойлик гаштини суриш” васвасаларига учиб, ўзга юртларда хор бўлиб юришибди.
Мусулмон киши бир ишга киришишдан олдин, уни қандай йўсинда амалга ошириш, сафарга тайёргарлик кўриш, тегишли ташкилотлар томонидан расмий юбориладиган жой бўлсагина йўлга чиқиш, борар жойидаги шароитни ўрганиш, йўл озуғини ғамлаш, тадбир-чоралар белгилаш каби ҳолатларга эътибор қилиши керак.
Аммо баъзилар нодонликлари боис, ўйламай қилган хатти-ҳаракатлари оқибатида жонларини хатарга қўйишяпти, пулларидан ажрашяпти, қимматли умр йилларини бой беришяпти. Муттаҳамлар алдовига учиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон, хор-зор бўлиб, юрт ва миллат шаънига доғ туширишяпти. Катта даромад илинжида кетиб, кўпинча ҳеч нарсага эга бўлолмай қайтишяпти. Айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган, турмуш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар енгил йўллар билан катта пул топаман, деб одам савдоси билан шуғулланувчи манфур кимсалар тузоғига тушиб, молу жонларини хатарга қўйишмоқда.
Инсонларни турли йўллар билан алдаш, уларни ноқонуний ва ношаръий ишларга мажбурлаш, улар ҳақига хиёнат қилиб, пулини бермаслик, фоҳишалик қилишга жалб этиш, одамларни бошқаларга сотиб юбориш, уларнинг ички аъзолари ва тўқималарини зўрлик билан ажратиб олиш каби ишлар қаттиқ гуноҳ саналади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макру ҳийла ва алдов соҳиби дўзахийдир”, деганлар. Бу иллатлар инсон ҳуррияти ва ҳақ-ҳуқуқларига хавф солгани ёки буларни чегаралагани учун инсонийликка ҳам, ахлоқ-одобимизга ҳам, амалдаги қонунчилик ва шариат аҳкомларига ҳам тамоман зиддир.
Абу Масъуд Ансорийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фоҳишалик ва коҳинлик қилиб кун кўришдан қайтарганлар.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чўриларнинг танасини пуллаб тирикчилик қилишни ман этганлар”.
Ислом дини одам савдоси масаласига ана шундай жиддий муносабатда бўлади. Давлатимиз ва ҳукуматимиз ҳам ижтимоий ҳаётда учраб турадиган мазкур иллатга қарши кураш, бу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида улкан ишларни амалга оширяпти. Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Турли вазирликлар, масъул идоралар, ташқи ишлар бўйича ваколатхона-консулликлар, жамоат ташкилотлари ана шу Қонунга биноан иш олиб боришади. Шунингдек, одам савдосига қарши кураш бўйича республика Идоралараро ҳайъати ҳам тузилган, мазкур қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Бу қонун Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий, ҳуқуқий ва конституциявий ҳуқуқларини қаттиқ ҳимоя қилиш, уларнинг жамият равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилишларини таъминлаш, одам савдоси каби ижтимоий иллатга бутунлай барҳам бериш йўлида қўйилган муҳим ижобий қадамдир. Бу йўлда ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб курашсак, ҳамюртларимиз алдовларга учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлишларининг олдини олиб бу хатарли йўлдан қайтарсак, иншааллоҳ, бу иллат барҳам топишига ҳисса қўшган бўламиз.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм