Дину имонга хатар
Нафс балосининг ортидан келадиган зарар ва хатарларнинг каттасидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳ этганлар:
عن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « إياكم والزنا ، فإن فيه أربع خصال : يذهب البهاء عن الوجه ، ويقطع الرزق ، ويسخط الرحمن ، والخلود في النار ». (رواه الطبراني في الأوسط)
Имом Табароний “Авсат” асарида ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинодан сақланинг. Унда тўрт офат бор: юздан гўзалликни кетказади, ризқни кесади, Раҳмонни ғазаблантиради, дўзахда абадий қолишга сабаб бўлади”, дедилар.
Кимса бундай қабиҳ ишни содир этаётганида унинг қалбидан имондек бебаҳо улуғ неъмат суғуриб олинади. Бу эса унга етадиган хатарларнинг энг даҳшатлиси ва энг улканидир. Ваҳоланки, мўмин инсоннинг имонидан зиёда бойлиги бўлмайди. Буни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича баён этганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه و سلم ( لا يزني الزاني حين يزني وهو مؤمن… (رواه البخاري)
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди…”, дедилар. Яъни, кимса ушбу катта гуноҳни Аллоҳдан қўрқмасдан қилишга журъат этдими, Аллоҳ таоло у бандасидан ўзининг ушбу неъматини олиб қўяди. Демак, мўмин айни шу ишни қилаётган вақтда имонсиз ҳолда бўлади.
Агар зинокор гуноҳда бардавом бўлиб, тавба қилмай вафот этса, Аллоҳ уни қиёмат куни азобга дучор этади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур» (Фурқон, 68-69).
Ҳар бир замон ва маконда бузуқлик, турли фаҳш ишлар шармандалик келтирган. Барча пайғамбарлар умматларини бу каби қабиҳ ишлардан қайтарган.
Бундай гуноҳ ишнинг оқибатида мўминнинг бебаҳо неъмати бўлган имони, жавоҳирдан-да қиммат бўлган соғлиғи, инсон зийнати бўлган одоби, қадрдон оиласи, пок ризқи, жамоаси, хуллас, дунё ва охиратига улкан зиён етади. Ким бундай қалтис йўл қурбони бўлар экан, икки дунё бахту саодатидан бебаҳрадир. Фарзанд тарбиясига лоқайд бўлган ота-она эса, бу дунёда исноддан бош кўтаролмасдан виждон азобида ўтади, охиратда эса уларга ғам-ғусса ва андуҳлар бўлиши муқаррар. Шу боис ота-она эътиборсиз бўлиб ёки истиҳола қилиб, бу тарбияни асло кечиктирмасликлари лозим.
Бундай нозик тарбия ўз вақтида берилса, қалбимиз қўри бўлган фарзандлар иффатли, ор-номусли бўлиб вояга етади. Ҳар бир нарсанинг ўз мавриди бўлганидек, фарзанд уйланиш ёшига етса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига биноан, муносиб жуфт топиб, уйлантириш лозим. Чунки сабрнинг чегараси бор. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир неча ёш йигитлар келиб, шикоятларини баён этишди: “Ё Расулуллоҳ, бизлар шаҳватни тийишда ожизмиз, бичтириш жоизми?” Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўз-ўзига зулм қилишга рухсат бермадилар.
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: يا معشر الشباب من استطاع الباءة فليتزوج… (رواه البخاري)
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин”, деганлар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм