Мақолалар

Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати!

Чоп этилди May 12, 2020 Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати!da fikr bildirishni o'chirish

Мусулмон киши бирор ёмон иш қилиб қўйса, дарҳол яхшилик қилиши лозим. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади. Хоҳ­лаймизми-йўқми, имонли кишини ҳар доим шайтон васваса қилиб туради. Бу бизга, таъбир жоиз бўлса, Одам (алайҳиссалом)­дан қолган “мерос”. Шайтон Аллоҳнинг амрига итоат этмай, Одам (алайҳиссалом)га сажда қилмади. Жаннатдан қувилганида одам­зодни душман, деб билди ва қиёматгача унинг авлодини йўлдан оздиришга онт ичди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Иблис) айтди: “Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман“» (Сод, 82).

Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (алайҳис­салом) дедилар: «Шайтон алайҳиллаъна Аллоҳга айтди: “Эй Раббим! Иззатинг ва жалолингга қасам, модомики бандаларинг руҳ­лари жасадларида экан, мен уларни адаштириш, куфр ва маъсиятга бошлаш ҳаракатида бўламан”. Аллоҳ таоло айтди: “Эй малъун! Иззатим ва жалолимга қасам. Бандаларим Мени зикр қилишда ва Мендан истиғфор сўрашда бардавом бўлар экан, Мен ҳам уларни кечиришда давомли бўламан».

Яна ояти каримада бундай дейилади:

«У (аламидан) деди: “Қасамёд этаман, мени янглиштир­ганинг боис Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра уларни (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдила­ридан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томон­лари­дан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг кўпчилиги­ни шукр қилувчи ҳолда топмайсан”» (Аъроф, 16–17).

Шайтони лаъин мўмин кишини шундай боши берк кўчаларга етаклар экан, бундан сақланишда қўрғон бўлувчи нарсаларни ҳам билиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Каъбул Ахбор (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор: масжид; Аллоҳни зикр қилиш; Қуръон ўқиш”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи васаллам) бир куни масжиддан чиқдилар. Қа­расалар, эшик олдида шайтон турибди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сени масжид олдига нима олиб келди, эй малъ­ун?!” дедилар. У: “Эй Муҳаммад! Мени Аллоҳ юборди”, деди. “Ни­ма учун?” деб сўраганларида, “Сиз хоҳлаган масала ҳақида мендан сўрамоғингиз учун”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) шайтондан биринчи сўраганлари намоз ҳақида бўлди:

– Эй Иблис! Нима учун умматимни жамоат билан намоз ўқишдан қайтарасан?

– Агар умматингиз намозга келса, мен иситмалай бошлай­ман. Бу иситма улар тарқалгунича мендан аримайди.

– Нима учун умматимни Қуръон қироатидан қайтарасан?

– Улар қироат қилаётган вақтларида мен қўрғошиндек эриб тугайман.

– Нима учун умматимни ҳаждан қайтарасан?

– Улар ҳажга борса, бўйним ва қўл-оёқларимга занжир соли­нади. Агар улар садақа берса, бошимга арра қўйилиб, ўтин арра­лангандек арраланаман”».

Ҳикоя қилинишича, қадим замонда Иблис (алайҳилаъна) одам­ларга кўринар экан. Шунда бир киши унга: “Эй Абу Мурра! Ни­ма қилсам, сендек бўламан?” дебди. У: “Сенга вой бўлсин! Бирор кимса мендан буни талаб қилмаган эди, сен нима учун буни сўраб қолдинг?” дебди. “Мен сени яхши кўраман”, дебди ҳалиги киши. Шунда шайтон: “Агар менга ўхшашни хоҳласанг, намозга бепарво бўл ва ёлғондан ҳам, ростдан ҳам қасам ичавер”, дебди. Кейин у кимса: “Аллоҳга қасам, энди ҳеч намозни тарк қилмайман ва қасам ҳам ичмайман”, дебди. Иблис айтибди: “Сендан ўзга бирор кимса ҳийла билан мендан насиҳат олмаган эди. Энди бирор кимсага насиҳат қилмайман”.

Донишмандлар айтган экан: “Ким орифлардан бўлишни ва шайтондан қутулишни истаса, тўрт нарсани билиб олиши лозим: Иблис ва у хоҳлаган нарсани; нафс ва унинг хоҳишини; ҳавойи хоҳиш ва у истаган нарсани; дунё ва унинг хоҳишини. Иблис дининг кетишини ва ўзи билан бирга абадий дўзахда қолишинг­ни хоҳлайди. Нафс эса, гуноҳларни ва ибодатни тарк этишингни истайди. Ҳавойи хоҳиш шаҳватларни ва ижтиҳод таркини истай­ди. Дунё эса дунё ишларини охират амалларидан афзал кўришингни хоҳлайди. Ким бу нарсаларни билиб олса, орифлардан бўлади. Ким шайтонга итоат қилса, шайтон каби дўзахда абадий қолади. Ким нафсга итоат қилса, маълум муддат азобланади. Ким ҳавои хоҳишга эргашса, ҳисоби қаттиқ бўлади. Ким дунёга итоат қилса, дунёю охиратда ҳасратда қолади”.

Жунайд Бағдодий айтади: “Банда билан Аллоҳ ўртасида тўрт денгиз бор, уларни кечиб ўтмагунча Аллоҳ розилигига етишиб бўлмайди. Бири – дунё, унинг кемаси зуҳддир; иккинчиси – халқ, унинг кемаси узлатдир; учинчиси – иблис, унинг кемаси душманлигини билиб, ундан сақланишдир; тўртинчиси – нафсдир, унинг кемаси тилаганини бермасликдир”.

Шайтон инсонга ҳар хил томондан ва ҳар кўринишда келиши мумкин. У хоҳлаган нарсанинг суратига кира олади. Мўмин киши шайтон ва унинг зурриётлари ёмонлигидан ҳамиша паноҳ тилаб юриши лозим.

Умар (розияллоҳу анҳу) айтди: “Шайтон зурриёти тўққизтадир: Залитун, Васийн, Лақус, Аъвон, Ҳаффоф, Мурра, Мусаввит, Досим, Валҳон.

Залитун бозордаги ҳолатларда инсонларни йўлдан уради. Васийн мусибат чоғи васваса қилади. Аъвон салтанат ишида султонга васваса қилади. Ҳаффоф маст қилувчи ичимлик ичганда йўлига солади. Мурра сурнай чалганда шериклик қилади. Лақус ўт-оловда шериклик қилади. Мусаввит тарқатган пуч хабарларни инсонлар оғиздан-оғизга олиб юришади, аслида у хабарнинг асли бўлмайди. Досим киши уйига кирса, салом ҳам бердирмайди, Аллоҳ исмини ҳам зикр эттирмайди. Одамлар орасига низо солиб талоқ, жанжал, уруш кабиларни келтириб чиқаради.Валҳон таҳорат, намоз ва бошқа ибодатларда васваса қилади”.Шайтонга эргашиш хорлик ва фақирликдан бошқа нарсага олиб бормайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

 «Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 268).

Шайтон инсонга душманлиги туфайли уни Аллоҳ йўлида эҳ­сон-садақалар қилишдан қайтаради ва шунинг билан бирга уни ёмонлик, фаҳш ва гуноҳ ишларга пул, бойлик сарфлашга буюради.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу оятда икки нарса Аллоҳдан ва икки нарса шайтондандир” (“Тафсири Қуртубий”, 2-­жилд, 214-б.). Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласига ҳамроҳлик қилади ва фаришта ҳам одам боласига ҳамроҳлик қилади. Шайтоннинг ҳамроҳлиги ёмонликка ундаш ва ҳақиқатни инкор этишдир. Фариштанинг ҳамроҳлиги яхшилик­ка ундаш ва ҳақиқатни тасдиқлашдир. Ким бунга йўлиқса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ким бошқасини кўрса, шайтондан паноҳ тиласин”, дедилар ва Бақара сураси 268-оятни ўқидилар» (Имом Термизий), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.).

Наққош айтади: “Оятдан маълум бўлади, фақирлик бойлик­дан афзалдир. Чунки шайтон инсонни эҳсон қилсанг, камбағал бўлиб қоласан, деб (бойларни) қўрқитади” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.). Ибн Атийя айтади: “Оятда фақир бўлиб қолишга қатъий ҳужжат йўқ, балки фақирликка қарши кучли далил бор” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Ривоят қилинишича, Тавротда бундай дейилган: “Бандам, ме­нинг ризқимдан инфоқ қил, сенга кенгчиликни инъом этаман, чунки Мен сахийларнинг сахийиман”. Бу сўзнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам зикр қилинган:

«Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлагани­га ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”» (Сабаъ, 39), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Инсон ким дўсту, ким душман эканини аниқ билиб олиши лозим. Ояти каримада:

 «Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинг! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бў­лишга даъват қилур» (Фотир, 6), дейилган.

Икрима (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши одамларнинг бир дарахтга қараб ибодат қилаётганини кўриб қолди ва қаттиқ ға­забланди. Дарахтни чопиб ташлаш учун қўлида болта билан йўлга тушди. Шунда унга шайтон одам суратида йўлиқиб: “Қаерга кетяпсан?” деди. У: “Одамлар сиғинаётган дарахт олдига. Аллоҳга қасам, уни кесиб ташлайман”, деди. Шайтони лаъин: “Дарахт би­лан нима ишинг бор. Уни ўз ҳолича қолдир”, деди. Ҳалиги киши кўнмагач, иккаласи олиша кетди. Киши шайтонни уч марта йи­қитди. Шайтон енгилгач: “Уйингга қайтсанг, сенга ҳар куни тўрт дирҳамдан бериб тураман”, деди. Киши рози бўлиб, қайтиб кетди. У бир неча кун давомида кўрпаси остидан тўрт дирҳамдан пул топди. Сўнгра пул кўринмай қолди. Шунда яна болтани олиб, эшагига минди ва дарахтга қараб йўл олди. Шайтон унга олдинги суратида кўриниб: “Қаерга кетяпсан?”, деди. “Анави дарахтни чопиб ташлаш учун кетяпман”, деди аввалгидек. Шайтон: “Бу се­нинг қўлингдан келмайди”, деди. Яна иккалови уришди. Бу сафар шайтон уни уч марта йиқитди. Киши ажабланиб: “Қандай қилиб сен мени йиқитдинг, ахир олдин сени осонликча йиқитган эдим-ку?!” деди. Унга жавобан шайтон: “Сен аввал Аллоҳ учун чиққан эдинг, агар барча ёрдамчиларим йиғилганида ҳам сени енга олиш­масди. Аммо бу гал кўрпачанг остидан топа олмаганинг дирҳамлар учун чиқдинг. Шу сабабли сени осонгина йиқитдим. Бас, сен бу йўлингдан қайт. Агар қайтмасанг, каллангни оламан”, деди. Киши уйига қайтиб кетди».

Муҳаммад ибн Дурий айтади: “Шайтон (яъни, Иблис) беш нар­са сабабли бахтсиз бўлди: гуноҳларига иқрор бўлмагани сабаб­ли; надомат қилмагани сабабли; нафсига маломат қилмагани сабаб­ли; тавбага қасд этмагани сабабли; Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид бўлгани сабабли”.

Аллоҳ таоло барчамизни шайтоннинг ёмонлигидан асрасин, омин!

 

Шайтоннинг адовати

Аллоҳ таоло айтади:

 «Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Нур, 21).

