Сафарда рўза тутиш масаласи…
عَنْ حَمْزَةَ بْنِ عَمْرٍو الْأَسْلَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَجِدُ بِي قُوَّةً عَلَى الصِّيَامِ فِي السَّفَرِ، فَهَلْ عَلَيَّ جُنَاحٌ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هِيَ رُخْصَةٌ مِنْ اللهِ فَمَنْ أَخَذَ بِهَا فَحَسَنٌ وَمَنْ أَحَبَّ أَنْ يَصُومَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ
Ҳамза ибн Амр Ал-Асламий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: у“Эй Аллоҳнинг Расули, мен сафарда ҳам рўза тутишга ўзимда куч топа оламан. (Аммо Аллоҳ таоло сафарда рўза тутмасликка рухсат берган.) Бунинг учун гуноҳкор бўлмайманми?”– деб сўради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (сафарда рўза тутмаслик) Аллоҳдан бўлган рухсат. Ким буни олса, яхши. Ким (сафарда) рўза тутишни истаса, унга гуноҳ йўқ”, деб айтдилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий).
Рўза – тонг отгандан кун ботгунча ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан тийилишдан иборат. Шу сабабли бу ибодатда муайян даражада машаққат-қийинчилик бор. Ўзи яшаб турган жойни тарк этиб, иш, ўқиш, даволаниш ва бошқа фойдали ишлар билан сафар қилиш ҳам машаққат. Демак, сафарда рўза тутган киши учун машаққат икки баравар кўпаяди.
Шариатдаги асл қоидалардан бири эса қуйидагича: “Машаққат бор жойда енгиллик келади”.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилиш баробарида уни вақтинча тутмасликка ҳам рухсат бериб, бу қандай ҳолатларда бўлишини баён қилди:
شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِیۤ أُنزِلَ فِیهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَیِّنَـٰتٍ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهۡرَ فَلۡیَصُمۡهُۖ وَمَن كَانَ مَرِیضًا أَوۡ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنۡ أَیَّامٍ أُخَرَۗ یُرِیدُ ٱللهُ بِكُمُ ٱلۡیُسۡرَ وَلَا یُرِیدُ بِكُمُ ٱلۡعُسۡرَ وَلِتُكۡمِلُوا۟ ٱلۡعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا۟ ٱللهَ عَلَىٰ مَا هَدَىٰكُمۡ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ
“(Ушбу саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон(ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Шундай экан, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (етиб келса), рўза тутсин.Агар ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни (бирон сабаб билан Рамазон рўзасининг тутилмаган кунларини) тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шоядки, шукр қилсангиз“. (“Бақара” сураси, 185-оят).
Сафар нима?
Инсон қачон мусофир бўлади? Бу борада олимлар ўртасида турли хил қарашлар бор. Баъзилар буни пиёда уч кун юрилганда келиб чиқадиган масофа билан, баъзилар 88-92 км оралиғидаги масофа билан белгилаган. Яъни, инсон ўзи яшаб турган жойдан шунча миқдорда узоқлашса, мусофирга айланади – намозларини қаср қилиб ўқиши, Рамазон рўзасини тутмай туриши мумкин бўлади. Яна айрим олимлар эса “Бу масалада урфга қаралади – муайян минтақада яшаётган одамлар қаерга боришни сафар деб ҳисобласа, ўша сафар масофаси бўлади”, деб айтган.
Ҳозирда амалга ошириладиган сафарларда қадимда бўлганидек машаққат, оғирлик йўқ: минглаб километр масофани самолётда бир неча соатда босиб ўтамиз, мамлакатнинг у бошидан-бу бошига совуткичли (кондиционер) машина, автобус ва поездларда бир кундан кам муддатда бориб келамиз.Хўш, бугун ҳам юқоридаги оят ва ҳадисларда келган рухсат амал қиладими, ёки бу ўтмишдаги машаққатли сафарларга хосмиди?
Олимлар якдиллик билан бу рухсат барча замон ва маконларга хослигини, сафарга чиққан ҳар қандай рўзадор ундан фойдаланиши мумкинлигини айтган. Чунки бу шаръий рухсат сафар учун жорий қилинди, айни пайтда сафарнинг кўриниши, ундаги қийинчиликнинг даражаси белгилаб қўйилмади. Шунга кўра, Аллоҳ берган рухсатдан Қиёматгача бўладиган сафарларда фойдаланиш жоиз.
Шу билан бирга сафарда рўза тутмаслик вожиб эмас, рухсат. Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, хоҳлаган киши сафарда рўза (Рамазон рўзасини) тутиб, ажрини комил қилиб олсин; хоҳлаган киши Аллоҳ берган рухсатдан фойдалансин. Бунда сафарда рўза тутган ҳам, тутмаган ҳам маломат қилинмайди.