Дафн қилиш
Маййит, агар имкони бўлса, қабрга қибла тарафдан киргизилади. Лаҳаднинг оғзи маййитнинг бош тарафидан очилади. Шунда маййит оёғи билан киргизилади.
Эркак кишини эркак киши, аёл кишини эри ёки маҳрам қариндоши, улар бўлмаса, парҳезкор, тақводор ёши катта киши қабрга қўяди.
Маййитни қабрга қўяётган пайтда:
بسم الله وعلي ملة رسول الله
«Бисмиллаҳи ва алаа миллати расулиллаҳи», яъни, «Аллоҳнинг номи ила ва Аллоҳнинг Расулининг миллатига кўра», дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Абу Дужона розияллоҳу анҳуни қабрга қўяётганларида шуни айтганлар[1].
Маййит қабрга ўнг тарафи билан, қиблага юзлантирилган ҳолда қўйилади. Сўнг кафаннинг боғичлари ечилади. Маййитнинг бошини очиб қўйиш мумкин эмас. Бунга далил:
Мусъаб ибн Умайрга ҳам кафанлашга устиларидаги намира (қадимда арабларда жундан тўқилган кийим)дан бошқа нарса бўлмаган. Унинг билан бошлари ёпилса, оёқлари очилиб қолган, оёқлари ёпилса, бошлари очилиб қолган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини ёпиб, оёқларига изхир[2] тўшаб қўйишга буюрганлар[3].
Сўнг лаҳад оғзи хом ғишт билан тўсилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига шундай қилинган. Ўтин ёки пишиқ ғишт билан беркитиш макруҳдир. Аёл киши қабрга қўйилаётган чоғда то лаҳади хом ғишт билан тўсилгунича номаҳрамларнинг назари тушмаслиги учун қабрнинг устини бирор мато билан ўраб турилади. Кейин қабрга тупроқ тортилади. Ўша ерда жамланганлар уч мартадан тупроқ тортиб қўйиши динимизда суннат амаллардан ҳисобланади. Қабрни гуваласимон қилиш суннат саналади. Тўртбурчак шаклда қилинмайди[4].
Имкони бўлса, маййитни солиҳ кишиларга яқин жойга дафн этиш мустаҳабдир.
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ادْفَنُوا مَوْتَاكُمْ وَسَطَ قومٍ صالحين فإنَّ الْمَيِّتَ يَتَأذَّى بِجَارِ السُّوءِ كَمَا يَتَأَذَّى الْحَىُّ بِجَارِ السُّوءِ. رَوَاهُ ابْنُ عَسَاكِر
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўликларингизни солиҳ қавмлар орасига дафн этинглар. Тирик инсон ёмон қўшнидан азият чеккани каби маййит ҳам ёмон қўшнидан азият чекади». Имом Ибн Асокир ривоят қилган[5].
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангизнинг (яқини) вафот этса, уни чиройли кафан ила кафанлаб, васиятини амалга оширишга ошиқинглар ва қабрини чуқур қазиб, ёмон қўшни бўлиб қолишидан четланинглар», – деганларида, саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг Расули, охиратда ҳам солиҳ қўшни наф берадими?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунёда фойда берадими?» – десалар, улар: «Ҳа», – дейишган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шунинг каби охиратда ҳам фойда беради», – дедилар».
Ибн Абу Дунё «Фил қубур» номли китобда Абдуллоҳ ибн Нофи ал-Музанийдан қилган ривоятда келтиришларича, бу зот: «Мадинада бир киши вафот этди. У дафн қилинди. Бир киши (тушида) уни гўёки дўзах аҳлидан эканини кўриб, ғамга ботди. Сўнгра етти ёки саккиз (кундан) кейин гўёки жаннат аҳлидан, деб кўрсатилди. Ундан бу ҳақда сўралганида, у: «Биз билан солиҳлардан бири кўмилган эди. У қирқта қўшнисини шафоат қилди. Мен эса ўша қирқтанинг ичида эдим», деб айтди», дедилар[6].
Киши ўзи кўмиладиган жойни сотиб олиши ва унга ўзини кўмишларини васият қилиши мумкин. Усмон ва Оиша розияллоҳу анҳумолар ҳам шундай қилганлар[7].
Қабрдаги маййит чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, мазкур қабрга бошқа кишини дафн қилса бўлади. Ҳатто ўша ерда зироат ўстириш ва бино қилиш ҳам мумкин[8].
Агар киши кемада вафот этса, уламоларнинг иттифоқига кўра, ювинтирилади, кафанланади ва жаноза намози ўқилади. Қуруқликка етиб боришга бир ёки икки кун қолган бўлса, маййитнинг ҳолатида ўзгариш хавфи бўлмаса, қуруқликка олиб бориб кўмилади. Борди-ю, қуруқлик яқин бўлмаса ёки маййитнинг ҳолати ўзгариш хавфи бўлса, кафанни маҳкам боғлаб, тобутга солиб, қибла тарафга қаратиб, сувга оқизилади[9].
[1] Бурҳониддин Марғиноний. «Ал-ҳидоя». Покистон: «Идоратул-Қуръон вал-улумул-исломия». 2-жуз. 152-бет.
[2] Изхир – хушбўй қамиш.
[3] Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. «Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзул-дақоиқ». Миср: «Ал-матбаатул-куброл-амирия». 1313-ҳ.й, 1-жуз, 238-бет.
[4] Бурҳониддин Марғиноний. «Ал-ҳидоя». Покистон: «Идоратул-Қуръон вал-улумул-исломия». 2-жуз. 154-бет.
[5] Абдурроҳман ибн Абу Бакр Жалолиддин Суютий. “Жамъул жавомеъ ёки ал Жомеъул кабир”. Шомила кутубхонаси. 1-жуз, 1282-бет.
[6] Жалолиддин Суютий. «Дунё ва охират чорраҳасида». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2006, 146-бет.
[7] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 534-бет.5
[8] Абул-Лайс Зайлаъий. «Ҳадиятус-суълук шарҳу туҳфатул-мулук». Қозон: «Ал-матбаатул-каримийя». 1910, 116-бет.
[9] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 535-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан