Азонга қарши чиққан исломофоб ишдан ҳайдалди
Канадада асли ҳиндистонлик иммигрант исломга ва мусулмонларга нисбатан нафратини ошкор қилгани учун можаро марказига тушиб қолди.
The Print нашрининг хабар беришича, Онтариода яшайдиган Рави Худа исмли риэлтор Твиттердаги саҳифасида Торонта ва Миссисога шаҳарларида азоннинг овозкучайтигичлар орқали айтилишини танқид қилди. Ҳолбуки, ушбу шаҳарларнинг маъмуриятлари Рамазонни карантин шароитида ўтказаётган мусулмонларни шу тариқа қўллаб-қувватлашга қарор қилган эди.
“Бундан кейин нима? Туя ва эчки минганлар учун алоҳида йўл бўладими, уйларнинг ҳовлисида ҳайвонлар қурбонлик учун сўйиладими?” – дея ёзди Рави Худа.
Ушбу твитдан бир неча кун ўтиб, риэлторлик фирмаси нафрат ёйгани учун уни ишдан бўшатишга қарор қилди. Рави Худа мактаблардан бирида кенгаш раиси бўлиб фаолият юритар эди, ўқув муассасаси ҳам уни вазифасидан бўшатди.