Шақиқ ибн Балхийдан ривоят қилинади: «Иброҳим ибн Адҳам Басра бозорларида юрганида у кишининг атрофида одамлар тўп­ланиб: “Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган. Аммо биз анча вақтдан бери дуо қиламиз-у Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилмаяпти”, дейишди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам қуйидагича жавоб берди: “Эй Басра аҳли! Қалбларингиз ўн нарса сабабли ўлган, энди қандай қи­либ Аллоҳ дуоларингизни ижобат этсин?! Биринчиси, Аллоҳни та­нийсизлар-у, ҳақини адо қилмайсизлар. Иккинчиси, Қуръони каримни ўқийсизлар, лекин унга амал қилмайсизлар. Учинчиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъ­во қиласизлар-у, у кишининг суннатларини тарк этасизлар. Тўртинчиси, шайтонга душманликни даъво қиласизлар, аммо унга итоатдасизлар. Бешинчиси, жаннатга киришни хоҳлайсизлар, ле­кин бунинг учун амал қилмайсизлар. Олтинчиси, дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар-у, ўзларингизни унга отасиз­лар. Еттинчиси, “Албатта ўлим ҳақ” дейсизлар, бироқ унга ҳозир­лик кўрмайсизлар. Саккизинчиси, биродарларингиз айблари билан шуғулланиб, ўзларингизнинг айбларингизни кўрмайсизлар. Тўққизинчиси, Парвардигорингиз неъматларини еб, Унга шукр қил­майсизлар. Ўнинчиси, марҳумларни дафн қиласизлар-у, ўлим­лардан ибрат олмайсизлар”».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни лаънати шайтондан: “Умматимдан дўстларинг қанча?” деб сўраганларида, шайтон: “Улар ўн нафардир: золим имом; мутакаббир инсон; молни қаер­дан топиб, қаерга сарфлаётганига эътибор бермайдиган бой; амирлар зулмини тасдиқловчи олим; хиёнатчи савдогар; молни арзонлигида олиб, қимматлашганида сотувчи; зинокор; судхўр; молни ўрнига сарфламайдиган бахил киши; ароқ ичувчи”, деди».

Хабарларда келишича, намоз вақти бўлганида лаънати иблис лашкарларига одамлар олдига бориб, уларни намоздан чалғитишга буюради. Шайтонлар намоз ўқишни хоҳлаб турган одамлар олдига келиб, уларни васваса қилади, ҳатто намоз вақти ўтиб кетганини сезмай қолишади. Агар бунга қодир бўлмаса, намозда руку, сажда, қироат ва тасбеҳларни тўкис қилишга халақит беради. Агар буни уддалай олмаса, уларнинг қалбини дунёвий ишлар билан машғул қилиб қўяди. Буларнинг барчасига қодир бўлмагач, хасталаниб, умидсизланган ҳолда қайтиб кетади. Иблис эса бу шайтоннинг қўл-оёғини боғлатиб, денгизга улоқтирғизади. Борди-ю бу ишлардан бирортасини эпласа, уни иззат-икром қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одам боласи учун шайтондан бир вакил, фариштадан бир вакил бўлиб, шайтоннинг вакили ёмонлик ва ёлғонга, фариштанинг вакили эса яхшилик ва ростликка чақиради. Ким буни сезса, Аллоҳ тарафидан эканини билсин ва Унга ҳамд айтсин. Ким аввалгисини сезса, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тиласин”. Фаришта ҳам, шайтон ҳам инсон қалбини тўлқинлантиради. Фақат фариш­таники илҳом, шайтонники васваса дейилади.

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билгил, сенинг тўртта душ­ма­нинг бўлиб, уларнинг ҳар бири билан курашишга муҳтожсан. Би­ринчиси дунёдир. Зеро, Аллоҳ: “Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўй­масин(Луқмон, 33), деган. Иккинчиси нафсинг, у душман­ларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душманларингнинг энг ёмони ўз нафсингдир”, деганлар. Сўнгра жинлардан бўлган шайтондир, Аллоҳдан унинг ёмонлигидан па­ноҳ беришини сўра. Зеро, Қуръони каримда: Албатта, у (шайтон) сизлар учун очиқойдин душмандир(Ёсин, 60), дейилган. Тўр­тинчиси, одамлардан бўлган шайтонлардир, улардан эҳтиёт бўл. Чунки у жинлардан бўлган шайтондан ҳам қўрқинчлироқдир. Жинлардан бўлган шайтонлар фақат васваса билан адаштирса, одамлардан бўлган шайтонлар юзма-юз туриб адаштиради”.

Ҳотамул Асом айтди: «Ҳар куни эрталаб мендан шайтон бун­дай деб сўрайди: “Нима киясан? Нима ейсан? Қаерда турасан?” Мен унга бундай жавоб бераман: “Ўлимни ейман. Кафанни кияман. Қабр­да тураман”».

Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтди: “Олти хислатга эга ки­ши­да жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга кириб қолиш хавфи бўл­майди:

  1. Аллоҳни таниб, унга итоат қилса.
  2. Шайтонни таниб, унга осий бўлса.
  3. Охиратни таниб, уни изласа.
  4. Дунёни таниб, уни тарк этса.
  5. Ҳақни таниб, унга эргашса.
  6. Ноҳақни таниб, ундан четлашса”.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Аллоҳ таоло шайтонга Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, у кишининг саволларига жавоб беришни буюрди. Шайтон ҳассали чол кўри­нишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Шайтонман”, деди у. Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. “Аллоҳ мени са­волларингизга жавоб бериш учун юборди”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй иблис, умматимдан сенинг нечта душманинг бор?” деб сўрадилар. Шайтон қуйидагича жавоб берди: “Ўн бешта. Сиз уларнинг энг биринчисисиз. Сўнг одил бошлиқ, камтар бой, ростгўй савдогар, намозларини хушу би­лан ўқийдиган олим, насиҳат қилувчи мўмин, раҳмдил мўмин, тавбасида собит турувчи, ҳаромдан тақво қилувчи, доимий таҳо­ратда бўлувчи мўмин, кўп садақа қилувчи, хулқи чиройли мўмин, одамларга фойдаси тегувчи, Қуръонни ёдлаб, уни қироат қилувчи киши ва одамлар ухлаётганида кечалари туриб, намоз ўқувчи”.

 

Шайтондан паноҳланиш

Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зул­мат­га чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёл­лар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлиги­дан”» (Фалақ, 1–5).

Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини анг­ла­тади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ер­ни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.

Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан па­ноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий ка­сал­ликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳи­моя­ланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан таш­қари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлган­даги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлу­қотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: Паноҳ тилаб илтижо қилур­ман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) вас­васа қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дил­ла­рига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинси­дандир”» (Нос, 1–6).

Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатла­ри­ни адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нар­саларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан ке­йин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир ку­ни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:

– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:

– Сеҳрланибди, – дер эди.

– Ким сеҳрлабди?

– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.

– Сеҳрни нимага ўқибди?

– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.

– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?

– Зарвон номли қудуқда.

Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, битта­дан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нос, Фалақ ҳамда Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳдан сўраганлар.

Термизий Уқба ибн Омирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло менга мисли кўрил­маган оятларни нозил қилди”, дедилар ва “муъаввизатайн” сураларини ўқидилар».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Нос сурасининг тўртинчи ояти тафсирида бундай деган: “Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олган, агар инсон Аллоҳни унутиб зикридан ғофил бўлса, уни васваса қилади. Аллоҳни зикр этса, шайтон ўзини четга олади”.

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикоф ўтирганларида София бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо) онамиз у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиёрат­ларига келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тун бўлганидан Со­фия онамизни уйларига кузатиш учун чиқ­қанларида икки ансорийга дуч келдилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргач, тез юриб кетишди. Шунда Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам): “Шошманг, бу София бинти Ҳуяй”, дедилар. Улар: “Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ” (Аллоҳ бизни ёмон ўйга солишдан покдир), дейишди. Расулул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласининг қон йўл­ларида юради. Мен унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим”, дедилар.

Имом Аҳмад Абу Тамимадан ривоят қилади: «Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир эшакка мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшаклари қоқи­либ кетди. Мен: “Бадбахт шайтон”, дедим. “Бадбахт шайтон”, де­ма. Агар “Бадбахт шайтон” десанг, у кибрланиб: “Буни ўз қувватим билан қилдим”, деб семиради. “Бисмиллаҳ” десанг, хорланиб, пашшадай бўлиб қолади”, дедилар».

Бу ҳадис шунга далолат қилади, қалб қачон Аллоҳни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб бўлади. Агар банда Аллоҳ зикрини унут­са, шайтон кучаяди.

Аллоҳ таоло бизларга раҳмати билан инсу жин ва шайтонлар ёмонлигидан сақланиш йўлларини ушбу сурада билдирган. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубият, подшоҳлик ва улуҳият сифатлари билан дунё ҳамда охиратда ҳимоя қилишини баён этган.

Аллоҳ таоло бутун махлуқларнинг Раббидир. Аммо Нос сурасида фақат “Роббиннас” яъни, одамлар Парвардигори, дейил­ган. Бунинг боиси иккита: биринчиси, кўп инсонлар ўзларини улуғ санайди. Қанча улуғ бўлишмасин, уларнинг Рабби борлигини эслатиб қўйишдир. Иккинчиси, инсонлар ёмонлигидан асраш­ни сўрашни буюриб, инсонни одамлар ёмонлигидан Унинг Ўзи­гина асрашини билдиришдир.

Подшоҳлик ва Улуҳият сифатларини эслатиш билан эса, ин­сонларнинг подшоҳлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи Аллоҳ таоло Унинг Ўзи эканини, У Зот одамларнинг ёлғиз илоҳи ва маъбуди эканини билдириб, инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғи­ниб, Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозимлиги баён этилмоқда.

Ушбу сурада инсонни васваса қилувчи жинларнинг шайтони бўлиши айтилган. Ҳасан айтади: “Васваса қилувчи икки шайтон­дир. Жинлар шайтони инсонлар қалбида васваса қилади. Ин­сон­лар шайтони очиқчасига келади” .

Қатода айтади: “Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан паноҳ сўранг”.

Фалақ сурасида Аллоҳ таолонинг бир сифати – “Роббил фалақ” (“Тонг Парвардигори”)ни ёд этиб, уч офатдан: “зулумот кеча”, “жодугар аёллар” ва “ҳасадчилар” ёмонлигидан асрашни сўраш буюрилган. Нос сурасида эса, Аллоҳ таолонинг уч сифати: “рубубият”, “под­шоҳлик” ва “улуҳият”ни ёд этиб, қалбга солинадиган васвасасидан асрашни сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоя­сидан кўра, дин ҳимояси муҳимроқдир. Динга етган озгина зиён дунёга етган кўп зиёнлардан оғирроқдир.

Бу икки суранинг фазилати жуда улуғ экани муҳаддислар томонидан айтиб ўтилган.

Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, деб айтдилар, де­йилган.

Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларни ўқиш­ни буюрдилар”, дейилади.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қил­ган яна бир ривоятда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи васаллам) билан бирга тоғ йўлларида кетаётган эдим, Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Уқба, миниб олмайсан­ми?” деганларида, мен: “Гуноҳ бўлиб қолмасин, деб шафқат қилдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уловлари­дан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) яна уловларига миниб: “Эй Уқба! Мен сенга одам­лар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат ай­тилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликка ўтиб, намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Бир куни менинг олдимдан ўтаётиб:“Эй Уқба, ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан?” дедилар».

Имом Насоий Ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятда бундай келади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ибн Обис, сенга паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсанинг энг афзали ҳақида хабар берайми?” деганларида, мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, дедилар».

Судай ибн Ажлондан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга учта сура ўргатайми? У каби суралар Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам йўқ. Ўша уч сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларидир”, дедилар.

Имом Бухорий ва “Сунан” китоби эгалари “Шифо талаб қилиш боби”да бу уч сура ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан қил­ган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча ухлашларидан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, кафтларига дам урар, қодир бўлганларича уни баданларига сурардилар. Бошлари, юзлари ва гавдаларининг олди томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ри­вояти).

Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солди: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка мин шарри кулли ҳасидин ва ъайнин валлоҳу яшфийка”. Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сизга шифо берсин”.

Имом Термизий Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қил­ган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) (икки “Қул аъузу…” сураси тушишидан олдин) жин ва инсон­лар­нинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Шу икки паноҳ сў­ралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганидан кейин бу икковидан бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.

Имом Молик Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилган ривоятда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор касалликка чалинсалар, икки “Қул аъузу…” сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирроқ бўлга­ни­да мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун қўлларини уш­лаб ўзларига сурар эдим”.

Фалақ сурасининг илк оятида жами махлуқотлар ёмонлиги­дан паноҳ сўраш умумий қилиб айтилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирил­ган уч тоифа зикр этилмоқда. Булар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.

Бу сурадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, жум­ладан:

  1. Сура инсонларга дунё ва охиратдаги ёмонликларнинг бар­часидан – инсон, жин, йиртқич, ҳашарот, олов, гуноҳ, нафс хоҳи­ши, ишларнинг ёмони ва бошқа махлуқотлар, ҳатто ўз нафсидаги ёмонликлардан ҳам паноҳ тилаш йўл-йўриқларини ўргатмоқда.
  2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) паноҳ сўраб юриш­лари учун сура нозил қилинишида бирор тақиқ йўқ. Сеҳр ҳақидаги ҳадис саҳиҳдир. Ҳеч қачон ўша ҳадис Қуръон оятла­ри­га зид бўлмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сеҳр қилинишлари фақат енгилгина бош оғриғи каби дунёга тааллуқ­ли баъзи ҳолатларда бўлган, холос. Ҳадисдаги ўша сеҳр ваҳима маъносидадир. Худди бу ваҳима уйқуда ҳам содир бўлади. Аммо сеҳргарлар мутлақо ақлий бошқарувларига таъсир ўтказишол­май­ди. Ваҳий ва рисолатга таъсир ўтказиш иложсиз. Чунки Аллоҳ таоло ваҳийни ёмонликларнинг ҳар туридан, фикрлар арала­шиб кетишидан ва асаб изтироблари бўлишидан сақлаган. Аллоҳ тао­ло бу сўз исботи учун Моида сураси 67-оятда “Аллоҳ сизни одам­лардан (уларнинг зараридан) сақлагай, деб айтган.
  3. Аллоҳ таоло паноҳ сўраш йўл-йўриқларини ўргатиб, уч тои­фа нарсадан паноҳ сўрашни хосламоқда.

Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки Имом Розий зикр қилганидек, қоронғилик тушиши билан йиртқичлар инидан, ҳашаротлар маконидан чиқади ва ўғри-муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қилади. Ёнғин кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмонлик ва фасод кишилари ҳам кечаси қўзғалади.

Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмон­лиги. Тугун каби турли воситалар билан одамларга зарар етка­зув­чи фолбин, коҳин, сеҳргарлар барча замонларда бўлган.

Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлиги. Бош­қаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматлар йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ҳавас қи­лади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деганлар.

Уламолар: “Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга кири­шига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қо­қилтириш кабилардир. Биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга (алай­ҳиссалом) ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир”, деб айтган.

Уламолар яна шундай дейди: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳ­нинг қудрати ва изни билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказади, холос. Аллоҳ таоло Бақара сураси 102-оятда: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар, деган. Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, динимиз вабо, сил каби зоҳи­ри юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан эҳтиёт бўлгани каби».

  1. Аксар уламолар дам солиш жоиз, деган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бемор бўлганларида Жаброил (алайҳиссалом) келиб қуйидаги сўзлар билан дам солган: “Бисмил­лаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка, валлоҳу яшфийка”. Маъноси: “Ҳар бир азият берувчи нарсадан Аллоҳнинг исми ила дам соламан, Аллоҳ шифо берсин”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча оғриқларда ва иситма чиққанида “Бисмил­лаҳил карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ъирқин нар ва мин шарри ҳаррин нар” дуосини ўқишни ўргатдилар». Дуонинг маъноси: “Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида “Асъалуллоҳал ъазийм Роббал ъаршил ъазийм ан йашфийака” дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб, шифо беради», дедилар. Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббисидан сенга ши­фо беришини сўрайман”.

Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал кўргани кирсалар, “Ал­ло­ҳумма Раббаннас, азҳибил баъса ишфи анташ Шафий, ла шифа ил­ла шифоук шифаан ла юғодиру сақома”, деб дуо ўқирдилар. Маъ­но­си: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, қийинчиликларни кетказ, Ўзинг ягона шифо берувчисан, шифо бер, шифонгдан бош­қа шифо йўқ, шундай шифо бер, у ҳеч қандай касалликни қолдир­масин”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнларга “Уъий­зукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ” дуосини ўқиб паноҳ ти­лар­дилар. Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сиз ик­кин­гизга паноҳ тилайман”.

Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен қув­ватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борсам, у зот (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта “Бисмиллаҳ, аъузу биъиззатиллаҳи ва қуд­ра­ти­ҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру”, деб айтгин”, дедилар». (Маъ­но­си: “Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимдаги хавфсираёт­га­ним бу нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.) Айтганларини ба­жар­ган эдим, Аллоҳ менга шифо берди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилиб, би­рор манзилга тушадиган бўлсалар, “Я арзу Раббий ва Раббу­килла­ҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йах­ружу минки ва шарри ма йадиббу ъалайки, аъузу биллаҳи мин асад ва асвад ва ҳаййа ва ъақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидин вама валад”, деб айтардилар. Маъноси: “Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳ­нинг номи билан сенинг ёмон­лигингдан, сендаги ёмонлик­дан, сенинг ичингдан чиқарил­ган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганлар ёмонлиги­дан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахс­лардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман”.

Юқорида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жасадларини бирор беморлик безовта қилса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад…” ва икки “Қул аъузу…” сураларини ўқиб, ўнг кафтларига дам уриб, ўша жойла­рига суришлари айтиб ўтилди.

Энди дам уриш пайтида “суф”, дейиш Ойша (розияллоҳу ан­ҳо)­дан қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: “Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дам солаётганларида “суф”лардилар”.

Имом Боқир эса, ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуо­ларни ёзиб осиб қўйишни жоиз, деган. Аммо маъноси тушу­нил­майдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилади. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчамизни ёмонликлардан Ўзи асрасин, омин!

 

Ноумид – шайтон

Мўмин банда, агар гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳмати­дан асло умидсиз бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бун­дай дейилган:

«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўл­манг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”» (Зумар, 53).

Бу оят, Ибн Касир таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имо­ни қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, денгиз кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳлари­ни Аллоҳ таоло фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳа­дислардан маълумдир (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, ёмонлик ортидан дарҳол яхшилик қилиш гуноҳ­ни ювиб юбориши ҳам ҳадисларда айтилган (Имом Термизий ри­вояти).

Ояти каримада эса:

 «Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳ­лар­ни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд, 114), де­йилган.

Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқарилган. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намоз­лари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақ­ти, деб таъвил қилиш мумкин (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Абу Нуъайм “Ҳиля”да Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­лади: «Агар бир жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан ташқари барчангиз жаннатга кирасиз!” деса, мен ўша киши эмасмиканман, деб қўрқаман. Агар жарчи нидо қи­либ: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан бошқа барчангиз дў­зах­га кирасиз!”, деса, ўша бир киши мен бўлсам, деб умид қи­ла­ман”, деди».

Табаронийдан ривоят қилинади: “Абу Фарва исмли бир одам келиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан:

– Бошдан-оёқ гуноҳга ботган, қилмаган номаъқулчилиги қол­маган бир кимса тавба қилса бўладими? – деб сўради.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:

– Сен мусулмон бўлганмисан? – дедилар.

– Ҳа.

– Ундай бўлса, бундан кейин ёмонликларни ташлагин-да, ҳа­ми­ша яхшилик қил. Аллоҳ таоло сенинг аввал қилган гуноҳла­рингни яхшиликларга айлантиради.

– Барча хиёнату сохтакорликларимни ҳамми?

– Ҳа.

У одам такбир айта бошлади ва чиқиб кетди. Кета-кетгуни­ча (бизга кўринмай қолгунича) такбир айтди”.

Инсон ҳеч қачон ноумид бўлмаслиги керак. Донолар: “Уми­дини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деб бежиз айтишмаган.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм