Сабаблар, омиллар кўп, чора эса битта!
Дунё миқёсида Бельгия 70 фоиз ажрим билан оилаларнинг барбод бўлиши бўйича биринчи ўринда, Чили 3 фоиз ажрим билан охирги ўринда турибди. Ўзбекистонда оилавий ажримлар яқиндагина 8 фоиз эди, кўз очиб-юмгунча 12 фоизга етибди. 2019 йилда мамлакатимизда 195 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 31 мингдан зиёд оила пароканда бўлгани ачинарлидир.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда оила фаровонлигини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оилаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар билдириб, поёнига етган 2019 йилда мамлакатимизда 31 минг 386 та оила ажрашганини афсус билан қайд этди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилдора Каримованинг маълум қилишича, ажримлар сабаблари тўрт йўналишга бўлиб ўрганилган. Улар: оила аъзоларининг эр-хотин муносабатларига доимий аралашуви, эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат йўқлиги; маънавий-ахлоқий тарбиянинг сустлиги, хиёнат, аёлга нисбатан зўравонлик, унга ҳаддан ортиқ юмушлар ва мажбуриятларнинг юкланиши; моддий етишмовчилик, уй-жой шароитининг қониқарсизлиги, эркакнинг оиласини моддий таъминламаслиги, меҳнат миграцияси, яъни эр ёки хотиннинг чет элга кетгани ва оиласи билан алоқани узгани; соғлик ва ногиронликка боғлиқ муаммолар ва бефарзандликдир.
Катта авлод яхши билади. Юртимизда ажралиш деярли йўқ эди ва ҳеч чорасиз қолмагунча оила бузилмас эди. Яккам-дуккам бефарзандлик сабабли ажрашишга мажбур бўлган эркак, аёл ҳам оиласини сақлаб қололмагани учун элдан уялиб юрарди.
Юқорида мутахассис санаб ўтган тўрт йўналиш:
1. Оила аъзоларининг эр-хотин муносабатларига доимий аралашуви, эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат йўқлиги. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар” (Бақара сураси, 45-оят), дейди. Бундан аён бўладики, ёш келин-куёвлар оиласига аралашганларга, ҳатто ўзлари бир-бирига сабр қилишлари ва намозда Аллоҳдан мадад сўрашлари оилани сақлаб қолишнинг асосларидан бири экан.
2. Маънавий-ахлоқий тарбиянинг сустлиги, хиёнат, аёлга нисбатан зўравонлик, унга ҳаддан ортиқ юмушлар ва мажбуриятларнинг юкланиши. “Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир” (Наҳл сураси, 128- оят) оятига амал қилган ёшлар юқоридаги иллатлардан халос бўлади.
Расули акрам: “Аллоҳнинг наздида бандаларни энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ тегадиган кишидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти) ҳадисига амал қилса, аёлига меҳрибон бўлади.
Шунингдек, ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифдан эркак киши уйлангани заҳоти оила бошқарувини қўлига олиши, аёлига яхши муомалада бўлиб, унинг таъминотларини жойига қўйиши шариатимиз талабларидан экани аён бўлади. Демак, яхши топиб турган эркак аёлига таъна қилмаслиги, топишга қийналиброқ турган эркак эса кўпроқ ҳаракат қилиши керак.
3. Моддий етишмовчилик, уй-жой шароитининг қониқарсизлиги, эркакнинг оиласини моддий таъминламаслиги, меҳнат миграцияси, яъни эр ёки хотиннинг чет элга кетгани ва оиласи билан алоқани узгани.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотимаи Заҳро уч кун оч қолди. Ранги сарғайган ҳолда деворга суяниб турганини кўрган эри ҳазрат Али хавотирланиб: “Сенга нима бўлди, эй Фотима?” деб сўради. У: “Уч кундан бери уйда ейишга ҳеч вақо йўқ”, деди. Буни эшитган Али: “Нега менга айтмадинг?” деди. Фотима: «Чунки отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўйимиз куни менга: “Эй Фотима, агар эринг Али сенга бирор егулик олиб келса, уни егин, олиб келмаса, ундан сўрама” деб айтганлар», деди.
«Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33-оят).
4. Соғлик ва ногиронликка боғлиқ бўлган муаммолар ва бефарзандликдир.
Бефарзандликка, чора йўқ.
Умома бинти Ҳориса турмушга узаётган қизига ўнта насиҳат қилган эди. Биз сўзимиз чўзилиб кетмаслиги учун фақат шу қисми билан кифояланамиз: “О менинг гўзал қизим, сен билмаган уйга бориб яшаш, сенга уйланаётган ва шу вақтгача сен танимаган кишига ҳамроҳ бўлиш учун ўзинг туғилиб вояга етган уйингни ташлаб кетяпсан. Энди у сенинг хўжайининг. Сен унга чўри бўлгин. Шунда у сенга қул бўлади…”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон инсонга сажда қилиши дуруст бўлганида аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим…”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Агар аёллар ана шу биргина ҳадисга амал қилганларида, мусулмонлар орасида ажримлар асло бўлмас эди. Хуллас, ажримларнинг сабаблари кўп. Уларнинг олдини олиш йўллари ҳам кўп. Аммо чора битта – оилани Аллоҳдан қўрққан одамгина ҳимоя қила олади. Хонадонда исломий қадриятлар устувор бўлсагина, турмуш фаровон бўлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан